Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сурхондарё вилоятида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизмати учун тўловлар тарифларини тасдиқлаш тўғрисида

Сурхондарё вилоятида қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб кетиш хизмати учун тўловлар тарифларини тасдиқлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикасининг “Чиқиндилар тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 ноябрдаги “Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш учун тўловларни тўлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5580-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиш қоидалари”га асосан ҚАРОР ҚИЛАМАН:

1. Вилоятдаги чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар (кейинги ўринда Хизмат кўрсатувчи ташкилотлар) томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш бўйича аҳолига кўрсатилган хизматлар учун тўлов вилоят ҳокимлиги ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган давлат-хусусий шериклик битимларига мувофиқ амалга оширилиши белгилансин.

2. Ҳудудларда қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати учун тўловлар тарифлари иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Қуйидагилар:

  • барча жисмоний ва юридик шахслар мазкур қарор билан белгиланган тарифлар асосида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизмати учун тўловларни ойнинг ўнинчи санасидан кечикмай амалга ошириши;
  • қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўлов истеъмолчилар ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўртасида тузиладиган шартномаларга мувофиқ бевосита хизмат кўрсатувчи ташкилотларга 100 фоиз олдиндан тўлаш асосида амалга оширилиши қайд этилсин.

4. Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳолидан мажбурий тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида ундирилишини таъминлаш;

5. Вилоятдаги барча хизмат кўрсатувчи ташкилотлар:

  • аҳоли пунктларида жойлашган чиқинди тўплаш шохобчалари ва контейнерларини замонавий талаблар асосида ташкил этиш;
  • қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг сифатли, ўз вақтида ва санитария қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилишини таъминлаш;
  • давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимлар ва шартномалардаги мажбуриятларга тўлиқ риоя этиш учун жавобгар эканлиги белгилаб қўйилсин.

6. Термиз шаҳар ва барча туманлар ҳокимлари:

  • вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасига қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаққоний ҳисобини юритишга кўмаклашиш;
  • туман (шаҳар) ҳудудидаги хизмат кўрсатувчи ташкилотларга ҳудуддаги жисмоний ва юридик шахслар билан шартномалар тузишда амалий ёрдам кўрсатиш;
  •  аҳоли пунктлари ҳудудидан чиқинди ташишнинг режа-графигини тасдиқлаш ҳамда тасдиқланган режа график асосида чиқиндиларни ташиш хизматлари амалга оширилишини қатъий назоратга олиш вазифаси юклатилсин.

7. Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

  • Жисмоний ва юридик шахслар томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловлар олти ой давомида тўланмаган тақдирда қарздорликни ундириш бўйича судларга даъво аризалари киритилишини таъминлаш;
  • туман (шаҳар) ҳокимликлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун мажбурий тўловларни тўловчи жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳаққоний ҳисоби юритилишини таъминлаш;
  • қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартномалар бўйича мажбуриятлар хизмат кўрсатувчи ташкилотлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш;
  • қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари учун аҳоли томонидан мажбурий тўловларни тўлаш ва ҳисобини юритишнинг ягона электрон тизимини шакллантириш;
  • жисмоний ва юридик шахслар томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотлар фаолияти бўйича келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб вилоят ҳокимлигига ҳар чоракда ахборот киритиш вазифаси юклатилсин.

8. Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб топилсин:

  • вилоят ҳокимининг 2018 йил 21 февралдаги “Вилоятда чиқинди билан боғлиқ ишларни самарали йўлга қўйиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қ-154-сонли қарорининг иловаси;
  • вилоят ҳокимининг 2018 йил 10 апрелдаги “Вилоят ҳудудида чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари тарифларини белгилаш тўғрисида”ги Қ-284-сонли қарорининг иловаси.

9. Ушбу қарор расман эълон қилинган кундан кучга киради.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Т.Боболов ва А.Амировлар зиммасига юклатилсин.

Вилоят ҳокими
вазифасини бажарувчи Б.ПЎЛАТОВ

Вилоят ҳокимининг 2019 йил 25 январдаги
36-сонли қарорига илова

Термиз шаҳар ва туманларда қаттиқ ва маиший-хўжалик чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатилган хизматлар учун тўловлар тарифлари (сўмда)

Т/р Туман (шаҳар) номи Тўловлар тарифлари
Жисмоний шахслар бир киши, 1 (бир) ой учун Юридик шахслар 1 (бир) м3 учун
1 Термиз шаҳар 2500 62000
2 Термиз туман 2500 62000
3 Ангор туман 2500 62000

Хизмат кўрсатувчи корхона: “BIO TEXNO EKO” МЧЖ
Мурожаат учун тел (0-376) 221-07-65, 221-24-38

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Савдо ва хизмат кўрсатиш тизимидаги ўзгаришдан хабардормисиз?

Жорий йилнинг сентябрь ойида Президентимизнинг “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan