Бош саҳифа / Жамият / Сурхондарёнинг уйғур ўғли

Сурхондарёнинг уйғур ўғли

Илмий ишни ёқлаб, вилоят «Ленин байроғи»газетаси идеология бўлимининг мудири бўлиб ишлаб юрган кезларим эди.

1989 йилнинг октябрь ойида ўзбек тилига давлат мақоми берилганлигини катта қувонч, алоҳида кўтаринкилик билан кутиб олганимиз ёдимда. Асли келиб чиқиши уйғур бўлган ва Сурхондарё вилоятини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшганлардан бири — бу ажойиб инсон билан илк танишувим ўша пайтда рўй берган эди. Муҳарриримиздан ўзбек тили бўйича саводхон бир кишини ажратишни, у вилоят партия қўмитаси ходимлари билан ҳужжатларни ўзбекча юритиш бўйича саводхонлик курси машғулотларини олиб боришини сўрашибди. Бу курсга мени юборишди. Ўшанда вилоят партия қўмитасида Шавкат Юнусов, Жума Чоршанбиев, Ҳамро Эрматов, Норбой Султонов, Эркин Диёров, Шуҳрат Саъдуллаев, Жаббор Иброҳимов, Ҳамза Муҳамедзянов ва бошқалар ишлашарди. Мен дастлаб курс тингловчиларининг ўзбекчани нечоғли билишлари, саводхонлик даражаларини аниқлаш мақсадида таржимаи ҳолларини ёзишлари бўйича топшириқ бердим. Икки-уч кундан кейин партия ходимларининг «ёзма ишлари»ни олиб, ўқиб кўриб, очиғи, беш кетмадим. Ўйлайманки, «Агар автобиографияларингизни рус тилида ёзингизлар» деганимда, уни ҳам қойиллатишмаслигига имоним комил эди. Таржимаи ҳоллар пала-партиш, кўплаб имло хатолари билан, қинғир-қийшиқ дастхатлар билан ёзилганди. Ҳафсалам пир бўлди. Улар шу савод, шу даража билан қандай қилиб, вилоят партия қўмитасида ишлаб юришган экан, деган фикрга борганлигим аниқ. Менинг эътиборимни фақат битта таржимаи ҳол ўзига жалб қилди. Бу ғоятда чиройли ҳуснихат билан, равон ва тушунарли, батафсил ёзилган мустақил иш вилоят партия қўмитаси ижтимоий-иқтисодий сиёсати бўлимининг мудири Эркин Мажидович Ангировга тегишли эди. Кейинчалик билишимча, партия ходимларини ўзбекча қайта тайёргарликдан ўтказиш ташаббуси ҳам шу кишидан чиққан экан. Мен таржимаи ҳол эгасининг миллати уйғур эканлиги, мактаб ва олий ўқув юртларида асосан рус тилида ўқиганлиги, асл касби қурувчи эканлигини билиб, ҳайратим ошди. У кишининг таржимаи ҳолини юксак баҳоладим, бошқаларга намуна қилиб кўрсатдим. Хуллас, Эркин Мажидович билан биринчи танишувим ана шундай кечганди.

Кейинроқ у киши касаба уюшмалари вилоят кенгаши раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган кезлари ҳам бир неча бор турли сабаблар билан учрашдим. Бир-биримизга суҳбатимиз маъқул бўлди. Кўп ўтмай, туғишган ака-укадек қадрдон бўлиб кетдик. Кўришмаганимизга бир ҳафтадан ошса, у киши, албатта, йўқлар, учрашиб, суҳбатлашардик. Эркин аканинг дунёқараши жуда кенг бўлиб, у киши билан хоҳлаган мавзуда ажойиб суҳбат қуриш мумкин эди. Бу инсон бежизга18 йил мобайнида вилоят колхозлараро қурилиш ташкилоти раҳбари, вилоят ижроия қўмитаси раиси ўринбосари бўлиб ишламаган экан, деган фикрга борардим.

Эркин Ангиров кексайган чоғида ҳам ташкилотчилик ишларига, кишилар бошини қовуштиришга бош-қош бўлди. Мен у киши туфайли Абдулла Норпўлатов, Ҳайитмурод Қаршиев, озарбойжон фарзанди Иброҳим Рамазонов, Тўра Алимов каби ажойиб қурувчилар, Фарҳод Аъзамов каби кўз врачи ва бошқа турли касб эгалари, раҳбарлар билан яқиндан танишдим ва қадрдонлашдим. Агар у кишига телефон қилгудай бўлсам, овозимдан таниб: «Э-э, Муҳаммаджон, бормисиз?» деб қувониб, кулиб юборардилар. Кайфиятларини сўрасам, «Мана, сиз телефон қилдингиз, энди яхши бўлади-да”, — дердилар. Эркин ака шогирдларининг кўп хусусиятларини қадрлардилар. Масалан, Абдулла ака Норпўлатовдаги пианино чалиш, европача рақс тушиш, сўзамолликни, пазандаликни, Ҳайитмурод Қаршиевдаги қўнғиротча дўлворлик, бағрикенглик, дангалликни, Иброҳим}Рамазоновдаги бошқаларнинг гапларини эшитишни яхши кўриш, зоҳидларга хос эътиқод ва софликни, офтальмолог Фарҳод Аъзамовдаги яхши суҳбатдошлик ва самимийликни эъзозлардилар. Шуниси ҳам борки, Эркин Мажидович мусиқани жуда севар, уйларида пианино бор эди. У киши «Ички ишлар ходимлари марши», “Қўшинлар марши», «Ўзбекистон байроғи», “Ёшлик навоси», «Болалар вальси» каби ўндан кўпроқ мусиқа яратган бўлиб, шулардан бир нечаси ҳозир ҳарбий ансамбллар томонидан куйланмоқда. «Ўзбекистон байроғи» куйига мослаб эса мен шеър ёзиб берган эдим. Эркин Ангиров ўзлари яратган куйларни пианинода жуда чиройли қилиб чалиб берарди. У кишининг бастакорлик истеъдодлари ҳақида вақтида газеталарда ҳам мақолалар эълон қилинганди.

 Менинг Тўра Болтаев, Бобо ака Шарафуллаев, Абдулла Адиров каби қурувчилар билан ҳамқишлоқ эканлигимни билиб, Абдулла Адиров ва Бобо ака Шарафуллаевларни бошқа юқори раҳбарлар ишдан кетказишни истасалар-да, қандай қилиб олиб қолганликлари ҳақида ҳикоя қилар, у киши билан деярли бир умр ёнма-ён ишлаган, хотираси ўткир ва кўп нарсани биладиган шогирдлари Абдулла ака Норпўлатов эса устознинг гапларини тўлдириб, изоҳ бериб турардилар.

Гурунгларнинг бирида у киши таржимаи ҳолларини айтиб қолдилар. Эркин ака Ангиров 1934 йилнинг 5 июлида (аслида туғилган кунлари 29 декабрь бўлиб, таваллуд кунларини шу куни нишонлардилар) Ёркент шаҳрида туғилган эканлар. У кишининг падари бузрукворлари Мажид Ангиров олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлиб, 1927-1931 йилларда Шеробод НКВДсининг бошлиғи бўлиб фаолият кўрсатган. Кейинроқ Ёркент автоном областининг ва Тошкент шаҳрининг прокурори бўлган. 1939 йилда эса у ҳам Файзулла Хўжаевнинг «думи» сифатида қамоққа олинган. Фарзандлари Сурхондарёда қолаверган. Бир йилдан кейин айбсизлиги исботланган ёки жазо муддатини ўтаганлиги учун Сурхондарёга -болалари олдига қайтиб келиб, турли лавозимларда ишлаган ва бир йилдан сўнг— 39 ёшида Шўрчи туманида вафот этган.

 Эркин Мажидовичнинг онаси Шамсия Раҳимова жуда ўқимишли аёл бўлиб, у киши Ўзбекистон ва Қозоғистон Ёзувчилар уюшмалари аъзоси бўлган, халқ ижодий тўпламларини тузишда иштирок этган. Она 1985 йилда 75 ёшларида Термиз шаҳрида вафот этдилар.

 Ота вафотидан кейин Шўрчи туманида оила бошлиғисиз қолган Ангировлар оиласи муҳтожликда жуда қийналди. Ота хоки қолган ва ўзлари ўрганган жойни ташлаб, уйғурлар яшайдиган Ёркентга қайтиб кетгилари келмади. У ёқда ҳам уларни ҳеч ким қучоқ очиб кутмаётганди, албатта. Айниқса, Иккинчи жаҳон уруши давридаги очлик-йўқчилик оиланинг тинкасини қуритди. 7-8 ёшларда бўлган Эркинни болалар уйига беришга мажбур бўлишди. Йиллар ўтди, табиатан тиришқоқ, меҳнатсевар бўлган Эркин мактабни аъло баҳоларда битирди. Айниқса, унинг табиий фанларга иштиёқи зўр эди. Шунинг учун ўрта мактабни битиргач, оилага мадад бўлсин деган умидда собиқ «Ленинизм» жамоа хўжалигидаги Фрунзе номли 16-ўрта мактабда математика фанидан икки йил дарс берди. Сўнг, барибир, олий маълумот олмаса бўлмаслигини билиб, ҳар қанча иқтисодий қийинчиликларга қарамай, 1954 йилда Ўрта Осиё политехника институти қурилиш факультетига ўқишга кирди.

Олий ўқув юртини аъло баҳоларда битирган Эркин Ангиров Шўрчига оила бағрига қайтди. Мен олий маълумотлиман, деб, бирдан юқорини ҳам кўзламади. Дастлаб, Шўрчи тумани қишлоқ хўжалиги бошқармасида уста бўлиб ишлади. Сўнг Термиз шаҳридаги техника ёрдами кўрсатиш бюроси бош муҳандиси, Шўрчи тумани колхозлараро қурилиш ташкилотида мутахассис ва бўлим бошлиғи, сўнг бош муҳандиси вазифаларида фаолият кўрсатди. Ундаги ташкилотчилик, ишнинг кўзини билиш, кўпчиликнинг бошини қовуштириб ишлай билиш хусусиятлари эътиборни жалб қилди. Эркин Ангиров 1964 йилдан 1969 йилгача дастлаб вилоят колхозлараро қурилиш ташкилотининг бош муҳандиси ва бошлиғи, кейин Шўрчи тумани колхозлараро қурилиш ташкилотининг раиси бўлиб ишлади. 1969 йилдан бошлаб, 16 йил муттасил йирик вилоят колхозлараро қурилиш ташкилоти раҳбари вазифасида фаолият кўрсатди. Кўплаб янги қўрғонлар ва сув иншоотлари, мактаблар ва мактабгача тарбия муассасалари, маданий-маиший объектлар бинолари унинг бевосита раҳбарлиги ва ташаббускорлиги билан бунёд этилди. Эркин Мажидович бошқаларга ўхшаб бойлик орттириш ва ўзига уй-жой қуришга қизиқмади. Камтарона яшади, эл манфаати деб елиб-югурди. Шунинг учун «Ҳурмат белгиси», икки марта Меҳнат Қизил байроқ орденлари, «Шавкатли меҳнати учун» медали, «Узколхозстрой» аълочиси, «Халқ таълими аълочиси» «СССР Фуқаролик мудофааси аълочиси” нишонлари, Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 10 ва 15 йиллиги медаллари билан тақдирланди. Бир неча бор депутат ва партия қўмиталари пленумлари аъзоси этиб сайланди.

 Ўтган асрнинг 90-йиллари боши эди. СССР тарқаб, ҳали мустақил давлатлар жамият қурилишининг тамал тоши қўйилмаганди. Термизга бир уйғур полковниги келди. Эркин Ангировни топиб, ўзининг махсус унинг учун келганлигини таъкидлади, уйғурлар яшайдиган қўшни давлатга кўчиб ўтишга ва ишга таклиф қилди. Катта мансаб ва бойлик, баланд обрў-эътибор ваъда қилди. Шунда Эркин Ангиров унга «Менинг миллатим уйғур бўлгани билан Сурхондарёда ўсиб-улғайдим, шу ернинг нонини еб, катта бўлдим, фарзандлар кўриб, уларни тарбиялаб, катта қилдим. Шу ердан бахт топдим. Отам ва онам қабрлари-шу ерда. Бу юртнинг яхши кунларида нонини еб, бошига ҳозир шундай оғир кунлар тушганда, қочиб кетаманми? Мен — Сурхондарёнинг ўғлиман. Ҳеч ёққа бориш ниятим йўқ», — деб унга қатъий, муросага ўрин қолдирмайдиган тарзда жавоб қилди.

Эркин ака кексайган чоғида ҳам тиниб-тинчимасди. У дарё бўйларида ўсиб ётган қамишларни беҳуда ёқиб юборишга қарши эди, қамишлар ва ғўзапоядан хорижникидан қолишмайдиган мебеллар ишлаб чиқариш, оддий қумдан ажойиб қурилиш материаллари тайёрлаш ва бошқа бир қанча шундай ғоялар билан яшади. Бу хусусда вилоят ҳокимлигига, республика қурилиш вазирлигига ёзди. Вилоят ҳокимлигидан жавоб бўлмади. «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлимининг бошлиғи унинг фикрларини, таклифларини эшитар экан, кутилмаганда осмондан тараша тушгандек қилиб, «Эркин ака, ростини айтинг, мабодо менинг жойимни олиш ниятингиз йўқми?» деб сўради. Эркин Ангиров унинг хаёлида бутунлай бошқа фикр, бошқача тушунча борлигини, ўзининг таклифларини умуман эшитмаётганлигини билиб, ҳафсаласи пир бўлиб чиқиб кетди. Дарвоқе, уни республика қурилиш вазирлигидаги бир амалдор ҳам қабул қилди. Эркин Ангиров ўзининг таклифларини жон куйдириб тушунтирар, агар улар амалга ошгудай бўлса, республикамизда қурилиш ва мебелчилик соҳасида жуда катта ўзгаришлар рўй бериши хусусида гапирар экан, хаёли бутунлай бошқа ёқда бўлган амалдор тўсатдан сўраб қолди: “Бобо, неча ёшдасиз?” Эркин Ангиров: “Саксон ёшдан ўтдим”, — деди. “Ҳа, тушунарли”, — деди амалдор унинг жон куйдиришларига ўзича маъно бериб. Афтидан, бу чолнинг мияси суюлиб қолган бўлса керак, деб ўйлагандир. Эркин Ангиров унинг қабулидан ҳам тарвузи қўлтиғидан тушиб чиқди.Эътиборли жиҳати шундаки, бугунги кунда бу ажойиб инсоннинг ўша таклифлари амалга ошиб, қамиш ва ғўзапоялардан ажойиб, хорижникидан қолишмайдиган мебеллар, қурилиш панеллари ишлаб чиқарилмоқда. Аммо Эркин Ангиров бу янгиликлар ишлаб чиқаришга жорий қилинаётган бир паллада оғир касал, қавс номли қўйиб юбормас дард чангалида ўртанар эди. Бу ажойиб инсоннинг юраги 2017 йилда — 83 ёшида тўхтади. Ундан икки қиз, икки ўғил қолди. Фарзандларининг барчаси олий маълумотли. Қизларининг бири болалар врачи бўлса, бири ўқитувчи, ўғилларидан бири фирма бошлиғи бўлса, яна бири ободонлаштириш ташкилотида техник-муҳандис. Улар ота чироғини ёққан ҳолда вилоят халқ хўжалигини ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиб келишмоқда.

Муҳаммад АЗИМОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan