Бош саҳифа / Жамият / Сурхоннинг фахри

Сурхоннинг фахри

Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёев воҳамиз сайловчилари вакиллари билан учрашувида “Ўзининг ҳалол меҳнати, бетакрор истеъдод ва маҳорати билан Сурхондарё ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган кўплаб фидойи юртдошларимиз номларини бугун ҳурмат билан тилга оламиз.

Шулар қаторида академик Назар Тўраев номларини алоҳида таъкидлаш ўринлидир”, дея айтиб ўтганди.

Доно халқимиз олимлар меҳнатини игна билан қудуқ қазишга менгзашади. Бу бежиз эмас, албатта. Фан ва маданият вакиллари ижодининг ижтимоий ва маънавий қийматини белгилай оладиган тош-тарозини эса одамзот ҳали топганича йўқ. Зотан, буни белгилаш учун, шоир Ғафур Ғулом айтганидек, “олтиндан тарозу, олмосдан тош оз”. Фанимиз ва маданиятимиз равнақи йўлида бебаҳо ҳисса қўшган алломаларимиздан бири, ҳозирча, Сурхон диёридан етишиб чиққан олимлар орасидан Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолигига мушарраф бўлган Назар Тўраевдир.

Дунё миқёсида шундай бир мезон қабул қилинганки, буюк олимларга мутахассислигини чуқур эгаллаганлиги, яъни олимлиги, инсонийлиги, раҳбарлик лавозимидаги фаолиятига қараб баҳолаш белгиланган.

Бўлғуси олим Назар Тўраев 1938 йил 19 майда Денов туманидаги Чуқур қишлоғида ишчи оиласида таваллуд топди. 1945-1955 йилларда тумандаги 24-умумтаълим мактабида ўқиди ва олтин медаль билан тугатди. Бир йил шу мактабда математика фанидан дарс берди. 1956 йили Самарқанд давлат университети физика бўлимига ўқишга кирди ва 1961 йилда имтиёзли диплом билан тугатди. Иқтидорли ёш мутахассис Ўз ФА ядро физикаси институтида илмий ходим бўлиб иш бошлади. 1964-1967 йилларда аспирантурада ўқишни давом эттирди. Шу тариқа Назар Тўраев олим сифатида шаклланди. 1968 йили машҳур олим, академик, ўз даврида Ўз ФА президенти лавозимида ишлаган Убай Орипов илмий раҳбарлигида физика-математика фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун диссертация ҳимоя қилди.

Олим 1980 йилда Украина фанлар академияси физика     институтида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Назар Тўраев қарийб олтмиш йил давомида атом ва ионларнинг қаттиқ жисмлар сиртларида сочилиши назарияси бўйича қатор илмий тадқиқотлар яратган. Атомларнинг бир тўқнашув ва иккиламчи тўқнашуви натижасида сочилиши, бу тўқнашувларнинг мумкин бўлган соҳаларини аниқлаш, уларнинг сирти бомбардимон қилаётган заррачаларнинг энергияси, массаси, тезлиги, заряди ва бошқа хоссаларига боғлиқлиги асосида жисм сиртларини анализ қила билиши тасдиқланди. Қаттиқ жисмларни жуда кичик бурчаклар остида атомларнинг қатори деб қараб, ана шундай атом қаторларида сочилган ионлар ёки атомларнинг энергетик тақсимлаш қонуниятларида монокристалл жисмлар тузилишлари тўғрисида муҳим ахборотлар мавжудлиги аниқланди. Бу жаҳон илм-фанида “Тўраевнинг ион қатори эффекти” деб аталди.

Олимнинг 300 дан ортиқ илмий мақолалари ва 20 дан ортиқ монографияси чоп этилган. “Атом тўқнашувларида ҳосил бўладиган жараёнлар назарияси” монографияси Нью-Йорк, Амстердам, Лондон ҳамда Токиода чоп этилган. Олим Вена, Оксфорд, Бухарест, Мюнхен, Москва, Киев, Минск, Донецк, Харьков, Каунас каби жаҳоннинг машҳур илм-фан марказларида маъруза қилган ва дунё олимларининг эътиборини қозонган.

Умуминсоний қадриятлар кенг кўламли иқтисодий тараққиёт учун жуда керак. Замонавий технология, молекуляр биология, электроника, ядро физикаси умуминсоний тафаккур ҳосиласи сифатида ривожланади ва айнан умуминсоний кучларни бирлаштириш асосидаги янгича фикрнинг маҳсули ҳисобланади. Фикримизнинг исботи учун бир далилни келтирмоқчимиз. ЗАО “Қотишма корпорация” бош директори, Россия  фанлар академияси академиги Николай Фёдоров Россияда ядро физикаси соҳасида буюк олимлар камайиб бораётганлигидан ташвишланаётганлигини баён этаркан, муаммони бартараф этиш учун бўлажак физиклар тайёрлаш маркази ҳисобланган Сколково мактабига жаҳоннинг машҳур олимларини жалб этишни тавсия этади. Бусиз Россия ядро физикаси шуҳратини тиклаш қийин эканлигини баён этган. Хўш, бу ишга Н.Фёдоров жа-ҳоннинг қайси олимларини жалб этишни тавсия этган? Унинг тавсиясига биноан: Россия олимларидан Г.Г.Перельман, С.Смирнов, Ю.Маравин,           Ю. Трутнев, Ю.Абов, Е.Велихов, В.Кадишевский, С.Кириенкони, Япониядан Камаме Икеда ва Осама Мотодзимани, Ўзбекистондан эса академик Назар Тўраевни жалб этишни маслаҳат беради.

Олим раҳбарлигида 30 дан ортиқ фан   докторлари ва номзодлари тайёрланган.

Назар Тўраев деганда, кўз ўнгимизда каттаю кичикка ҳар доим бир хил, айни пайтда уларнинг фақат ўзларигагина хос мулоқот, муомала қила оладиган зийрак инсон гавдаланади. Унинг бу хусусияти қаерда, қандай лавозимда ишлаганидан қатъий назар, шахсий фаолият сифатида намоён бўлиб келган. Буни “Назар Тўраевнинг инсонийлик эффекти” десак бўлади. Ва ниҳоят, буюк олимнинг хизматига баҳо беришнинг учинчи мезони унинг раҳбарлик лавозимидаги фаолияти билан белгиланади. Н.Тўраев 50 йил давомида олимликни раҳбарлик ва ташкилотчилик билан қўшиб олиб бориб Ўзбекистон илм-фани равнақи йўлида тинмай хизмат қилмоқда. У 1968 йилда Ўз ФА электроника институтида илмий котиб, 1972 йилдан шу институтда лаборатория мудири, 1977-1983 йилларда Тошкент политехника институти физика электроникаси кафедраси мудири, 1983-2000 йилларда ҳозирги Термиз давлат университети ректори, 2000 йилдан буён Ўз ФА да турли раҳбарлик лавозимларида хизмат қилди. Ҳозирги кунда академиянинг илмий-ўқув маркази раҳбари сифатида фанимизнинг бугуни ва эртаси учун зарур бўлган олимларни етиштиришдек энг долзарб муаммони ҳал қилишда бош-қош бўлмоқда.

У 1990-1994 йилларда Олий Мажлис депутати сифатида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида бўлган туб ўзгаришлар, жумладан, мустақиллик Декларацияси, Конституциямизнинг қабул қилиниши, давлат байроғи, герби ва мадҳиясини қабул қилишдек шарафли, масъулиятли ишларда фаол иштирок этди.

Термиз педагогика институтига раҳбарлик қилган йилларда Назар ака бошчилигида факультетлар, кафедралар сони ортиб, илмий лабораториялар ташкил этилди. Энг муҳими, кадрларни танлаш ва жой-жо-йига қўйишга эътибор берилди.

Назар ака жамоани жипслаштирди. Натижада, илгари битта ҳам фан доктори бўлмаган чекка педагогика институтида фан докторлари 30 нафарга, фан номзодлари 180 нафарга етди.

Термиз педагогика институти республика миқёсида ўз ўрнига эга бўлди. 1992 йил мартида Биринчи Президентимиз И. Каримов қарорига асосан педагогика институти замирида Термиз давлат университети ташкил этилди. Бу  воҳа маданий ҳаётида буюк воқеа бўлди.

Раҳбарлик бу энг мураккаб ва ўта масъулиятли санъатдир. У сезгирлик, зукколик, акл-заковат, қисқаси том маънодаги инсонийликни тақозо этади. У кўп минг кишилик жамоани ягона катта оила деб қарар, ҳаммани тенг кўрар эди. Ҳузурига мадад сўраб кирганлардан бирортаси хафа бўлиб чиқмаган. Борди-ю ҳузуридан бирор киши маъюс ҳолда чиқадиган бўлса, ўша киши иш жойига келишга улгурмасдан изидан одам юбориб ўз ҳузурларига чақиртирар, ўринларидан туриб, табассум билан “сиз озгина ранжиб чиқдингиз, шекилли, узр”, деб кўнглини кўтарар эди. Ҳеч кимдан ёрдамини аямас, энг муҳими, берган ёрдамини ҳеч қачон миннат қилмас эди. Мана буни “Назар Тўраевга хос раҳбарлик санъати эффекти”, десак бўлади. Қани эди барча раҳбарлар бу санъатни эгалласа!

Назар аканинг исми жисмига монанд. У доимо эл-юрт назарида бўлиб 1988 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби” унвони соҳиби, 1989 йил фанлар академияси мухбир-аъзоси, 2000 йилда эса ҳақиқий аъзоси этиб сайланди. Бир қанча орден ва медаллар соҳиби бўлди. Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг топшириқларига биноан Н. Тўраевга бағишлаб илмий оммабоп фильм яратилди.

Буюк файласуф шоиримиз Мақсуд Шайхзода айтганидек:

Дўстлар, яхшиларни
авайлаб сақланг!
“Салом” деган сўзнинг
 салмоғин оқланг.
Ўлганда юз соат йиғлаб
тургандан,
Уни тиригида бир
бора йўқланг!

Биз сурхондарёликлар буюк олимимиз билан фахрланиш баробарида у кишига мустаҳкам соғлик, омонлик тилаймиз!

Шомат САМАТОВ,
фалсафа фанлари
доктори, профессор

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan