Бош саҳифа / Жамият / СВЕРДЛОВ “БОБО” КИМ БЎЛГАН?

СВЕРДЛОВ “БОБО” КИМ БЎЛГАН?

Сурхондарёнинг олис туманидаги энг чекка қишлоқ мактабида ўқиганман. Мактаб уйимизга яқин бўлгани учун ҳам “оёғим чиққан”идан буён у жой менга қадрдон..! Мактаб ҳовлисига кираверишдаги дарвозанинг устида кўзойнакли, соч-соқоли ўсган, кўринишидан ўзига ишончи бор бир одамнинг сурати осилиб турарди. Ўқитувчилар ҳам, ўқувчилар ҳам, ҳатто нари-берига юрган йўловчилар ҳам шу суратнинг тагидан ўтарди. Ўша ердан ўтган одам борки, албатта суратга кўзи тушарди.

Бу киши ким?!

Қишлоқда мен танимаган одам бўлмаса!

Ҳеч кимнинг бобоси ҳам эмас — бу!

Саволимга биринчи синфга боргач, жавоб топгандай бўлдим. У одам ўша олис мамлакатлик большевик ва революционер Яков Михайлович Свердлов деган “бобомиз” бўлган эканлар. Мактабимиз у кишининг “буюк” номи билан аталар экан! Кейинчалик билдимки Свердлов «бобо”нинг сурати фақат дарвоза устида эмас, синфхоналарда ҳам, кутубхонада ҳам: исм-шарифи парталарга ўйиб ёзилган экан..!

Энг ёмони мактабда дафтарнинг бетига “Я.М.Свердлов номли…мактаб…” деб рус тилида ёзишга мажбур эдик. Сурати кўз ўнгимизда турса-да, исм-шарифига  гўдак тилимиз келишмасди. Устозларимиздан кўп дакки эшитардик…

Яқин йилларда англадимки: Яков Михайлович Свердлов “бобо” 1919 йил вафот этган экан. Бу дунёдан ўтганига 70 йилдан ошса ҳамки ўша йиллари юртимизнинг энг чекка, тоғнинг тагидаги қишлоқ мактабида сурати “савлат тўкиб” турарди…

Ана шундай. Бир замонлар мактаблар, олийгоҳлар, кўча-ю хиёбонлар Ўзбекистонни тушида ҳам кўрмаган “аллома-ю”,  “даҳо”ларнинг номлари билан аталар эди. Истиқлол сари ташланган катта қадамлардан бири шу бўлдики, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг асрий орзуларидан бири рўёбга чиқди. Вужудимизга она алласи билан кирган тилимизда бемалол, бехижолат гаплашадиган бўлдик.

Очиғини тан олайлик:  тилимизга Давлат тили мақоми берилгач, бир йилда бир марта, яъни 21 октябрь санаси арафасида у ер бу ерда қандайдир тадбир ўтказиш ёки бирор маъруза ўқиш билан чегараланиб қолдик. Аммо, ўзбек тилининг софлигини сақлаш, бойитиш, унутилаёзган сўзларни истеъмолга киритиш ҳақида кўпам бош қотирмаганимиз рост. Энг ёмони, кундалик ҳаётимизда ҳам бебаҳо тилимиз имкониятларидан бебаҳра бўлдик: яшаётган уйимизни “дом” дедик,  уйимизга йўлакдан эмас “подъезд”дан кирдик, хонадонимизнинг қулфини эмас “замоги”ни очдик, ишхонамиз номини “кабинет”,  бекатни “остановка” атадик…  Хуллас, айтаверсак гап кўп…

Бугун тилни эъзозлаш, унинг мавқеини кўтариш фақатгина тилшунос олимларнинг иши эмас, балки  бутун миллатнинг зиммасидаги  шарафли вазифа эканини англаш фурсати келди.  Тилимиз ривожи учун  қиладиган ишларимиз жуда ҳам кўп. Тил байрами арафасида оммавий ахборот воситаларида ёки машварату тадбирларда “х” билан “ҳ”нинг фарқини, ёки “у” ёзиладими, ё  “ў” деб ўтиришнинг даври ўтди. Энди тилимизнинг беқиёс имкониятларидан, луғатимизда бор сўзлардан ўрнида, жойида фойдаланишнинг, қолаверса тилимизнинг нақадар бой тил эканини дунёга танитиш вақти келди. Бунинг учун барча асосларимиз, муҳими, ҳуқуқий пойдевор бор!

Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қадимий ва бой тилимизнинг янада ривожланиши учун янги даврни бошлаб берди. Ушбу фармон ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялашга қаратилгани билан нафақат юртдошларимизнинг, балки ўзбек тилида сўзлашадиган бошқа миллат вакилларининг ҳам қалбидан чуқур жой олди. Яна бир фахрланишга арзигулик жиҳат шуки,  ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун — 21 октябрь санаси  “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.

Мазкур фармон билан  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил этилиб, унинг асосий вазифалари белгилаб берилди. Хусусан, давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш, ушбу соҳада жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг давлат тилини ривожлантириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини ташкил қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириб бориш ишлари Департамент зиммасига юклатилди.

Давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан, шунингдек, уни ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини юритиш бўйича таклифлар тайёрлаш, ўзбек тилининг ёзма нутқи меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқиш бўйича ҳамда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини тўлиқ жорий этиш борасидаги ишларни жадаллаштириш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш, замонавий атамаларнинг ўзбекона муқобилларини яратиш ва бир хилда қўлланишини таъминлаш, географик ва бошқа топонимик объектларга қонун ҳужжатларига мувофиқ ном берилиши борасидаги фаолиятни мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари ҳам Департамент фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлди.

Яқинда ижтимоий тармоқда финляндиялик бир йигитнинг ўзбек тилида рамазон қўшиғини айтганини кўриб, вужудимни титроқ босди. Кўзимдан ёш чиқди. Термизнинг иссиғига тобласангиз ҳам ўзбекка келбат бермайдиган бу бола шу қадар қувонч билан, дадиллик билан она тилимизда куйлаганини сўз билан таърифлаб бўлмайди, эшитсангиз фақат қалбингиз ҳаяжонга тўлади, холос…

Ўзбекистонимиз “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган бош тамойил асосида тараққиётнинг янги, янада юксак босқичи томон дадил қадам ташлаётир.  Ушбу тарихий жараёнлар эса давлат тилининг  ўрни ва нуфузи билан чамбарчас боғлиқ. Бу борада тилимизнинг софлигини, жозибадорлигини сақлаш, унинг беқиёс имкониятларидан тўла фойдаланиш учун сизу биздан катта жасоратлару машаққатлар талаб этилмайди. Бор-йўғи кундалик ҳаётимизда: уйда, ишда, кўча-кўйда  она тилимизда тўғри, равон сўзлашсак, ўзга тилнинг сўзларини қўшиб гаплашмасак, ёзаётган ёзувимизга,  оғзимиздан чиқаётган гапга эътиборли бўлсак,  шунинг ўзи кифоя..!

Салоҳиддин НОРҚОБИЛОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 15 июлдаги сонида қатор таҳлилий ва хулоса чиқаришга ундовчи мақолалар …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan