Сув мониторинги

0
78

Сув ҳаёт манбаидир. Ер юзидаги ҳеч қандай жонзот сувсиз яшай олмайди. Инсон ҳаётида сувни ҳеч нима билан тенг-лаштириб бўлмайди. БМТнинг маълумотига кўра, бугунги кунда 1,1 миллиард ёки 18 фоиз инсон тоза ичимлик сувига муҳтож бўлса, 2,6 миллиард, яъни 42 фоиз одам санитария талабларига жавоб бермайдиган сув истеъмол қилади.

Демак, сувни тежаш, тозалигини доимий назорат қилиш муҳим ҳисобланади. Давлатимизда сувни тежаш ва унинг тозалигини назорат қилиш ҳукумат даражасида амалга оширилади. Лекин трансчегаравий сувларнинг сифати ҳалигача етарли даражада назорат қилинмаяпти. Марказий Осиё давлатлари трансчегаравий дарёлар (Сирдарё, Амударё, Чу, Талас ва Зарафшон) ҳисобига сув ресурслари бўйича бир-бирига боғлиқ.

Сувнинг сифати — сув ресурсларининг интеграцияли бошқарувида асосий омил ҳисобланса-да, 2000 йилгача миллий ва минтақавий жиҳатдан бу омилга эътиборсиз бўлиб келинди. Бунга яна бир сабаб, трансчегаравий сувлар динамикасининг кам ўрганилганлигидир. Сувнинг сифатини назорат қилиш учун миллий сиёсатни юритиш ва минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарур бўлиб қолди. Бу борада 2000 йил март ойида Тошкент- да БМТ Европа иқтисодий комиссиясининг трансчегаравий сув оқимлари ва халқаро кўлларни ҳимоя қилиш ва фойдаланиш ҳақидаги “Марказий Осиё сув конвенцияси”нинг қабул қилинганлиги биринчи қадам бўлди.

Табиий сувлар мониторинги сувнинг фонли маълумотларини йиғиш ва шу асосда сув ресурс ларидан фойдаланиш мезонларини ишлаб чиқиш учун муҳим ҳисобланади. Бундай масалани ҳал қилишда ташкилий ва раҳбарий инфраструктурадан ташқари, давлатлараро сиёсат юритишни тақозо этади.

Ҳеч кимга сир эмас, собиқ иттифоқ парчалангач, Марказий Осиёдаги ҳар бир мустақил давлат сув ресурслари бўйича ўз сиёсатини юрита бошлади. Натижада ичимлик суви, электр энергия ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж кескин ортиб кетди. Бу эса кўпгина ҳудудларда сув танқислиги, қишлоқ хўжалиги самарадорлигининг пасайиши ва экотизимнинг бузилишига олиб келди.

Бу соҳада барча Марказий Осиё давлатлари ҳамкорликда ишлаш зарурлигини тан олишмоқда. Буни шу йил март ойида давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёевнинг Тожикистон ва Қозоғистон Республикаларига қилган ташрифида ҳам кўриш мумкин. Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари сув ресурсларини ҳимоя қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш бўйича ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувга эришдилар.

Трансчегаравий сув оқимларини мониторинг қилиш натижасида сувнинг сифатини яхшилаш, унинг ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳудудлардаги трансчегаравий сувларни баҳолаш имкони туғилади. Шунингдек, ҳамкорликдаги мониторинг сувнинг ифлосланишида у ёки бу давлат айбини излашнинг олдини олади. Энг муҳими, давлатлараро сув мониторинги фуқароларнинг оби ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартиради.

Лекин қачонки халқимизнинг экологик маданияти шаклланиб, табиатга нисбатан дунёқараши ўзгармас экан, бу борада мақтанарли ишларни амалга оширишимиз жуда қийин бўлади. Шундай экан, барчамиз биргаликда экологиямизни асрашга, атроф-муҳит тозалигига жиддий эътибор қаратишимиз керак. Зеро, барча муқаддас китобларда табиатга зарар келтириш қораланган. Зардўштийларнинг муқаддас китоби “Авесто” да тўртта унсур: ер, сув, ҳаво ва тупроқни асраш кераклиги баён қилинган бўлса, Қуръони каримда тирик жонзотларга зиён келтириш, сувни ифлослантириш катта гуноҳ эканлиги айтилади. Ота-боболаримиз бежизга “Сувга тупурма!”, — дея таъкидлашмайди. Шунинг учун барча ёшу қари, катта-ю кичик табиатимизни асрашга бел боғлайлик! Гўзал табиатимиз, зилол сувларимиз ва мусаффо осмонимизни келажак авлодларга соф ҳолда етказайлик!

Умид РАЖАБОВ,
Садирдин ИШҚАРАЕВ,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси мутахассислари

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг