Бош саҳифа / Жамият / Табиатнинг ўзи табиб

Табиатнинг ўзи табиб

Шифокор кўригига боргудек бўлсангиз, сизга қайсидир антибиотикни тавсия қилади. Аслида аксарият дори-дармон воситаларининг таркиби табиий ўсимликлардан тайёрланади. Инсонлар турли касалликларни даволашда ҳам айнан шифобахш ўсимликлардан фойдаланиб келганига тарих гувоҳ. Вилоятимиз табиий ўсимликлар, гиёҳларга бой.

Оддийгина шолғом мисолида оладиган бўлсак, уй шароитида ҳам етиштириладиган бу ўсимлик турли касалликларга даво ҳисобланишини кўпчилик билмаса керак.

Шолғом ўзида киши саломатлигига тиргак бўлувчи С витамини ва ўзига хос ҳид уфуриб турувчи глюкозид сақлайди. Пиширилганда шифобахшлиги ортади. У иштаҳани яхшилаб, асаб толаларини уйғотади. Шолғом халқ табобатида ўпка, нафас йўли касалликларида, жароҳат хуруж қилган пайтларда, юрак бетоқатланганда қўлланилади. Димланган шолғом эса меъда ичак йўли фаолиятини уйғунлаштиради.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, шолғомнинг таркибида натрий, калий, кальций, магний, темир, йод каби элементлар учрайди. Буюк аллома Абу Али ибн Сино шолғом уруғидан тайёрланган дорилар билан қовуқ, кўз ва тери касалликларини даволаган. Хусусан, бу сабзавоти кўриш қувватини яхшилашда, терининг совуқдан ёрилишларини даволашда ҳам тавсия этилади. Пишириб сиқиб олинган шолғом шарбати эса томоқ оғриғида, овоз бўғилганида яхши ёрдам беради. Суяк, тиш ва тирноқларни мустаҳкамлашда хизмат қилади. Уйқусизликда ҳам яхши фойда беради.

Ана энди олмани олайлик, унинг таркибида ҳам кўплаб шифобахш моддалар мавжуд, глюкоза, фруктоза, сахароза деб аталувчи қанд моддалари, органик моддалардан ҳисобланган пектин, микроэлементлардан темир, калий, марганец, мис, кобалт, Б1, Б2, ПП, К дармондорилар ҳам унинг шифобахшлигини кучайтирувчи омиллардир.

Айтишларича, боши оғриган беморга ҳар куни овқатдан олдин бир чой қошиқ асал билан, бир чой қошиқ олма сиркасини истеъмол қилиш буюрилар экан. Бундан ташқари, Ибн Сино бобомиз бел оғриғини, сурункали бодни даволашда олмадан фойдаланган экан.

Бундан хулоса чиқадики, табиат доривор ўсимликларга лиммолимдир. Уни фақат билиш ва фарқлаб тановул қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ибн Сино ҳазратлари айтганидек, ўсимликларнинг фойдали томонлари билан бирга, маълум даражада зарарли жиҳатлари ҳам бўлади. Билимсиз кишилар қўлида ҳар қандай дори оғудир, билимдонлар қўлида эса у ҳаёт абадийлигини таъминловчи шарбатга айланиши бежиз эмас.

Маржона УСМОНОВА,
Тошкент давлат аграр университети
Термиз филиали талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“СУРХОН ТОНГИ” МАКТАБИГАЧА…

Сурхондарёнинг олис тоғли бир қишлоғида шундай мактаб борки, ўзбек матбуотига олтита, “Сурхон тонги” мактабига икки …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan