Бош саҳифа / Адабиёт / Сурхондарё

Сурхондарё

Сурхондарё полвонлар юрти,
Ҳар фаслининг файзи ўзгача.
Афсоналар, достонлар юрти,
Дарахт гуллар, ҳатто, кузгача.

Термизийлар руҳи мададкор,
Табаррукдир тупроқ, тоши ҳам.
Алпомишдек мардларга диёр,
Мардонадир кекса-ёши ҳам.

Момосидан мерос либоси,
Барчинойнинг қолган излари.
“Қирқ қизлар”дай ҳаё, ибоси.
Гўзал, лобар Сурхон қизлари.

Бойсун тоғи — дунё осмони,
Боботоғда кийиклар ўйнар.
Бу муаззам юртнинг айвони,
Ҳатто, тошдан лолалар унар.

Кўпкарисиз тўйлар ўтмайди,
Ён бермайди ел Бойчиборлар.
Чопганида тоғлар гумбурлар,
Ном талашар эру тулпорлар.

Дашнободнинг анори достон,
Хурмосида жаннат боли бор.
Ҳар гўшаси боғу гулистон
Ҳар тарафи тоғдир улуғвор.

Белда олмос камар Қўнғирот,
Буюк ипак йўлин риштаси.
Афсонадир, элларда баёт –
Момоларнинг тиккан каштаси.

Минг йил умр кўрган чинори –
Кўксин ёриб айлаган макон.
Одамийлик бордир дарахтда,
Юрти учун айлар фидо жон.

Тарихлардан сўйлайди достон,
Дўмбирасин чертганда бахши
Бу шундай эл, бу шундай бўстон,
Бирисидан бириси яхши.

Чапанидир, тилу дили бир,
Яқин қошу қовоғингизга.
Катта-кичик иззатин қилиб,
Қўй сўяди оёғингизга.

Мунаввара УСМОНОВА,
«Саодат» журнали бош муҳаррири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойчиборнинг қайтиши

Бойсун тоғда қиш келар эрта, Бойчиборнинг синаб белини, Билсанг агар Бойсун элини. Юрт тулпори сафарга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan