Бош саҳифа / Жамият / Сув келтирган азиз…

Сув келтирган азиз…

ёхуд “тўй”дан кейинги томошалар

Ўзбек халқ эртаклари мудом анъанавий тарзда “Бир бор экан, бир йўқ экан” қабилида бошланади. Сўзимизни эртакларнинг муқаддимаси билан бошлаганлигимизнинг ҳам ўзига яраша сабаблари бор.

Негаки, бугун Бойсун туман тоғли Мачай қишлоғида оғиздан оғизга ўтиб юрган воқеаларни эртакка ўраб айтмасак, биров ишонмайди.

Сув – бу ҳаёт. Унинг ҳар бир зарраси нафақат биз учун, балки бутун борлиқ учун бениҳоя қадрли. Сув келтирган азиз, аммо, ушбу жараёнда ҳам киши ўз манфаатини халқ манфаатидан устун қўйса-ю, давлатнинг пулидан чегиришни ўйласа, буни ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Гарчи, Мачай қишлоғи юксак тоғ гўшасининг энг сўлим ва баҳаво қисмида жойлашган бўлса-да, яқин пайтларгача ичимлик суви масаласида азалий муаммолар аҳолини қийнаб келар эди. Яъни 2018 йилга қадар қишлоқ аҳолиси қуйида оқиб ўтадиган Мачай дарёси сувини ташиб ичарди. Ва ниҳоят, узоқ йиллардан буён тоғлик аҳолини қийнаб келаётган азалий муаммоларнинг ечими сифатида, халқнинг талаб ва таклифлари асосида 2018 йилда Ўрта Мачай ва Юқори Мачай қишлоқларини тоза ва сифатли ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида давлат бюджетидан 1 миллиард 150 миллион сўм маблағ ажратилган эди. Тендер танловига кўра, Бойсун туманидаги “Фирдавс” хусусий фирмаси ғолиб деб топилган. Ўзингизга маълум, бюджет маблағининг ҳар бир тийини халқнинг мулки ҳисобланади. Халқнинг мулкига кўз олайтириш, нонини “туя” қилиш эса, ўзингиз биласиз, ҳар қалай, дуруст иш эмас.

Ушбу мақолага Ўрта ва Юқори Мачай қишлоғи аҳолиси номидан таҳририятимизга келиб тушган шикоят-ариза сабаб бўлди. Тошназар Холмўминов ўз аризасида қишлоқ аҳлининг асрий орзулари амалга ошганлиги, 2018 йилнинг куз ойларида Юртбошимизнинг раҳнамолигида давлат дастури асосида 14,5 километр масофада жойлашган Олча булоқ сувини тегишли ташкилотлар истеъмол учун яроқли деб топганлиги, тендер танловида ғолиб бўлган “Фирдавс” хусусий корхонаси томонидан Юқори ва Ўрта Мачай қишлоғига махсус қувур орқали тоза ичимлик суви келтирилгани, бу ишлар учун давлат бюджетидан 1 миллиард 150 миллион сўм маблағ ажратилгани-ю, қурувчи томонидан пул маблағи ўзлаштириб кетилганлиги важ сифатида келтирилган эди.

Ўзимиз гувоҳи бўлганимиздек, қишлоққа (аксарият қисми) 20-25 сантиметр чуқурликда ичимлик суви учун бир қисми металл ва қолган қисмига полиэтилен қувурлари тортилган экан. Аммо кўрганларимиздан ҳафсаламиз пир бўлганлиги ҳам рост. Қувур тортилган ҳудудни бирма-бир кўздан кечирганимизда ростдан ҳам иш сифатсиз амалга оширилганлигига амин бўлдик. Ариза муаллифларининг сўзларига ишонқирамай турганимизда, улар алоқадор ташкилотлар томонидан аввалги мурожаатларини ўрганиш жараёнида қувурларнинг саёз ётқизилганлигини исботлаш мақсадида қазилган 3-4 ерни кўздан кечирдик. Бу ерларда қувурлар 20-22 сантиметр чуқурликда кўмилганлигига гувоҳ бўлдик. Бунинг устига, қувурлар меъёрга нисбатан юпқа ва ер юзасига яқин ётқизилганлиги сабабли турли ерлардан ёриқлар пайдо бўлиб, сув сизиб ётибди.

Маҳалла фуқаролари У. Худойбердиев, Р. Бердиев ҳамда Д. Сатторовларнинг Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига 2018 йил 16 ноябрда ёзган “Шошилинч хабарнома”сига вилоят прокуратурасининг 2019 йил 4 январда йўллаган жавоб хати кишига жиндай умид бағишлайди. Аммо 2018 йил 1 декабрь куни туман Кенгаши депутати Назар Турдибоевнинг ушбу қонун бузилиши ҳолатларидан хабардор бир раҳбар сифатида Бойсун туман прокурори Х . Қуллиевга ёзган “Билдириш хати”га туман прокуратураси ҳеч қандай муносабат билдирмаганлиги ажабланарли. Фақат 2019 йил 12 январь куни Бойсун туман ҳокимининг ўринбосари Ш. Нормўминовнинг имзоси билан жавоб хати келган. Унда: “Ўрганиш жараёнида маҳалла ҳудудидаги Олча булоқ ичимлик суви булоғидан 14,5 км масофада ичимлик суви тармоғи тортилиб, маҳаллага борувчи автомобиль йўли ҳудудига таъсир кўрсатмасдан ичимлик суви тармоғи ўтказилганлиги аниқланди.

Ичимлик суви тармоғи 72 соат мобайнида синовдан ўтказилиб, қувурларни ётқизишда ер қазиш ишлари техникалар ёрдамида бажарилиб, сув ҳажмига қараб тармоқ чуқурлиги белгиланади. 100 мм. лик қувурларнинг таг қисми билан 40-50 см. чуқурликда норма талаблари асосида амалга оширилган. Тоғли ҳудуд бўлганлиги сабабли айрим қисмлари 30-35 см чуқурликда қувурлар ётқизилган”.

“Сувоқова” давлат унитар корхонаси Бойсун туман филиали бошлиғи Ш. Муртазоевнинг 5.01.2018 йилги № 2 жавоб хатини эса тушуниб бўлмайди. Сабаби, депутат Н. Турдибоевнинг хати 2018 йил декабрь ойида йўлланган, жавоб хати эса йил боши – 2018 йил 5 январь санаси билан келган. Яна битта эътиборли жиҳати, туман ҳокимлиги ва “Сувоқова” ташкилотининг жавоб хатлари айнан бир-биридан кўчирма, холос. Ушбу жавоб хатлари хўжакўрсинчилик учун жўнатилган.

Қишлоқ аҳолисининг мурожаатлари ниҳоят натижа берди. Вилоят давлат молиявий назорати бошқармасининг 2019 йил 25 май кунида ўтказган текширувига кўра тузилган далолатномага асосан, “Хулоса: пудратчи “Фирдавс” фирмаси томонидан Бойсун тумани “Ўрта Мачай” ва “Юқори Мачай” МФЙ аҳоли яшаш пунктларини тоза ичимлик суви билан таъминлаш объектида бажарилган қурилиш ишларини ариза муаллифлари Ш. Турдибоев, Ш. Олимов ва К. Муродовларнинг иштирокида назорат ўлчовидан ўтказганимизда, пудратчи томонидан бажарилган ишлар қиймати тўғрисидаги ҳисоб-фактура маълумотномасида жами 254 057 072 (икки юз эллик тўрт миллион эллик етти минг етмиш икки) сўмлик қурилиш ишларини бажармасдан қўшиб ёзилганлиги аниқланди”, дейилади.

Ушбу текширишлардан сўнг қурилиш ташкилоти томонидан хўжакўрсинчилик учун ернинг юза қисмига 5-10 та колодец – айлана бетонлар ташлаб, ярим белигача кўмиб чиқилган. Аммо бу колодецларни сув қувурлари билан боғлайдиган ҳеч қандай тааллуқлилик жойи йўқ. Қурилишнинг чала қолган қисмини хаспўшлаш учун зўр бериб қилинаётган бу уриниш лар афсуски, ўз натижасини бермаяпти. Бунга қурувчининг ё маблағи етишмаяпти ёки ҳафсаласи йўқ. Кўчаларни айлансангиз, ҳар ер, ҳар ерда қайнар булоқ каби ёрилган қувурлардан сизиб, беҳуда оқиб ётган сув кўчанинг сифатига салбий таъсир кўрсатаётганлигига кўзингиз тушади. Бир ерда ёрилган қувурнинг оғзига баклажка тиқиб қўйилган, сув фаввора бўлиб отилиб ётибди. Бундай тирқишларни, йўл ёқалаб юрсангиз, кўплаб учратасиз. Наҳотки, ҳе йўқ, бе йўқ, пудратчи ташкилот лойиҳани чала-чулпа бажариш орқали катта миқдордаги давлат бюджети маблағини ўзлаштириб кетса-ю, бу ҳеч кимни ташвишлантирмаса?

Табиийки, мачайликларнинг ушалган асрий орзулари қишлоқ аҳлига тўй қувончини бериши керак эди. Аммо “Тўйники – тўпаланг” деган ибора “Фирдавс” фирмаси мутасаддиларига “қўл” келган кўринади. Аслида Фирдавс сўзи жаннат номларидан биридир. О. Раҳимов ушбу фирмага асос солаётганида Фирдавс сўзининг луғавий маъносига аҳамият берган бўлса керак, деган андишадамиз. Агар бу шунчаки, ниқоб бўлса, унда бу ишларга халқ ўзи баҳо бергани яхши, нима дедингиз. Тўй-тўйдай бўлгани яхши. Тўйдан кейинги машмашалар эса халқ орасида йиллар давомида оғиздан оғизга кўчиб юраверади.

Бир бор экан, бир йўқ экан. Дунёнинг қай бир чеккасида жойлашган Мачай деган қишлоққа сув қувури тортиш учун танлов эълон қилинаётган … Яна тендер танловидан қолиб кетманг! Чой пули ҳам бор эмиш…

Холмуҳаммад ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ўзимизни қачон топамиз?…

Эл нетиб топгай мениким, Мен ўзимни топмасам.А.Навоий Мавзуни бежиз Навоий ҳазратларининг ҳикматли иборасидан бошламадим. Хўш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE