Бош саҳифа / Жамият / Табиат куйчиси эди

Табиат куйчиси эди

Ўзига хос ёзувчи эди. Менгзиё Сафаров ижодида умрининг охиригача она табиат бош мавзу бўлди. Адиб замондошларини табиатни севишга, англашга, авайлашга бонг уриб чақирар эди…

Она табиатга беҳад меҳри баланд бу инсоннинг яшаш, турмуш тарзи ҳам эътиқодига хос эди. Сурхон воҳасини пиёда кезишдан чарчамасди, Сурхон табиатини ўрганиб билганларини китоб қилди. У адабиётга романтик руҳдаги “Турналар учади” асари билан кириб келган эди. Асарда тарих ва табиатдаги муштараклик ёш қадимшунос образи орқали фалсафий тал- қин этилган, Далварзин- тепадаги кўҳна қадимий шаҳар харобалари ва унга ёнма-ён Сурхондарёсининг сўлим соҳилини шоирона тараннум этади.

Ёзувчи кейинчалик она табиатга боғлиқ дарду ташвишларини бевосита ҳаёт манзаралари орқали ёзишга интилиб “Олис қирлар ортида”, “Айришоҳ” каби асарларини яратди. Унинг қадимшунослиги ёзиш услубига қўл келарди.

Ўтган асрнинг етмишинчи йиллари эди. Тошкентда Менгзиё ака билан Навоий кўчасида археолог Рустам Сулаймоновни учратиб қолдик. Улар бир-бирларини жуда қадрлашар эканлар. Икки дўст қадимшуносликдаги янгиликлару муаммолар ҳақида қизғин сўзлашди. Суҳбат орасида Рустам Сулаймонов “Самарқанд да яшаяпман, ишим Қашқадарёда… Ўзингиз, нега археологиядан кетиб қолдингиз”, — деди. “Ҳа, мен энди адабиётга кетиб қолдим. Адабиётда кимдир археологияни оммалаштириши керак-ку”, — деди.

У чинданда бу оғир вазифани бўйнига олганди. “Она ер қўшиғи”, “Бақтрия”, “Тоҳаристон”, “Боботоғ” эсселарида қадимги аждодларимиз маданияти, турмуш тарзи билан боғлиқ осори-атиқаларни чиройли иншо қилди.

Ёзнинг сўлим кунларининг бирида Менгзиё ака оқ “волга” машинасида уйга келди. Шоир Хуррам Мақсадқулов, дўсти Ўроқ Қораев ва ўғиллари Илҳом, Адҳамлар ҳам бор экан. Машина салонида туриб, “Тез кийиниб чиқинг. Узунга, Хурсанд Мирзаевникига ўтамиз”, — деди.

Узунда Сурхон ва Қоратоғдарёнинг қўшилган жойида бизларни ижодкорнинг биродарлари кутиб олишди. Ой тўлган оқшом. Қуриган шох-шаббалардан гулхан ёқилган, қозонча шарақлаб қайнайди.

Узунда Сурхон ва Қоратоғдарёнинг қўшилган жойида бизларни ижодкорнинг биродарлари кутиб олишди. Ой тўлган оқшом. Қуриган шох-шаббалардан гулхан ёқилган, қозонча шарақлаб қайнайди.

Бизнинг даврадан ўн қадам нарироқда машина тўхтади. Ундан Абдураҳмон Тўраев, Зойир Мамажон, Шафоат Раҳматуллаев, Жума Пирназаров номли колхоз раиси Шерали, Умар Эгамбердиевлар тушди. Давра кенгайди. Кейин Менг зиё ака хаёлга толиб, шарқ ва ғарб фалсафасидан сўз очди. Евроцентризм қобиғига ўралган ғарб олимларини қаттиқ танқид қилди ва гап орасида туйқусдан: “Зойир, Мурод ўзи нималар қилаяпсизлар, иниларим” деб сўраб қолди. Зойир лўнда қилиб, “иккимиз ҳам тан қид ёзаяпмиз. Давр талабига асосан” деди. Менгзиё ака хомуш хаёлга толиб, кўзларини менга тикди ва “ҳа, шу бош оғриқ сенларга етмай турган эди. Бу ахмоқликни йиғиштир, ҳеч кимга обрў олиб келмаган. Бунинг ўрнига Юрий Осиповнинг “Табиат кундалигини” таржима қил. Ҳозирги вақтда рус тили гўзаллигини намойиш қилаётган ёзувчи у”, — деди. Суҳбатга Хуррам Мақсадқулов қўшилди. Уларнинг бирор суҳбати тортишувсиз ўтмасди. Менгзиё ака Хуррам акани гапиртириб, жиғига тегиш учун, баъзи маълумотларни атай чалкаштириб айтиб, соддадил Хуррам акани хуноб қиларди. Ўша ойдин тундаги балиқ шўрва устида суҳбатлар гоҳида Деновда, Илонсойда, Термизда давом этарди…

Менгзиё ака Рўзи Чориев, Шукур Холмирзаев, Низомжон Пардаларни жуда яхши кўрар эди. Ўзбекистон халқ рассоми Р. Чориев бир куни тонгда телефон қилиб: “Мурод, устахонамдан Менгзиё Сафаровнинг портретини ўғирлаб кетишибди. Биласанми, ким, Шукур! Ўзи телефон қилиб айтди, сўраса берардим-ку. Э, йўқ бермасдим, бу портретнинг жойи Термиз музейи! У ёққа бермоқчи эдим. Шукурчик билган бермаслигимни. У тўғри қилган экан“ — деб телефонни қўйиб қўйди. Шукур аканинг меҳри Менгзиёга бошқача эди. У портретни “Ўғирлаганини” боиси ҳам шунда эди-да.

Менгзиё Сафаров ҳаёт бўлганида бу йил 80 ёшни қаршиларди. Не деймиз, абадият олдида ожизмиз. Адибнинг ёр-биродарлари, фарзандлари, набира, чеваралари қалбида нурли хотираси уйғоқ. Китобхонлар севиб ўқийдиган асарлари кўнгилга таскин беради.

Мурод АМИН,
Ўзбекистонда
хизмат кўрсатган
маданият ходими

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE