Сурхоним

0
46

Зомин тонглари гўзал…

Сирли, сеҳрли шуълалар чечакдай сочилиб-сочилиб ерга тўкилади. Тоғлар орасида ўсаётган дарахтлар одамдай ҳокисор. Жилғалар қўшиғи чопиб бораётган болакайнинг кулгусидай жарангли, беғубор.

Бироқ кўнглимнинг бир чети чироқ ёқса, ёришмайдигандай, қоронғу. Уйимни, ота-онамни, жигарларимни соғиндим. Ёзувчиларнинг қаеридир дадамга ўхшаса, шоираларнинг қайсидир ҳаракати аямни эслатади. Шу атрофда ўйнаб юрган болалар орасида укам бордай туйилади. Бошида дўппи, юзлари лўппи қизларга  синглим гаплашиб тургандай, жовдираб қарайман.

Мен юртимни қачон бунчалар суйиб улгургандим, билмайман… Момом бошимни силаб, болалигини айтиб берган вақтларда шууримга суратинг чизилган бўлса, ажабмас. Қиру адирларга термуларканман, лим-лим тўлиб келган ҳислар, туйғулар қанотида парвоз қиларканман, таърифингга сўз топа олмасдим.

Назаримда, тонглар отмайди.  Аксинча, биз тонгларга озодликка интилган қушдай отиламиз. Сен менинг тонггим, қуёшимсан, Сурхондарё. Мен сенга кунларни, тунларни кечиб келаяпман. Қара, қадамларим гуллаб бораяпти. Сен-у мен улғайиб бораётгандай,  Сурхондарё…

Гулмира АБДИРАИМОВА,
семинар иштирокчиси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг