Бош саҳифа / Жамият / Тақдир одамлари

Тақдир одамлари

Ийди Рамазон арафасида фахрий журналист Бозор Бибитов таҳририятимизга келиб, узоғу яқиндан, газетада меҳнат қилган йиллардан қизиқ гурунглар берди. Таассуф, бу учрашув сўнггиси бўлиши ҳеч биримизнинг хаёлимизга ҳам келмаганди.

Жарқўрғон туманининг қадимий Ҳайитобод тепаликлари ёнида, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Шермурод Бибитов оиласида туғилиб, ўсиб-улғайган ижодкор ёшлигидан журналист бўлишни ният қилди. Тумандаги 20-мактабни аъло баҳоларга тамомлаб, Тошкент давлат университетининг журналистика факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Шу йилдан эътиборан “Жарқўрғон ҳақиқати” газетасида ишлай бошлади. Газетхонлар унинг “Феруза” номли повести шу таҳририятда ишлаган кезлардаёқ ёзилгани ва катта шуҳрат қозонганини яхши билишарди. Ўн йилга яқин туман газетасида меҳнат қилган талантли журналистни “Ленин байроғи” ҳозирги “Сурхон тонги” газетасига ишга таклиф этишди. Юқорида айтганимиз, ёш журналистнинг қизғин ижодий фаолияти айни шу дамларга тўғри келганди. Шу боис, сўнгги учрашувдаги суҳбатлар  ҳам ўша йиллар хотиралари билан тўла эди:

— Сафаржон (Сафар ОМОНга юзланиб), мана 71 ёш билан юзлашаяпман. Мен газетага ишга келган чоғларингизни ҳозиргидай хотирлайман. Кўркам йигит эдингиз, бугун сочларингиз оппоқ қордек. Таҳририятимизда ажойиб устозларимиз, ҳамкасбларимиз бўларди. Айниқса, муҳарриримиз Саидмурод Жўрақулов ходимларга кўп меҳрибон эдилар. Газета бўлимларида Исомиддин Отақулов, Восит Воҳидов, Тансиқбой Тумишев каби одамохун, зукко қаламкашлар ҳам ишлашарди. Исомиддин ака мени “Роберт”, Олимжон Усановни “Гамлет” деб чорларди яқинроқ олиб (табассум қилади). Бир гал пойтахтдан келган қалам ҳақини олиши шов-шув бўлганди.  Гонорар ёзилган рақамлар атайлаб ўзгартирилган, бўлиб ўтган ҳангомалардан эса юраги увишадиган Исомиддин ака, “Роберт,  шу гонорарни сен бориб кўрсанг, олдинги сафар ёмон ҳазил қилишганди, тағин уятга қолмай-а?”, деб жўнатди мени. Шундай самимий, ниҳоятда соддадил, боладек беғубор, ўрни келганида даҳо инсон эдилар. Бу каби инсонлар атрофимизда кўп бўларди. Қаранг, ёшлик кетмайди, қалб қаримайди, дер эканмиз ўшанда. Гўё улар ҳамон тирикдек… Сурхон футболи тарихини ёзгандим, шуни газетага бермоқчиман…

Дарҳақиқат, таҳририятимизга кун ора фахрийларимиз келиб туришади, газетанинг янги сонларидан олиб, бир чимдим кулги, хотираларидан улашадилар. Фахрий ижодкор, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси Бозор Бибитов ҳам бир қўр шундай гурунглар бериб, одатига кўра ҳаммани кулдирди, сўнгра олис ва яқинлардан суҳбатлар қилди. Айтиш ўринлики, Бозор Бибитов ўтган асрнинг сўнггида иш бошлаган Сурхондарё вилоят телевидениесининг биринчи тележурналистларидан. Телевидениеда дастлаб жонли эфирга узатилган “Хат ва ҳаёт” кўрсатуви орқали кишилар дарду ташвиши, муаммоларига қулоқ тутган журналистнинг таҳлилий мулоҳазалари, ечимларга қаратилган лавҳалар мухлислар қалбидан тезда ўрин олганди. Телеочеркларининг қаҳрамонлари эса элга нафи теккан инсонлару меҳнат жамоалари бўларди.

Журналист Бозор Бибитов спортнинг, хусусан, футбол ва шахматнинг ашаддий мухлиси эди. Хотирасида неча йиллик футбол чемпионатларининг натижаларию тўпурарлар, шахматдаги шундай беллашувлар ҳақидаги маълумотлар тиниқ сақланарди. Синамоқ учун сўраганлар ҳам ўткир хотира соҳибига, албатта, лол қолишарди. Адабиёт оламига оид мулоҳазалар, хусусан, Америка ва европалик ёзувчилар, асарларининг бадиий даражаси, улар орасида умрининг охиригача журналистика билан шуғулланган Эрнест Ҳемингуэй ҳақида тўлқинланиб сўзларди. Ёзувчини ўзининг идеали деб ҳисобларди. Ёзганлари билан элга, халқ тилига яқин бўлиш, содда ифодалар орқали айтмоқчи бўлганларини етказа билиш ижодкорнинг муҳим вазифаси, дер эди доим.

Ўқувчилик йилларимда журналистикага уйғонган ҳавасимни сезган отам яқин қариндошимиз Бозор Бибитовга учрашимни айтди. Уйига излаб бордим. Ўшанда “Кўзгу” жамоатчилик телевидениесида ишларди. Тайёрланадиган кўрсатув жараёнлари ҳақида тушунтириб, чинакам журналист бўлиш учун  кўпроқ ўқиш ва изланиш зарурлигини таъкидлар эди. Олийгоҳда ўқиб,  Сурхондарё телевидениесида иш бошлаган кезларимда ҳам бундай ҳаётий тавсияларни айтишдан эринмасди. Телевидение шахматчиларининг етакчиси, спорт деса жонини берадиган журналистнинг энг катта орзуси футбол бўйича Ўзбекистон терма жамоасини жаҳон чемпионатида кўриш эди. Бу орзулар, албатта, ушалишига доимо умид қиларди. Бозор Бибитов “Ишонч” телевидениесида меҳнат фаолиятини тамомлади. Аммо нафақадаги йилларида ҳам қатор публицистик асарларни нашрга тайёрлади. Сермаҳсул ижодий фаолият умрининг сўнггигача  давом этди.

Турмуш ўртоғи Бибихол Бибитова билан саккиз фарзандни тарбиялаб вояга етказди, фарзандлари, невараю чеваралари билан бахтиёр ҳаёт кечирди. Аммо бирор сафар беморлигидан нолимади, уни пеш қилмади. Узоқ йиллар давом этган қандли диабет ижод ва изланишга тўсиқ бўлолмади. Таҳлилий мақолалар, очерклар ёзилаверди. Негадир ёзганларини “Сурхон тонги”дан бўлак жойга элтмади, эҳтимол бу жамоа да уни тушунадиганлар, қалбига яқин инсонлар ҳамон бордек эди. Таҳририятга келганида дастлаб мени танимади, бундан жуда таажжубландим. Кейин билсам, касаллик кўриш аъзосига ўз таъсирини кўрсатган экан. Шундай бўлса-да Жарқўрғондан Термизга, қалбига яқин ижодкорлар ҳузурига сўнгги бор ошиққан инсоннинг учрашиш истаги эзгу. Таҳририятга олис ёшлик йилларини излаб келган ижодкорнинг юрагида бизга айтар яна қандай сўзлари бор эди?.. Билмадик.

Тақдирнинг ишига, ёзиғига ҳайрон қоласан. Инсон исмининг ҳаётига маълум маънода дахлдор бўлиши ҳақида кўп эшитганман, шунга гувоҳ ҳам бўлганман. Одамлар Бозор Бибитовни сўнгги манзилга айнан бозор куни — якшанбада кузатаётиб шу ҳақиқатни ёдга олишди. Илоҳим, ўтганларнинг руҳи доимо шод бўлсин!

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE