Бош саҳифа / Таълим / Табиатга меҳр уйғотиб

Табиатга меҳр уйғотиб

Гулчирой Холматованинг ўқитувчилик касбини эъзозлаб келаётганига 24 йил бўлди. Бир пайтлар Термиз давлат университети биология факультетининг пешқадам талабаларидан бўлган Гулчирой Қодировна бугунги кунда халқ хўжалигининг турли жабҳаларида меҳнат қилаётган кўплаб кишиларнинг устози, тажрибали мураббий сифатида тилга тушган.

Дастлаб, 13 йил Денов туманидаги З6-мактабда ўқувчиларга таълим-тарбия берган изланувчан ва ўз касбини эъзозлашда бошқаларга намуна бўлган биология фани ўқитувчиси мана 11 йилдирки, тумандаги 14-мактабда фаолият юритмоқда.

Г. Холматова ўз фанини жуда севади ва тинимсиз ўқиб-изланади. Шунинг учун ҳам унинг шогирдлари туман ва вилоят миқёсидаги фан олимпиадаларида энг юқори ўринларни олиб келишмоқда. У фанини яхши билганлиги учун ҳам 2016-2017 йилларда туман мактаблари биология ўқитувчиларига семинар-дарслар ташкил қилиб берди. Муаллима ҳар бир дарсни кўргазмали қуроллар воситасида ўтади. Болаларни кўпроқ табиат қўйнига саёҳат ва экскурсияларга олиб чиқади, коллекция ва гербарийлар йиғишни ташкил қилади.

Март ойи мактабларда биология ойлиги деб эълон қилинган эди. Муаллима фан ойлиги доирасида 7-синф ўқувчилари ўртасида «Учамиз, сузамиз, сайраймиз « мавзуида тезкор викторина, 8-синф ўқувчилари ўртасида «Соғлом бўлай десанг» мавзуида тадбир,10-,11-синф ўқувчилари ўртасида «Экологик тарбия» мавзусида давра суҳбатлари ташкил қилди.

Таъкидлаш жоизки, тажрибали педагог ва тадбиркор раҳбар Сайёра Маҳмудова етакчилик қилаётган 14-мактабда Гулчирой Холматова каби ўз касбининг усталари бўлган мураббийлар кўп. Илмий ишлар бўйича директор ўринбосари И. Шоймардонов, ўқитувчилардан С. Турдалиева, Р. Ўроқова, Ш.Қурбонниёзова, Ҳ.Назирова, М.Ҳақбердиева, Р.Бобомуродова, Ў. Абдуллаевалар шулар жумласидандир. Шунинг учун ҳам мактаб ҳамиша энг илғор жамоалардан ҳисобланиб келмоқда.

С.МУҲАММАДИЕВА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маънавият сабоғи

Жойларда ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш, ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, таълим сифати назоратини кучайтириш ҳамда тарбия соҳасида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan