Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / Сузишни билмаган ўрдак ёки фермер жаноблари ер сотишга ҳақлими?..

Сузишни билмаган ўрдак ёки фермер жаноблари ер сотишга ҳақлими?..

Ўзбекистон Республикасининг “Ер тўғрисида“ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида“ги Қонунлари ва бошқа ҳужжатларда давлат ери сотилмаслиги, аксинча фермер хўжаликларига ер узоқ муддат фойдаланиш учун ижарага берилиши таъкидланган.

Бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган фермер хўжаликлари тасарруфидаги ерга давлат буюртмасини бажариш мақсадида ғалла, ғўза, сабзавот ва бошқа экинларни ўстиришаяпти. Ернинг мелиоратив ҳолатини бузмаслик, тупроқ унумдорлигини ошириб бориш, алмашлаб экишни тўғри ташкил этиб, мўл ва сифатли ҳосил етиштириб, белгиланган ғалла, пахта тайёрлаш режаларини бажариш ҳамда элнинг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондириш фермер хўжаликлари раҳбарлари зиммасига юклатилган.

Тажрибали, омилкор, ишбилармон мутахассислар раҳбарлик қилаётган фермер хўжаликларида ердан унумли фойдаланилмоқда. Аммо, шоли курмаксиз бўлмаганидек, айрим фермер хўжаликлари эгалари ерга оид қонунлардан тўлиқ хабардор эмаслар. Шунинг учун давлат ерини гўё ўзлариникидек ҳис қилиб, хоҳлаган ишларини қилишаяпти. Масалан, кўпгина фермер хўжаликлари раҳбарлари ихтиёрларидаги ерни шивит, укроп ва бошқа турдаги кўкатлар етиштирувчи “тадбиркор“ ларга ўзаро келишув асосида бермоқдалар. Фермер хўжалиги раҳбарлари ўз улушларини олади, пул изидан қувган “тадбиркор“ лар ҳам яхшигина даромад қилади. Бир сўз билан айт- ганда, шу тартибда фермер хўжаликлари томонидан экин экиладиган ерлардан  номувофиқ мақсадда фойдаланиш ҳолларига йўл қўйилмоқда. Фермер хўжаликларининг етиштирган маҳсулотини сотиш ҳисоби юритилмаяпти, сотилган маҳсулот тушумини хизмат кўрсатувчи банкларга топширишни таъминлаш ҳам назорат қилинмаётир. Етиштирилган маҳсулот ва сотилган ердан олинган даромадларни яшириш далиллари мавжудки, бу ҳол давлат бюджетига солиқларни тўламасликка олиб келмоқда.

Ердан ноқонуний фойдаланиш, айниқса, такрорий экинлар экиш жараёнида яққол кўзга ташланмоқда. Ҳатто шундай далиллар борки, фермер хўжалиги раҳбари пиёз экаман, ерёнғоқ ўстираман, дуккакли ва полиз экинлари етиштираман, деган талабгорлардан ер бериш шарти билан 6-7 ой илгари жарақ-жарақ пул олишаяпти. Қаранг-а, ҳотамтойликни, ер давлатники бўлса-ю фермер бир сўм ҳам давлат хазинасига кирим қилмай ўзи “ҳалоллаб“ кетса. Шу ҳам инсофданми?

Фермер хўжаликлари раҳбарларининг давлат ерини худди отасининг, бобосининг  маҳрига тушгандек тасарруф этиши, хоҳлаган кишисига 1 гектар ерни фалон муддатга ва фалон сўмга пуллаши туфайли халқимиз ер сотиб олиб, деҳ- қончилик қилишга одатланди. Кўр-кўрона, ҳеч бир шартномасиз молини, машинасини сотиб, пулини фермер хўжалиги раҳбарига қўшқўллаб топшириб ер олмоқда, экин экмоқда. Чунки фермер хўжалиги раҳбари аъзоларининг

бошини бириктириб, маслаҳатлашиб ерга ерёнғоқ, мош ва бошқа экинлар экиб, шартнома асосида бирор ташкилотга сотишни, даромаддан аъзоларига ҳам, давлатга ҳам  тенг улуш ажратишни хоҳламайди. Сабаби – унга одамларнинг ўзи пул таклиф этишмоқда. Бу ҳақда ҳеч бир ташкилотга ҳисоб ҳам бермайди, солиқ ҳам тўламайди. Бировдан қанча пул олганини “берган билан олгандан” бошқа ҳеч ким билмайди. Буларнинг барчаси ер берувчи билан ер олиб ишловчиларнинг умуман қонун қоидаларни билмаслиги оқибатидир.

Маълумки, ҳозир такрорий экин экканлар ҳосилини йиғиштирмоқда. Бу йил Жарқўрғон туманида 293 та фермер хўжалиги 8824 гектар майдонга турфа экинлар, жумладан, 6632 гектар майдонда ер- ёнғоқ етиштиришган. Уларнинг иши билан танишиш мақсадида Жарқўрғонда бўлдик. Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Хўжагузар“ маҳалласида яшовчи фуқаролар Бунёд Самандаров ва Асад Ҳасанов мўмай даромад олиш ниятида  жамғарган маблағларининг бир қисмини ерёнғоқ экишга сарфлашди. Улар Жарқўрғон ва Денов туманларидаги танишлари орқали “Жайхун омад диёр“ фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ернинг 10 гектарини ижарага олиш бўйича фермер Абдулҳамид Худойбердиев билан оғзаки келишишади. Тадбиркорларнинг айтишича, шу йилнинг апрель ойида фермер ҳар гектар ерга 1 миллион 500 минг сўмдан, жами 15 миллион сўм  олган…

Бировнинг омонатини қуртдай санаб олишни билган Абдулҳамид ғалла ўрим-йиғимидан сўнг ғирромлик йўлига ўтади.  Аввало  у ургутлик йигитларга олдиндан пул олинган 10 гектар ерни бермай, кечиктириб 3 гектар ер ажратади. Пули куйган тадбиркорлар ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам, дегандай ерга эгалик бўлишганига шукур қилиб, 3 гектар ерга ерёнғоқ экадилар. Ўша пайтда уруғликнинг баҳоси анча қимматлашган эди. Ваъдасига амал қилмаган фермер ерни ҳам шудгорламаган. Ижарачиларнинг ўзи хусусий трактори бор кишини ёллаб, ерни ҳайдатишади ва анча кеч бўлса-да, уруғ экишади. Лекин ургутликлар ўзлари бир кун ҳам далага келиб кўрмаган, шу ерда танишларини қўйдириб, одамларни ёллатиб ишлатишган.

Аёнки, аввал ҳам вилоятимизнинг деярли барча хўжаликларида такрорий экинлар ўстирилган. Тан олиб айтиш керакки, бу йил давлат томонидан  даласида такрорий экин ўстирадиган фермер хўжаликларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда кўмаклашиш мақсадида уларга  ёнилғи-мойлов материаллари ва минерал ўғитлар ажратилди. Бу имкониятдан Абдулҳамид Худойбердиевга ўхшаш “уддабурон“ фермерлар жуда устамонлик билан фойдаланишди.

— Оғзаки шартнома бўйича ваъда қилинган 10 гектар ерни тўлиқ бера олмаган Абдулҳамид 10, 5 миллион сўм пулимизни қайтариши керак эди,—дейди ургутлик тадбиркор Бунёд Самандаров. — У пулни қайтармади-да, такрорий экинлар учун ажратилган давлат нархидаги минерал ўғитни, дейлик, 30-35 минг сўмлик фосфорли ўғитнинг халтасини бизга 50 минг сўмдан сотиб, қолган пулимизни шу хизмати учун ҳисоблаб юборди…

Нима бўлганда ҳам ургутлик йигитлар маҳсулот етиштиришган. Энг ёмони, бугун ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир фермер Абдулҳамид Худойбердиев  “Ҳар гектаридан фермер хўжалигига 500 килограмм ерёнғоқ бермасаларинг, даладан ҳеч вақосиз чиқиб кетасанлар“ деб шарт қўяяпти. Фермер нафақат ургутлик тадбиркорлардан, балки ўзининг сувчилари бўлган Нуриддин Қулқораев, Сайфулла Мирзақулов ва бошқалардан ҳам ерёнғоқ талаб қилмоқда.

Ҳа, ерёнғоқ етиштириш, умуман деҳқончилик қилиш ўз-ўзидан бўлмайди. Ижарага ер олганлар, ер текислаш, ўғитлаш, техника ишлатиш, ўтоқ қилиш, суғоришга анча маблағ сарфлашган. Бугун эса ҳосилни йиғиштириб олиш учун ҳам одамларни ёллаб, пул бермоқда. Шунча сарф-харажат эвазига қайси ижарачи фермерга 500 килограмм ҳосилини текинга бериб қўяди?

Бу ҳол фақат “Жайхун омад диёр“ фермер хўжалигида содир этилаётгани йўқ. Жумладан, биз даласида бўлган “Сурхон сабоси“, “Шижоатли ёшлар“, “Али акбар ифтихори“ каби ўнлаб фермер хўжаликларида ҳам шундай ҳолатларга дуч келдик.

Асадбек Раззоқов бошлиқ “Оққўрғонлик Асадбек“ фермер хўжалигида 34 гектар майдонга ерёнғоқ етиштирилган. Фермер Умид Ўролов, Инобат Жўраева, Мансур Абдуллаев каби бир неча фуқаролардан ўтган йил ноябрида 1 гектардан ер бериш шарти билан пул олиб қўйган. Фермер даласида бўлганимизда иш бошқарувчи  Раъно Ойназарова устидан барча арз қилди.

— Биз ўтган йили фермерга ғалладан бўшайдиган ердан 1 гектардан бериши учун 1 миллион 500 минг сўмдан бериб қўйгандик,— дейди Инобат Жўраева. — Ишлайман десак, қишлоғимизда завод, фабрика йўқ. Шу боис, кун кечириш учун ер олиб ишлашга мажбурмиз. Ерёнғоқ пишгунича олинган ерга камида 5-6 миллион сўм пулимиз кетди. Энди ҳосилни йиғиб олаётган пайтимиз фермернинг ўзи, иш бошқарувчиси Раъно Ойназарова келиб, ҳар биримиздан 500 килограммдан ерёнғоқ ёки 1 миллион сўмдан пул берасизлар, акс ҳолда ҳосилингни даладан чиқармайман, деб ҳоли жонимизга қўймаяпти. Нима қилишга, арзимизни кимга айтишга ҳайронмиз…

— Тунов куни мен етиштирган ҳосилимни худди ўғрига ўхшаб кечаси алламаҳалда “Дамас“ автомашинамга юклаб, уйимга олиб кетдим,— дейди Умид Ўролов. — Кейин ерёнғоқ поясини тракторга ортиб кетаётсам иш бошқарувчи келиб, далага тўктириб ташлади. Ё 500 килограмм ерёнғоқ ёки 1 миллион сўм берасан, деган шарт қўйди. Бундай шарт қўйишга фермер хўжалиги раҳбарининг ҳақи бормикан? Чунки мен унга ер пулини ўтган йил ноябрь ойида бериб қўйганман. Қисқаси, фермер тайёр ошга баковул бўлмоқчи. Агар зўравонлик шу тарзда давом этаверса, келгуси йил ерни ҳеч ким ижарага ҳам олмайди, экин ҳам экмайди. Ҳолбуки, Президентимиз ерга ишланглар, ердан фойдаланайлик, халқимиз фаровон яшасин, деган талабни қўймоқда. Шунингдек, вилоят ҳокими томонидан ерга ҳалол меҳнат қилган, ҳақиқий экин эккан деҳқоннинг, фермер хўжалигида ишловчиларнинг ҳосилига кўз олайтириш бу жиноят эканлиги, деҳқоннинг маҳсулотини фақат пулини тўлаб олиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланмоқда.

Айтиш керакки, Жарқўрғонда қойиллатиб ишлаб қўйиб, пахта режасини ошириб бажарган, аъзоларига такрорий экинга ер бериб, уларга ҳар томонлама ёрдам қўлини чўзаётган фермер хўжаликлари ҳам оз эмас. Хусусан, Абдулазиз Нормўминов бошлиқ “Олтинтепа янгиер“ фермер хўжалиги 86 гектар ерга эга. Жамоада 12 нафар доимий ишчи бор. Уларнинг ҳаммаси раҳбаридан миннатдор. Нега дейсизми? Бу йил 42 гектар майдонда парваришланган “Аср“ навли буғдойдан жами 239 тонна сара дон йиғиштириб олган фермер давлат буюртмасидан зиёд 80 тонна буғдойни элига тарқатибди. Боз устига, ғалладан бўшаган заминнинг 13 гектарини аъзоларининг имконияти, шароитни ҳисобга олиб бўлиб берган. Қандай экин экса, ерни шудгорлаб, трактор ажратиб, ўғитини бериб, аъзоларини рози қилган. Қолган ерга фермернинг ўзи ҳар хил зироатлар, жумладан, 20 гектар майдонга ерёнғоқ ўстирган. Давлатдан қарзи йўқ, ҳисоб рақамини шакллантириш учун етарлича маблағи бор. Шу боис аъзоларининг экинига кўз тикмаяпти.

“Жайхун омадли диёр”, “Оққўрғонлик Асадбек” ва бошқа фермер хўжаликлари элга ерни пулга сотиб, бугун яна қўшимча пул ёки ерёнғоқ талаб қилишининг сабаби битта. У ҳам бўлса, “Жайхун омадли диёр” фермер хўжалигининг 18,5 миллион, “Оққўрғонлик Асадбек” фермер хўжалигининг эса 101,3 миллион сўм қарзи бор. Фермерлар элдан олган пулларни қайси мақсадларга ишлатиб юборганликларини ўзлари билади. Лекин бир нарса аниқ: 22626 ҳисоб рақамига маблағ қўйиш ҳеч бирининг хаёлига келмаган. Бугун юқоридан ҳисобга пул қўй, деган талаб бўлмоқда. Чўкаётган одам хасга ёпишади, деганларидек фермер қаерга қочишини билмай, яна пулга ер олиб ишлаган ижарачини “нажоткор” билмоқда. Ҳолбуки, фермер хўжаликлари ғалладан бўшаган майдонларга тўлиқ экин экмагани, экишни хоҳламагани, осон йўлга ўтгани ва ерни сотганлиги барчага яхши аён! Озгина хатоларимиз бугун элнинг норозилигига, ижарачи билан фермер ўртасида кўнгилхираликлар келиб чиқишига сабабчи бўлмаяптимикан?

ИзоҲ: фермерлар ижарага ер олганларга: ерён ғоғингнинг бир қисмини менга топширасан, қачон агрофирма вакили келиб маҳсулотни олса, ўшанда сизларга ерёнғоқларнинг пулини қайтараман, деган ваъдаларни ҳам беришаяпти. Боз устига, талаб қилиб олаётган маҳсулотга бирон ҳужжат беришни ҳам зиммасига олмаяпти. Ижарачилар эса биз ерёнғоғимизни йиғиштириб олайлик, махсус жойга элтиб қуритайлик, агрофирма вакили келадими, бошқа харидор бўладими, пулини санасин-да, олиб кетаверсин, дейишмоқда. Ҳақли талаб!

Яна бир гап. Икки-уч кун шу масалада ҳамкасбларимиз билан қишлоқ ва далаларда юриб ишончимиз комил бўлдики, кўпгина фермерларнинг савияси ҳаминқадар, ҳуқуқий саводи мутлақо йўқ. Ҳуқуқий маданият нима эканлигини билмайди. Ҳеч бўлмаса, ўз фаолиятига тегишли қонун, қарор ва фармонлардан хабардор бўлиши керакку?! Аввало ўзини билган, ҳуқуқий саводи, савияси, иймон-эътиқоди бор, қишлоқдошларини, маҳалладошларини, ватанини ҳурмат қилган инсон қонунга хилоф равишда бундай ғирромлик, харомхўрлик, фирибгарликка рўжу қўймаган бўларди. Халқимизда сузишни билмаган ўрдак думи билан шўнғийди, деган гап бежиз айтилмаган. Акс ҳолда, бугунги машмашалар келиб чиқмаган бўларди…

Райҳон РАҲИМОВА,
Усмонали НОРМАТОВ,
Эркин НОРСАФАР,
“Сурхон тонги” мухбирлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мўл ҳосилга замин

Денов туманида агросаноат мажмуи ва уруғчилик фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 5 …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE