Бош саҳифа / Жамият / Сусткашликка ҳаққимиз йўқ!

Сусткашликка ҳаққимиз йўқ!

Яқинда вилоят ҳокими Э. Турдимов бошчилигида ўтказилган видеоселекторда Музработ ва Қизириқ туманларидаги марказий шифохонани капитал реконструкция қилиш ишлари суст бораётганлиги тилга олиб ўтилди.

Юртбошимиз эл саломатлиги, юрт ободлиги, келажак авлод баркамоллиги йўлида қабул қилган Ҳаракатлар стратегияси туфайли мамлакатдаги ўнлаб шифохоналар, поликлиникалар  капитал реконструкция қилиниб, айримлари янгидан бунёд этилмоқда. Бу эса Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётий ижобатидир.

Биз ўша куннинг эртаси Музработ туман тиббиёт бирлашмасига қарашли марказий шифохонада бўлдик. Ўнлаб қурувчиларнинг қўли-қўлига тегмайди, ҳар ким ўзига топширилган вазифани баҳоли қудрат бажариш билан машғул. Марказий шифохона катта қурилиш майдонига айланган. Биз у ерда туман ҳокимининг капитал қурилиш ва саноатни ривожлантириш бўйича ўринбосари Аҳмад Йўлдошевни, қурувчи ташкилот раҳбари Камол Рамазоновни, туман тиббиёт бирлашмаси қурилиш муҳандиси Баҳодир Бобоқуловни ва бош шифокор Рустам Одинаевни учратдик.

Уларнинг мақсади капитал таъмирлаш ишларини тез ва сифатли бажаришга қаратилган. Бу фикрни қурилиш учун масъул бўлган ҳар бир ходимдан эшитишга тўғри келди.

Қурилганига ярим аср бўлган (1963 йил) уч қаватли шифохона биноси ачинарли аҳволга келиб қолган эди. Айниқса, лаборатория хоналари, беморлар ётадиган хоналарнинг эшик-ромлари увада, поллари кўчган, иситиш тизими талабга жавоб бермайдиган, нозик таъбли киши кирса, ижир ғанадиган даражада эди. Камина шу туманда яшаганлигим туфайли бу ердаги аҳволни яхши биламан. Айниқса, шифохонанинг атрофи ва ички ҳовлисида тўпланиб қолган чиқиндилар, плита, тош, тупроқ ва барча бўлимларнинг ночор аҳволдалиги кишининг ғашини келтирарди. Ҳукуматимизнинг ғамхўрлиги билан ўтган йили туман туғруқхона бўлими замон талаблари даражасида капитал реконструкция қилинди ва фойдаланишга топширилди. Жорий йилда эса уч қаватлик  марказий шифохона таъмирлашга туширилди.

Шифохона биносини таъмирлашни жорий йил 10 апрелда К. Рамазонов бошлиқ “Хўжа-М” қурилиш корхонаси тендерда ютиб олган. Қурилиш-таъмирлаш қиймати 3 миллиард 738 миллион сўм. Қурилиш ташкилотининг трактор, машиналари, кранлари, бетон ва лой қоргич мосламалари етарли. 50 дан ортиқ кичик механизмлар ишчилар ихтиёрида.  Ҳозиргача барча қаватларда эшик-ромлар қўйилиб, мармар пол ётқизилган. Хоналар ичига эса ленолиум тўшалган. Бинога чиқадиган тўртта йўлакни таъмирлаш ишлари биз борган куни бошланган экан. Шунингдек, икки қаватли лаборатория биносида мармар пол ётқизиш, хона деворларига плита ёпиштириш ишлари олиб борилаётган экан. Беморлар ётадиган айрим хоналарга  тўшалган  ленолиум тўлқин-тўлқин бўлиб, сифатсиз  ётқизилган. Шунинг- дек, ҳали икки метр йигирма сантиметрлик бино ертўласини таъмирлаш ишлар бошланмаган. Лифтни ўрнатишга ҳали навбат келмаган.  Бинога кириш жойида ҳашаматли фае қурилиб, сўнгги бетонлаш ишлари олиб борилаётган экан.

Ижодий гуруҳимиз билан шунга амин бўлдикки, бино атрофида ярим асрда тўпланиб қолган тош, шағал, бетон, асфальт ва тупроқни чиқариб ташлаш ҳам қурувчиларнинг анча вақтини олганга ўхшайди. Бино пойдевори кўмилиб қолганлиги учун бу ердан 200-300 машина ортиқча тупроқ ва тошни чиқаришга тўғри келади. Биз борган куни таъмирлаш иши билан 68 нафар киши банд эканлигига гувоҳ бўлдик.

— Қурувчиларни “бўлҳа-бўл” қилиш иш сифатига салбий таъсир этади. Бу ерда жарроҳлик амалиёти хоналари, нозик тиббиёт жиҳозларини ўрнатишда оддийгина хато ҳам катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, — дейди қурилиш муҳандиси  Б. Бобоқулов. — Шунинг учун иш ўта сифатли ва маромида бўлгани маъқул.

Бино битгач, биринчи қаватида қабулхона, рентген, диагностика, стрелизация, 10 ўринлик хирургия бўлими, иккинчи қаватида 20 ўринли туғруққа тайёрлаш, 10 ўринли жарроҳлик, учинчи қаватида эса гинекология ва терапия бўлимлари  жойлаштирилар экан.

Қизириқ туманидаги шифохона ҳам 1968 йилда худди шу лойиҳа асосида қурилган. Биз борган маҳал на қурувчи ташкилотнинг раҳбари, на технадзор, на бошқа тегишли кишиларни топа олдик. Иш юритувчи Хушвақт Тошпўлатов  бизга қилинган ишларни кўрсатди. Бинонинг учинчи, иккинчи, биринчи қаватларига эшик-ромлар қўйилган, мармар пол ётқизилиб, плиталар ўрнатилган. Иситиш тизимлари ўрнатилиш арафасида экан. Шу куни бинога кириш жойида бетон қуйиш ва мармар плиталарни кесиш ишлари қизғин  олиб борилаётган экан.

Бинога чиқиладиган тўртта йўлак зиналарини таъмирлаш, сувоқлаш, ертўлани таъмирдан чиқариш, лаборатория биносининг эшик-ромларини қўйиш, полларни ётқизиш ишлари чала ҳолда ётибди. Айниқса, ертўлага зах суви тўпланиши туфайли ҳар куни насос орқали тортиб олишга тўғри келаркан.

Бу ерда ярим метрга яқин тош-шағал ётқизиб, бетонлаш лойиҳада кўрсатилган, — дейди иш бош- қарувчи Хушвақт ака.—  Аммо бу вазифа кириш йўлаклари бўлмагани сабаб қурувчилар учун жуда катта муаммони келтириб чиқаради.

Бундан ташқари, канализация учун ҳар бири 50 кубдан келадиган иккита ёпиқ чиқинди ҳовузи қурилган. 200 тонна тоза ичимлик суви кетадиган ҳовуз қурилиб, насос ўрнатилган. 25 тонна сувга мўлжалланган минора қад ростлаган. Биз борган куни қурилиш ишларида 80 нафардан ортиқ киши банд экан.

Шифохонани таъмирлашни жорий йил 3 апрелда тендерда ютиб олган “Парвина” савдо ишлаб чиқариш корхонаси тасарруфида қурилиш учун зарур бўлган барча техника ва асбоб-ускуналар муҳайё эканлигини айтишди. Шартнома қиймати 3 миллиард 819 миллион 570 минг сўмни ташкил қилади. Биз қурилиш ташкилоти раҳбари Рамазон Исаевни ўша куни учрата олмадик. Бошқа қурилиш объектларига кетганини айтишди.

Ҳар иккала туман марказий шифохонаси шартнома бўйича 2018 йил январь ойида фойдаланишга топширилиши лозим. Бироқ қурувчилар бу ишни муддатдан, олдин декабрь ойида уддалашни қатъият билан таъкидлашди. Барча қурилиш материаллари ва маблағ етарли. Бироқ гап бошқа, иш бошқа. Агар ишчи ва техника кучи кўпайтирилиб, вазифага масъулият билан ёндашилмас экан, бу муддатда барча ишларни якунлаш мушкул. Ҳар иккала шифохонани капитал таъмирлашда 8-10 фоиз иш қолган, холос. Келгуси йил ҳар иккала туман юқумли касалликлар шифохонаси қурилиши бошланади. Келажакда ҳар иккала туманда ягона ва кўп тармоқли шифохона комплекси бунёд этилади.  Энг муҳими, шифохонанинг барча бўлимлари замонавий тиббий-ускуналар билан жиҳозланиб, беморларнинг ортиқча оворагарчилигига барҳам берилади.

Яна бир гап. Вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи  хизмати” инжиниринг компаниясининг  вакили, тўғрироғи “технадзори” ҳар куни иш суръати ва сифатидан хабардор бўлиб туриши керак эмасми? Биз эса иккала объектда ҳам бундай ходимни учрата олмадик.  Ўйлаймизки, қурувчилар халқ саломатлиги, юрт ободлиги йўлидаги хайрли ишларни шараф билан уддалаб, ҳар иккала шифохонани муддатидан илгари замон талаблари даражасида фойдаланишга топширишади. Беморлар ва шифокорлар сизу биздан нажот кутиб қараб турганда, сусткашлик қилишга ҳаққимиз йўқ.

 Сафар ОМОН,
Алиёр РАЖАБОВ,
“Сурхон тонги” мухбирлари

 Суратларда: таъмирлаш-қурилиш жараёнидан лавҳалар. И. АМИРҚУЛОВ олган суратлар

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Жарима тўлади

Бугунги кунда юртимизда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган шахсларга ҳамма қулайликлар яратилган. Жумладан, кўпчилик шахсий …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE