Бош саҳифа / Жамият / Тадбиркор аёл

Тадбиркор аёл

Жорий йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб номланиши мамлакатимиз аҳолиси, хусусан, тадбиркорлик субъектларига илҳом бағишлади.

Шу жумладан, ўтган 2018 йил мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, қишлоқ хўжалиги ва ижтимоий ҳаётида бир қатор ютуқ ҳамда муваффақиятларга бой бўлди. Аҳолининг даромадлари, жумладан, ЯИМ миқдори ошиб, ҳаётимиз кун сайин фаровонлашмоқда. Бугун юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро эскича анъаналардан воз кечиб, инновацион ғоялар сари талпиниётганлиги ижобий ҳолат. Тадбиркорларимизнинг саъй-ҳаракатлари боис иқтисодиётимиз тараққий этмоқда. Таъбир жойиз бўлса, шўрчилик Гулсара Тангирова ҳам ана шундай юртпарвар тадбиркорлардан.

“Шўрчи дон омад” МЧЖ раҳбари Гулсара Тангирова бугун ёки кеча тадбиркор бўлиб қолгани йўқ. Кўп йиллар ҳаётнинг аччиқ-чучугини татиб кўрди. Бирда иши юришса, баъзида бир парча қотган нонга кифоя қилди.

— Саккиз йил тандирда нон ёпиб, турмуш ўртоғим билан бирга бозорда сотганмиз. Пулга зориққан пайтларимиз кўп бўлган, болаларимиз ёш эди, аммо бирон марта ҳам маҳалладан моддий ёрдам сўрашни ўзимизга лозим кўрмаганмиз. Тўғри-да, одам ижтимоий-моддий ёрдамга суяниб қолмаслиги керак. Одам ишласа, ҳаракат қилса, йўқни йўндиради, фақат лоқайд одамгина кимдандир имдод, ёрдам кутиб ўтиради. Ҳаракатга барокат, дейишган. Қимирлаган қир ошибди. Худога шукр, у дамлар ортда қолди. Мана, бугунги кунда кўп тармоқли тадбиркормиз, — дейди Гулсара Тангирова.

 Ушбу МЧЖ кўп тармоқли корхоналар сирасига киради. Жумладан, 2014 йилда тумандаги “Ободон” маҳалласи ҳудудида пахта цехи, 2017 йилда эса қолипли нон цехи, ўтган йилнинг февраль ойида эса Шўрчи ун заводи қошида тикувчилик цехи ишга туширилди. МЧЖ фаолияти Гулсара опанинг саъй-ҳаракатлари боис кун сайин тараққий топмоқда. Биргина тикув цехининг ўзида 22 та янги иш ўрни яратилди. Шунинг 3 нафари коллеж битирувчисидир. Цехда пахталик матодан замонавий пишиқ ва пухта, жаҳон стандартига мос кўрпа, ёстиқ, матрас, чойшаб каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Мақсад, ушбу маҳсулотларни Россия давлатига экспорт қилиш. Москва, Новосибирск каби йирик шаҳарлардаги айрим корхоналар билан экспорт шартномалари имзоланган. Цехда сўнгги русумдаги 11 та тикув машинаси мавжуд.

— Олтинсой ахборот технологиялари ва сервис касб-ҳунар коллежини тикувчилик йўналиши бўйича битирганман. Ўқиш даврида шу ерда амалиёт ўтаган эдим. Бу ердаги шароит, имконият менга маъқул келганлиги учун шу корхонада ишлашга қарор қилдим. Ишларим яхши, ўз мутахассислигим бўйича ишлаяпман, — дейди Феруза Абдужабборова.

Гулсара опа бугунги имкониятлардан кенг фойдаланиш мақсадида болалар боғчаси қуришни режа қилган эди. Унинг ана шу орзуси ушалди. Ўзининг ҳовлиси ёнидан имтиёзли кредит асосида замонавий типдаги боғча қурмоқда. Давлат дастури асосида бунёд этилаётган ушбу 210 ўринли Уйғун номли инновацион мактабгача таълим муассасаси қуриш ишлари якунланиш арафасида. Бу ишлар учун 2 миллиард 640 миллион сўм кредит маблағи ажратилган. Агар мактабгача таълим муассасаси ишга тушса яна кўплаб иш ўринлари яратилади. Шунингдек, 8 сотих ерда иссиқхона ташкил этилган. Бу ерда лимон, помидор ва бодринг каби маҳсулотлар етиштирилмоқда.

Ўтган йил Гулсара опа учун ютуқ ва муваффақиятларга бой бўлди. Ҳар йили Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси томонидан анъанавий тарзда “Йил аёли” кўрик-танлови ўтказиб келинади. Камтар, камсуқум, ўз ишининг устаси бўлган Гулсара опа танловнинг вилоят босқичида биринчиликни қўлга киритиб, республика босқичида муваффақиятли иштирок этди. 2018 йилнинг декабрь ойида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Йил аёли — 2018” танловининг республика босқичида “2018 йилнинг энг яхши тадбиркор аёли” номинацияси бўйича ғолибликни қўлга киритиб Сурхон воҳаси аёлларига хос бўлган шижоат намунасини кўрсатди. Унинг бу муваффақияти бир зумда бутун мамлакатга овоза бўлди. Интернетдаги ижтимоий тармоқлар орқали Гулсара опага йўлланган кўплаб табрик ва қутловларни ўқиш мумкин эди.

Юрган — дарё, ўтирган — бўйра, деган мақол бор. Гулсара опа бугун янги-янги ғоялар устида бош қотирмоқда. Бу ҳақда сўраганимизда, “Бу — бизнес сири”, дея ҳазилга йўйди. Бу ҳам муҳим.

Зеро, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад битта — халқимизни ҳаётдан рози, бой қилиш. Бу мақсадга кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш орқали эришиш мумкин. Зотан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади”. Тинч ва осойишта юртимизда бу сингари ютуқларга эришиш учун барча имконият эшиклари очиқ. Фақат ҳалол меҳнат қилинса, шунинг ўзи кифоя.

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сувга чўкишдан сақланинг!

Сўнгги вақтларда вилоятимиз ҳудудида фуқароларнинг, айниқса вояга етмаганларнинг сув ҳавзаларида чўкиб кетиши билан боғлиқ нохуш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE