Бош саҳифа / Жамият / Сув етакловчилар сардори

Сув етакловчилар сардори

Ўтган йили қишлоқ хўжалик ходимлари куни муносабати билан “Аму-Сурхон” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги Узун туман ирригация бўлими бошлиғи Юсуф Саидов “Халқлар дўстлиги” ордени билан тақдирланди. Бу бежиз эмас.

Истаймизми-йўқми Узун туманидаги мавжуд 15737 гектар экин майдонларининг асосий қисми қўшни Тожикистоннинг Қорасув, Қоратоғ, Кофарниҳон дарёларининг суви билан суғорилади.

Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институтини битирган Юсуф Саидов узоқ йиллардан бери тумандаги экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва узлуксиз сув билан таъминлаш йўлида самарали ишлаб келаётир. Меҳнат фаолиятини оддий сув назоратчилигидан бошлаган Юсуф ўтган вақт мобайнида нафақат моҳир раҳбар, шу билан бирга соҳанинг етук мутахассиси даражасига етишди.

Унга тумандаги қайси контурдаги далага қайси ариқ, қайси каналдан сув келиши, каналларга қайси дарёдан сув тушиши беш панжадек аён. Ариқлар, каналлар ҳолатини ҳам яхши билади. Бирорта каналда сув камайиб қолса, қайсидир манзилдаги дамбани сув уриб кетганини дарҳол пайқайди ва мутахассисларни, сув назоратчиларию жабҳа бошлиқларини сафарбар этиб, дамбани тезроқ тиклаш чорасини излайди. Унинг фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги тизими билан боғлиқ. Ҳудуднинг ирригация ва мелиорация ҳолатини пухта ўзлаштирган. Талабчан Юсуф Саидов хўжаликлар экин майдонларини суғориш, сув исрофгарчилигини камайтириш ва каналларда тўлиб оқаётган оби-ҳаётдан самарали фойдаланиш бўйича тизимли ишларни амалга оширишда 22 нафар мутахассисга бош-қош бўлиб келаяпти.

Узун тумани деҳқонлари ва аҳолисига яхши маълумки, 2001-2003 йилларда трансчегаравий муаммолар туфайли тумандаги “Гулистон”, Ж. Пирназаров номли сув истеъмолчилари уюшмалари тасарруфидаги 2150 гектардан иборат пахта, ғалла майдонлари, бир неча гектардан иборат мевали боғлар ва токзорлар, шунингдек, аҳоли томорқаларидаги экинлар ҳамда дарахтлар сувсизликдан қурий бошлаганди.

Чунки бу экинлар ва боғларга, томорқаларга қўшни Тожикистон орқали сув келадиган ариқлар ва каналлар кўмиб ташланганди. Ирригация тизими раҳбари Юсуф Саидов ва у бошлиқ мутахассислар қўшни республикага ўтиш учун, аввало, республика чегара қўшинлари қўмондонлигига мурожаат қилишди, рухсат олишди. Сўнгра, қўшни мамлакат ирригация тизими раҳбарияти билан алоқаларни мустаҳкамлаб, ўша жойда ойлаб ётиб, республикамиз ҳудудидан янгидан “Хатиб-1” каналининг 3,5 километрлик қисмини қазиш ишларини амалга оширишди. Шунингдек, Ж. Эшмирзаев номли СИУ ҳудудидаги “Хатиб қаҳрамон” ва “Тожикобод” маҳаллаларида яшовчи аҳоли томорқалари ҳамда фермер хўжаликларига тегишли 650 гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти қўшни республикадан келадиган сув манбаларидан узилиб қолганлиги туфайли Галабутасой селхонаси устида ҳажми 120 метру 720 миллиметрлик темир қувур тортилиб, оби-ҳаётни “Обизаранг” ва “Тўпаланг” дарёларига оқизиб, аҳоли томорқалари ва фермерлар далаларини узлуксиз сув билан таъминлашга эришилди. Бундан ташқари, чегара ҳудуди ичкарисида қолиб кетган ва фойдаланилмай ётган насос агрегатлари ҳашар йўли билан Хатиб каналига ўрнатилди ва 250 гектарлик пахта, ғалла майдонлари, шунингдек, аҳолининг томорқаларига сув келиши яна изга тушди.

Б. Очилдиев номли СИУга қарашли 2080 гектар экинзорларни ва аҳоли томорқаларини узлуксиз сув билан таъминловчи “Жончека-1“, “Жончека-2” ва “Чақар” каналларининг бош қисми қўшни давлат ҳудудида жойлашган. Мамлакатимиз чегара қўшинлари қўмондонлиги кўмагида Тожикистон ҳудудидан бошланадиган Қоратоғ дарёсидан сув олиб экинларни доимий равишда таъминлашда Юсуф Саидовнинг хизматлари катта.

— Президентимиз қўшни мамлакатга ташрифи туфайли ўзбек-тожик халқларининг алоқалари яна изга тушди, — дейди Ю. Саидов. — Анчадан бери Тожикистон ҳудудидан сув келмай қолган Хатиб каналининг 6 километрлик қисмини қайтадан тозалаб, экинзорларга узлуксиз сув келишига эришдик. Айни пайтда 26 йилдан буён сувсиз ётган Хатиб каналига қўшни давлат ҳудудидаги Ширкент, Қоратоғ дарёларидан сув олиш кафолатли йўлга қўйилди.

Катта майдонни эгаллаб турган туман экинзорлари, боғлар, аҳоли томорқаларини сув билан таъминлашда тажрибали мутахассис Юсуф Саидовга касбдошлари ҳам кўмакчи ва маслаҳатчи. “Остона” канали бошлиғи, муҳандис-гидротехник Асатилла Хидиров, “Жончека-1”, “Жончека-2”, “Чақар” каналлари назоратчиси Раҳмат Жўраев, “Файзова” канали назоратчиси Шавкат Қорақулов, “Жингилжар” ва “Чиришли” насос станциялари сув тақсимловчиси Абдуназар Холлиев, Ж. Эшмирзаев номли СИУ мироби Жуманазар Розиқов, “Узунсувмахсуспудрат” ДУК экскаваторчиси Эшқул Абдурасуловларнинг ўзаро ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлиги туфайли Юсуф Саидов режалаштирган кундалик ишларини сифатли бажаришга эришаётир.

Айни пайтда ирригация бўлими ходимлари туман ҳудудидаги ариқ-зовурлар, каналларни механизм ва қўл кучи ёрдамида тозалаш ишларини жадаллик билан давом эттиришаяпти. Шунингдек, тизимдаги гидротехник иншоотлар ва гидротехник постларни таъмирлаш, сув нуратиб кетган дамбалар тиклашда жонбозлик кўрсатишаяпти.

— Президентимиз Ш. Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида сувни тежаш ва оби ҳаётни тежайдиган технологияларни деҳқончиликда кенг қўллаш масаласини алоҳида таъкидлаб ўтди, — дейди моҳир раҳбар Юсуф Саидов.— Чунки далаларга етказиб берилаётган сув катта харажатлар эвазига бўлаяпти. Ҳар биримиз сувдан фойдаланаётганда ундан тежаб фойдаланишга одатланмоғимиз шарт. Туманимизда 2019 йилги суғориш мавсумида сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича дастур тайёрлаб, 35 гектар майдонда синов тариқасида томчилатиб суғоришни, 141 гектар далани кўчма эгилувчан қувурлар орқали сувлашни, 85 гектар экинзорда полиэтилен плёнка билан қопланган эгатлар орқали сув тарашни мўлжаллаяпмиз. Соҳага илғорлар тажрибаси, сувнинг ҳар қатрасини тежовчи технологияларни қўллаш орқали сув сарфини камайтириш чораларини кенг жорий этамиз…

Ҳозир экинзорларга сув бериш вақтинча тўхтатилган. Ирригация тизими жонкуяри Юсуф Саидов бошлиқ сув етакловчилар ана шу фурсатдан фойдаланиб, биринчи галда “Файзова” каналининг 18 километрини тозалаш, қазиш, таъмирлаш ишларини якунлаш учун бир тан, бир жон бўлиб ишлашаётир.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Осойишталик посбонлари эҳтиёжманд 1000 оилага ўн турдаги озиқ-овқат маҳсулоти етказиб бермоқда

Сурхондарё вилояти ички ишлар идоралари ходимлари Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan