Бош саҳифа / Жамият / Сув мониторинги – муҳим

Сув мониторинги – муҳим

Сув—ҳаёт манбаи. Ер юзидаги ҳар қандай жонивор танасида сув мавжуд ва сувсиз яшай олмайди. Инсон ҳаётида сувни ҳеч бир нарса билан тенглаштириб бўлмайди.

Сув озуқа ҳисобланмаса-да, тирик организмларнинг яшаши учун энг муҳим ҳисобланади.

Инсон танаси 60-65 фоиз, мияси эса 75 фоиз сувдан иборат. Сув ҳужайраларга озуқа моддаларни ташиш, организмни тозалаш ва тана ҳароратини ростлаш ҳисобига организмнинг ҳаётий фаолиятини таъминлайди.

БМТ маълумотларига кўра бугун 1,1 миллиард (18 фоиз) инсон тоза ичимлик сувига муҳтож, 2,6 миллиард (42 фоиз) одам санитария талабларига жавоб бермайдиган сув истеъмол қилади. Демак, сувни тежаш, тозалигини доимий назорат қилиш муҳим. Давлатимизда сувни тежаш ва унинг тозалигини назорат қилиш ҳукумат даражасида амалга оширилади. Лекин трансчегаравий сувларнинг сифати ҳалигача етарли даражада назорат қилинмаяпти. Марказий Осиё давлатлари (Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Республикалари) трансчегаравий дарёлар (Сирдарё, Амударё, Чу, Талас ва Зарафшон дарёлари) ҳисобига сув ресурслари бўйича бир-бирига боғлиқ.

Сувнинг сифати – сув ресурсларини интеграцияли бошқарувда асосий омил ҳисобланса-да 2000 йилгача миллий ва минтақавий жиҳатдан бу омилга эътиборсиз бўлиб келинди. Бунга яна бир сабаб, трансчегаравий сув ва улар динамикасининг кам ўрганилганлигидир. Сувнинг сифатини назорат қилиш учун миллий сиёсатни юритиш ва минтақавий ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурати туғилди.

Табиий сувлар мониторинги сув бўйича маълумотларини йиғиш ва у асосида сув ресурсларидан фойдаланиш мезонларини ишлаб чиқиш учун муҳим. Бундай масалани ҳал қилиш ташкилий инфраструктурадан ташқари, давлатлараро сиёсат юритишни ҳам тақозо этади.

Собиқ иттифоқ парчалангач, Марказий Осиёдаги ҳар бир мустақил давлат сув ресурслари бўйича ўз сиёсатини юрита бошлади. Натижада, ичимлик суви, электр энергияси ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёж кескин ортиб кетди. Бу эса кўпгина ҳудудларда сув танқислиги, қишлоқ хўжалиги самарадорлигининг пасайиши ва экотизимнинг бузилишига олиб келди.

Марказий Осиё давлатлари эндиликда бу масалада ҳамкорликда ишлаш зарурлигини тан олишмоқда. Бу масалада шу йил март ойида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг Тожикистон ва Қозоғистон Республикаларига қилган ташрифида келишиб олинди.

Трансчегаравий сув оқимларини мониторинг қилиш натижасида сувнинг сифатини яхшилаш, сувнинг ифлосланиш манбаларини аниқлаш ва бартараф этиш, ҳудудлардаги трансчегаравий сувларни баҳолаш имкони туғилади. Шунингдек, ҳамкорликдаги мониторинг сувнинг ифлосланишида у ёки бу давлат айбини излашнинг олдини олади. Энг муҳими, давлатлараро сув мониторинги фуқароларнинг сувга бўлган муносабатини ўзгартиради. Лекин халқнинг экологик маданияти ўсмас ва табиатга нисбатан дунёқараши ўзгармас экан, бу борада сезиларли ишларни амалга ошириш қийин. Шундай экан, барчамиз биргаликда экологиямизни асрашга, атроф-муҳит тозалиги ва мусаффолигига эътиборли бўлишимиз керак.

Бахтиёр Алиёров, Нигора Адилова,
вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза
қилиш бошқармаси давлат инспекторлари

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE