Бош саҳифа / Маданият / Сўз — гул, иш — мева

Сўз — гул, иш — мева

Бугун Жанубий оператив қўмондонлик штабида муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганлар, профилактик ҳисобда турган ўсмирлар, шунингдек, ютуқларга эришган самарқандлик ва сурхондарёлик ёшларнинг видеомулоқоти ташкил этилди.

Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги билан ҳамкорликда “Вилоятдаги тенгдошим” мавзуида ўтказилган телемулоқотда штаб ҳарбий хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталиб ўтишди. Шундан сўнг, иккала вилоятдаги ёшлар сўзга чиқиб, эришган ютуқлари ҳақида сўзлаб беришди.

— Мен Қозоғистон, Руминия, Болгарияда ўтказилган математика бўйича халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 2 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза медалини қўлга киритдим, — дейди самарқандлик Шахзодбек Қуроқбоев. — Бу албатта, болалигимдан бери математика фанига алоҳида қизиқишим ва тинимсиз ўқиб-ўрганишим боис қўлга киритилган ютуқлардир. Ҳозирда эса Ўзбекистон миллий университети математика факультетида 3-курсда таҳсил олмоқдаман. Ўқиш давомида инглиз тилини мукаммал ўрганишга ҳам бел боғладим. Яқинда IELTS бўйича 7 баллик даражага эга бўлдим. Шунга қарамай, изланишдан тўхтаганим йўқ. Ҳозир ёшмиз, кексалар айтганидек, миямиз бутун пайтда илм ўрганишимиз, ўз имкониятларимизни юқори даражагача олиб чиқа олишимиз мумкин. Бунинг учун шароит ҳам етарли. Фақат хоҳиш ва иштиёқ бўлса бас. Мен ўз тенгдошларимни ана шу имкониятлардан фойдаланишга чақираман.

— Спортнинг каратэ тури билан шуғулланиб, кўплаб мусобақаларда иштирок этишга мушарраф бўлдим, — дейди Термиз шаҳридаги 4-ИМИ ўқувчиси Севинч Жумаева. — Ушбу спорт тури бўйича 2017 йилда ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида 1-ўринни, 2020 йилда ўтказилган халқаро чемпионат баҳсларида 2-ўринни эгаллаб, 2021 йилда Японияда бўлиб ўтадиган мусобақага йўлланма олдим. Спорт мен учун нафақат ютуқларга йўл очди, балки соғлом бўлиш, ҳар бир дақиқамдан унумли фойдаланиш, ҳаётда биз дуч келадиган қийинчиликларни енгиш учун иродали бўлишга ҳам ўргатди.    

         Ҳа, бугун ўз истеъдодини намоён этиб, тенгдошларига ўрнак кўрсатаётган ёшлар талайгина. Бироқ, ҳеч бир истеъдод ёки қобилият меҳнатсиз, машаққатсиз юзага чиқмайди. У фақат катта заҳматлар эвазига, ўз йўлини тўғри танлай билиш ҳисобигагина мева беради. Аллома Муҳаммад ал Хоразмийнинг “Сўз — гул, иш — мева” деган ҳикматли сўзлари ҳам инсоннинг иши, меҳнати кўп, пишиқ-пухта бўлса, унинг меваси ҳам шунчалик ширин бўлишига ишора қилади. Айни шу ҳикматни бугунги ёшларга англатиш учун ташкил этилган мулоқотда ёшлар бир-бирларининг сўзларидан, эришганларидан улгу олишди.

         Телемулоқот ҳарбий йўналишдаги олий ўқув юртига кириш, ишлаш учун қаерга мурожаат қилиш, бунинг учун қандай талаблар борлиги ҳақидаги савол-жавобларга бой ўтди. Тадбир ниҳоясида ёшларга Жанубий оператив қўмондонлиги томонидан бадиий китоблар совға қилинди.

Феруза Раҳмонқулова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ijodkor o‘qituvchilar nazmi

“Surxon nashr” nashriyotida chop etilgan “Ustoz va shogird” kitobining mualliflari — mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fani …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan