Бош саҳифа / Сиёсат / Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра БОБОЛОВнинг воҳа тадбиркорларига

Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра БОБОЛОВнинг воҳа тадбиркорларига

МУРОЖААТИ

Азиз воҳадошлар!
Ҳурматли тадбиркорлар!

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 7 ноябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида тадбиркорликни ривожлантириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, пировардида янги иш ўринларини яратиш, маҳаллий бюджетга тушумлар ҳажмини кўпайтириш ҳисобига халқимизнинг турмуш тарзини янада яхшилаш борасида аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Юртбошимизнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётганликлари бежиз эмас. Чунки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бу эртанги кунимизнинг ишончли кафолати, бюджет даромадлари, бандлик масаласи, аҳолининг товар ва хизматларга бўлган эҳтиёжининг қондирилиши, шаҳар ва қишлоқларимиз қиёфасининг яхшиланиши, умуман олганда, аҳоли кайфияти тадбиркорлик ва кичик бизнеснинг қай даражада ривожланишига боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Иккита иш жойи яратган одамни елкамда кўтараман!”, “Агар тадбиркорга шароит яратмасак натижа бўлмайди”, “Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!”—деган устувор ғоялар бугун барча даражадаги раҳбарларга дастуриламал бўлиб хизмат қилиши лозим.

Шу маънода Ҳокимлар 50 фоиз иш вақтини тадбиркорларликни ривожлантириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишга сарфлаши лозимлиги белгилаб берилди. Улуғ бобокалонимиз Амир Темурнинг “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир”,деган ҳикматли иборалари нақадар тўғри эканлиги бугун ҳаётимизда яққол кўриниб турибди.

Ҳурматли тадбиркор ва ишбилармонлар!

Вилоятдаги тадбиркорлик субъектлари сони бугунги кунда 18 минг 705 тани ташкил этади. Демоқчиманки, банд аҳолининг 74 фоизи, бюджет даромадларининг эса 84 фоизи айнан хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Маҳаллий бюджет даромадлари аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ йўналишларга, хусусан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳасига, фан ва маданиятни ривожлантиришга, ичимлик суви, ички йўлларни яхшилаш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда ҳарбий-маъмурий сектор фаолиятини янада яхшилаш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишга сарфланмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш ва кенг кўламдаги бунёдкорлик ишларида Сиз азиз тадбиркорларнинг муносиб ҳиссангиз бор.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган “Бундан буён тараққиёт ва фаровонликка фақатгина тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали эришиш мумкин”, деган фикрни бугун барчамиз бирдек англаб олишимиз зарур.

Қадрли тадбиркорлар!

Албатта, тадбиркорлик жуда катта машаққатли меҳнатни талаб қилади. Тадбиркор ўз фаолиятини бошлаш ва давом эттиришда доимий равишда муаммоларга дуч келади. Бу муаммоларни ўз вақтида бартараф этишда ҳокимликларнинг, назорат қилувчи ва хизмат кўрсатувчи идораларнинг кўмаги зарур бўлади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан охирги уч йил давомида бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилиниб, тадбиркорликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган кўплаб тизимли муаммолар ўз ечимини топди. Тадбиркорларнинг мавжуд муаммоларини тезкорлик билан ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (омбудсман) ҳамда Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолияти ташкил этилди. Мазкур институтлар тадбиркорлик субъектларининг кўплаб муаммоларини ижобий ҳал этиб келмоқда.

Шу билан бирга, ҳафтанинг ҳар жума куни вилоят ҳокимининг “Тадбиркорлар қабули” ўтказиб келинмоқда. Ўтган давр мобайнида ушбу қабулларда 404 тадбиркорлик субъектлари мурожаатлари қабул қилиниб, уларнинг 290 таси ижобий ҳал этиб берилди. Ўтказилган қабулларда ҳанузгача тадбиркорларни сарсон қилиш ҳолатлари мавжудлиги ва кўплаб раҳбарларнинг бугунги сиёсатни тушунмаётганлиги, бу эса вилоятда тадбиркороликнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатаётгани маълум бўлмоқда. Келиб тушаётган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, бугунги кунда тадбиркорларни қийнаётган 2 та муҳим масала бор: бу ер ажратиш ва кредит бериш масаласи.

Тадбиркорларимиз шуни тушуниб олишлари лозимки, бундан буён, ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратилган ҳолда электрон аукцион орқали амалга оширилади. Кредит бериш тизими ҳам соддалаштирилиб, республика, вилоят банклари ваколатларини тумандаги банкларга бериш орқали ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам берилади.

Азиз тадбиркорлар!

Бир ҳақиқатни алоҳида таъкидлашни лозим, деб ҳисоблайман. Вилоятимизда 2016 йилга қадар бизнес юритишда ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда жуда катта тўсқинликлар мавжудлиги тадбиркорликни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатиб келганлигини кўпчилик яхши билади.

Муҳтарам Президентимиз томонидан охирги уч йилда барча тўсиқлар бартараф этилиб, кенг имкониятлар яратиб берилиши ҳисобига вилоятда тадбиркорлик сезиларли даражада ривожланди, десам муболаға бўлмайди.

Биргина мисол, Термиз туманида қурилиши тугалланмаган, 11 йил бўш турган эски темир йўл шифохонаси биноси негизида
“ZIF Textile” МЧЖ томонидан тайёр трикотаж (жинси) маҳсулотларини ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. Корхонада ҳозирда 800 нафар хотин-қиз доимий иш билан таъминланган. “ИНДЕНИМ” тамғаси остида республика бўйича асосан маҳаллий маҳсулотларни сотишга мўлжалланган 12 та йирик савдо мажмуаси ташкил этилди. Жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида корхона томонидан 100 миллион долларга тенг маҳсулотлар экспортга чиқарилди. Мазкур корхона таъсисчиси Шерзод Шаймардонов сурхондарёлик бўлсада, вилоятда тадбиркорлик муҳити яхши бўлмаганлиги сабабли республикамизнинг бошқа вилоятларида ўз бизнесини олиб борган. Сурхондарёда бизнес юритиш муҳитининг яхшиланиши натижасида тадбиркор 2016 йилдан буён вилоятимизда ўз бизнесини олиб бормоқда. Ҳозирда тадбиркор қўл остида 2 минг нафарга яқин ишчи-хизматчи фаолият юритмоқда ва келгусида яна қўшимча 4 мингта янги иш ўринларининг ташкил этилиши режалаштирилган. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Демоқчи бўлганим, Ш.Шаймардонов мисолида барча тадбиркорларимизни қўллаб-қувватлашимиз, вилоятда яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланган ҳолда уларнинг ҳам шундай натижаларга эришишга руҳлантиришимиз лозим бўлади.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Бугун вилоятимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш юзасидан қатор вазифаларни белгилаб олганмиз ва бу вазифаларни Сиз азиз тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан биргаликда амалга оширишимиз лозим.

Биринчидан, вилоятимизда импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни кўпайтиришимиз;

иккинчидан, янги ташкил этилган тадбиркорлик субъектлари сонини ўтган йилга нисбатан 2 баробарга оширишимиз ва бунда тадбиркорлик субъектлари сонига эмас, сифатига ва доимий ишлашига эътибор қаратишимиз;

учинчидан, вилоятда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини учга – “Яхши”, “Ўрта” ва “Ёрдамга муҳтож” тоифаларига ажратиб, “Ёрдамга муҳтож” тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш орқали “Яхши” тоифага ўтказишимиз;

тўртинчидан, бўш ер майдонларини аниқлаш, уларни “Е-ижро аукцион” электрон савдо майдонига чиқариш орқали тадбиркорлик субъектларига бериш ва мазкур ер майдонларида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этишимиз;

бешинчидан, вилоятда мавжуд 1327 та бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этишимиз ва янги иш жойларини яратишимиз;

олтинчидан, вилоятдаги 56 та бўш турган давлат мулки объектларини сотиш орқали мазкур объектлар негизида замонавий ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этишимиз;

еттинчидан, вилоятда фаолият юритмаётган 3000 га яқин тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш чораларини кўришимиз;

саккизинчидан, корхона ва ташкилотларда норасмий ишлаётган ходимлар фаолиятини легаллаштиришимиз лозим.

Азми қатъий ва шижоаткор тадбиркорлар!

Вилоятимизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шароит ва имкониятлар мавжуд. Жумладан, вилоятнинг Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистон Республикалари билан чегарадошлиги ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг экспорт қилиш имкониятини яратади.

Қолаверса, Сурхондарё қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ҳамда қайта ишлаш учун хом ашё базасининг кенглиги, инфратузилма объектларининг, жумладан магистрал автомобиль ва темир йўлларнинг мавжудлиги, ер усти ва ер ости хом-ашё заҳираларига бойлиги билан бошқа вилоятлардан алоҳида ажралиб туради.

Шундай экан, барчангизни муҳтарам Юртбошимизнинг юксак ишончини оқлаб, мамлакатимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун сидқидилдан ҳалол ва фидокорона меҳнат қилишга чақираман!

Ўз фаолиятингизни янада кенгайтиришингизни, қўшимча имкониятларни ишга солиб, янги лойиҳаларни амалга оширишингизни, банд бўлмаган аҳолини доимий иш билан таъминлаш юзасидан зарурий чоралар кўришингизни сўрайман. Бу ишларни амалга оширишда мен вилоят ҳокими сифатида Сизларни доимо қўллаб-қувватлашга, кўмакчингиз бўлишга тайёрман!

Бу борада тўлақонли фаолият юритишингиз учун адолат ва қонун устуворлигининг таъминланишига;

ҳудудларда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун барча шарт-шароитларни яратишга;

Сизнинг тадбиркорлик фаолиятингиз юзасидан ноқонуний текширишларга барҳам берилишига, солиқ шаффофлигининг таъминланишига кафолат бераман.

Агар, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, назорат қилувчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар раҳбарлари томонидан тадбиркорларни қабул қилмаслик ва сарсон қилиш ҳолатлари кузатилса, албатта, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилади.

Тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича шахсан менга (76) 224-16-16, вилоят прокурори Садриддин Турдиевга (76) 223-10-07, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Абдувоҳид Исмоиловга (76) 223-41-53, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматовга (76) 221-74-39 ҳамда Бош вазир қабулхонаси мудири Абдумалик Алламуродовга (76) 221-73-37 телефон рақамлари орқали куннинг исталган вақтида мурожаат қилишингиз мумкин.

Вилоят ҳокимлиги ва барча ташкилотларнинг эшиклари Сизлар учун ҳамиша очиқ.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, эзгу ва олижаноб ишларингизга қут-барака тилайман!

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Электрон рўйхат афзаллиги нимада?

Бугун давлат ва жамият ҳаёти ахборот технологияларидан айри ҳолда ривожлана олмайди. Замонавий ахборот техноло-гияларидан фойдаланиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan