Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сурхондарё ловияси – Ирландияда

Сурхондарё ловияси – Ирландияда

Қишлоқ хўжалигига яроқли заминда моҳир деҳқонлару тажрибакор боғбону соҳибкорлар астойдил меҳнат қилиб, халқимизни турфа ноз-неъматлар билан таъминлашга ўзларининг муносиб улушларини қўшиб келишаяпти.

Соҳада амалга оширилаётган туб иқтисодий ислоҳотлар натижасида деҳқон ҳам, боғбон ҳам, сабзавоткор ҳам ўз маҳсулотини истаган харидорига сотиш ва пировардида мўмай даромад топиш имкониятига эга бўлаяпти. Замин заҳматкашлари ўзлари етиштирган картошка, пиёз, ҳўл мева, қуруқ мева, ҳар хил сабзавотлар ва дуккакли экинлар ҳосили билан ички бозорни тўлдиришаяпти. Вилоятда фаолият кўрсатаётган экспортчи корхоналарнинг тадбиркор ва ишбилармонлари эса деҳқону боғбон маҳсулотини харид қилиб, қўшни давлатларга экспорт қилишмоқда. Бу билан улар деҳқоннинг, боғбоннинг сабзавоти, мева-чевасининг бир қисми нобуд бўлиб кетиши олдини олиш билан бирга, маҳсулотларни бошқа давлатларга сотиб, хазинамизга хориж валютасини киритишаётир.

— Бугун воҳамизда рақобатбардош маҳсулотларни экспорт қилувчи корхоналар сони 40 дан зиёд, — дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бош қармасининг “Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида ишлаб чиқариш иқтисодий таҳлили” бўлими бошлиғи Зафар Жумаев. — Баъзилар экс портчи корхоналарнинг олиб сотарга, ўзлари маҳсулот етиштирмай, деҳқоннинг ошига шерик бўлаётганга менгзашади. Ваҳоланки, деҳқон ва боғбоннинг маҳсулотини экспорт қилишга вақти йўқ. Чунки у боғини парвариш қилиши, деҳқончилигини кўнгилдагидай бажариши керак. Хорижий харидорлар билан тил топишиш ҳам осон эмас. Авваллари экспортчи ташкилотлар йўқлиги туфайли боғбонларнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бир қисми ириб-чириб кетгани, деҳқонлар, хусусан, шахсий томорқадорлар тонна-тонна маҳсулотларини сотолмай исроф қилишганини ҳаммамиз яхши биламиз. Шундай экан экспортчи корхоналарнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш даркор.

Президентимизнинг 2018 йил 12 октябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мамлакат экспорт салоҳиятини кенгайтириш, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортининг тўлақонли ривожига тўсқинлик қилаётган ғовларни бартараф этиш, экспорт фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватланишини такомиллаштириш, шунингдек, маҳаллий мева-сабзавот маҳсулотларини таш қи бозорга чиқаришнинг комплекс тизимини ташкил этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу қарор вилоят деҳ- қону боғбонлари, шунингдек, экспортчи ташкилотлар вакиллари кўнглидаги иш бўлди. Чунки қарорда шу турдаги фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёз ва қулайликлар берилиши таъкидланган. Бундан руҳланган экспортчи корхоналар фаолиятларини кенгайтиришмоқда. Бугун вилоятимизда фаолият кўрсатаётган Учқун Адизов раҳбарлигидаги “Jarqo`rg`on meva-sabzavot eksport” МЧЖ, “Surxon eksport savdo” МЧЖ, тадбиркор Шерали Ўролов бошлиқ “Uzun fruits different” МЧЖ, Мансур Ўташев етакчилигидаги агрофирма “Surxon import exsport agro” МЧЖ, Холназар Мусурмонқулов саркорлигидаги “Inter elantra trade” МЧЖ жамоалари Денов туманидан 26 минг тонна, Қизириқ туманидан 21 минг тонна, Термиз туманидан 21,6 минг тонна, Музработ туманидан 11,3 минг тоннадан турфа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Сингапур, Қозоғистон, Покистон, Ирландия, Озарбайжон, Туркия, Ҳиндистон, Афғонис тон, Буюк Британия каби давлатларга шартнома асосида жўнатишди. Айнан шундай экспортчи корхоналарнинг саъй-ҳаракати эвазига жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида хорижий давлатларга сурхондарёлик моҳир боғбону миришкор деҳқонлар етиштирган турфа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан жами 142 минг тоннаси экспорт қилинди. Бунинг эвазига вилоят иқтисодига 92,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ келиб тушган. Экспортга жўнатилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 131,5 минг тоннаси янги узилган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўлса, қолгани ерёнғоқ, мош, ўрик данаги, ловия, қуритилган ўрик, қуритилган олхўри, майиз, қуритилган олма, нўхат ва бошқа маҳсулотлардир.

Вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассисларининг фикрига кўра, юқорида номлари санаб ўтилган экспортчи ташкилотлар хорижий ишбилармонлар билан 2020 йилгача қишлоқ хўжалик маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича шартномалар тузган. Йил охиригача яна тонна-тонна маҳсулот жўнатилади ва хазинамизга қўшимча хорижий валюта киритилади.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Талабага имтиёзли кредит

Ҳар ҳафта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан ўтказилаётган мулоқотларда вилоят ҳокими Тўра …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE