Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сурхондарё тараққиёти ҳудуднинг табиий бойликлари ва имкониятларидан оқилона фойдаланишга боғлиқ

Сурхондарё тараққиёти ҳудуднинг табиий бойликлари ва имкониятларидан оқилона фойдаланишга боғлиқ

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда аввал берилган топшириқлар ижроси билан танишиш мақсадида 30 апрель куни Сурхондарё вилоятига келди.

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, туман ва шаҳарларда қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини сифат жиҳатидан кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис йўналишларида умумий қиймати 3 триллион 12 миллиард сўмлик 423 та лойиҳа ишга туширилиб, 7 мингга яқин иш ўрни яратилди.

Ушбу топшириқлар ижроси доирасида вилоятда цемент ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Гранит ва габбро тошларини қазиб олиш ва қайта ишлаш корхонаси барпо этилди. Замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, иссиқхоналар қурилиб, турли зироатлар етиштириш, чорвачилик ва паррандачилик соҳаларини ривожлантириш, аҳолини арзон, сифатли уй-жой билан таъминлашга эътибор янада кучайди. Олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида жорий йилнинг дастлабки чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ялпи ҳудудий маҳсулот 3,4, саноат 2, қурилиш 25,5, хизматлар 4,2 фоизга ошди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, жорий йилнинг биринчи чорагида вилоятда 42 та лойиҳага 23,6 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция жалб қилинди. Саноат соҳасида 16,2 миллион доллар, қишлоқ хўжалигида 3,62 миллион, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 3,16 миллион доллар миқдорида хорижий инвестиция ўзлаштирилди.

Янги лойиҳаларни ишга тушириш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳудуднинг экспорт салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи чорагида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ҳудудий экспорт ҳажми 131,5 фоизга бажарилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи Сариосиё туманидаги Тўполанг гидроэлектр станциясидан бошланди.

Мамлакатимизда гидроэнергетикани ривожлантириш учун табиий шароитга эга жойлар кўп. Бу имкониятдан самарали фойдаланиб, энергия ишлаб чиқаришни кўпайтириш иқтисодиётимизнинг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги қарори билан 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури белгиланди. Ўша йили 18 майдаги фармонга мувофиқ, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Соҳада ягона техник сиёсатни амалга ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини изчил ошириш, мавжуд гидроэлектр станцияларни замонавий қайта жиҳозлаш ва янги қувватларни ишга туширишга қаратилган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

Шу асосда Тўполанг гидроэлектр станцияси ҳам модернизация қилинмоқда. Бу ерда ҳар бири 15 мегаватт бўлган иккита агрегат ишлаб турган эди. Президентимиз топшириғига мувофиқ, аввалига Тўполанг сув омбори тўғони 20 метрга кўтарилди. Натижада унинг сиғими 380 миллион куб метрдан 500 миллионга етказилди. Айни пайтда жами қуввати 145 мегаваттли яна иккита агрегат ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, ҳар бири қарийб 38 мегаватт бўлган «Зарчоб-1» ва «Зарчоб-2» кичик гидроэлектр станциялари ҳам барпо этилмоқда. Шу тариқа энергия олиш қуввати жами 250 мегаваттга етказилади.

Аҳамиятлиси шундаки, бу ресурслар табиий ва қайта тикланувчандир. Экологияга ҳеч қандай зарар етказмаган ҳолда барқарор энергия ишлаб чиқарилиб, саноат корхоналари, турли идоралар ва аҳолига етказиб берилади.

Давлатимиз раҳбари янги тўғон ва гидроэлектр станцияни кўздан кечирди.

– Бу тарихий воқеа, – деди Шавкат Мирзиёев. – Бу ишларнинг барчаси келажагимиз учун қилинмоқда. Келгусида Сурхондарё гидроэнергия ҳисобидан бемалол иқтисодиётини таъминласа бўлади.

Шу ерда сув омборлари ва гидроэлектр станциялари ҳолатини мониторинг қилишга ихтисослашган техник тизимлар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Шавкат Мирзиёев сув омборлари тўғонларини мустаҳкамлаш ва доимий назорат қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, илмий ишланмалар асосида улардан фойдаланиш коэффицентини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Президентимиз “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамиятига қарашли Сариосиё туманидаги Шарғун кўмир конида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Бугунги кунда мамлакатимизда энергетика соҳасини изчил ривожлантириш, энергия манбаларини диверсификация қилиш, аҳоли ва ташкилотларга бир неча турдаги энергия етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.

Шарғун кўмир конида Хитой билан ҳамкорликда 2017-2020 йилларга мўлжалланган 105,5 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилмоқда. Унинг 15,7 миллион доллари “Шарғункўмир” АЖнинг, 89,8 миллион доллари эса Хитой Эксимбанкининг кредит маблағидир. Мазкур лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, 2021 йилдан бошлаб йилига 900 минг тонна тошкўмир қазиб олинади. 600 та иш ўрни яратилади. Янги Ангрен ва Ангрен иссиқлик электр станцияларига, цемент заводлари, аҳоли ва бошқа истеъмолчиларга тошкўмир етказиб бериш кўпаяди.

Мамлакатимиздаги қазилма бойликлари ичида кўмир алоҳида ўрин тутади. Сурхондарё вилоятининг қатор туманларида мазкур маҳсулотнинг турли хили қазиб олинмоқда. Шарғун кони кўмири сифатининг юқорилиги, захиранинг кўплиги билан бошқа шундай конлардан ажралиб туради. Бу ерда айни пайтда коннинг асосий захираси томон тоғ этагидан йўл очилмоқда. Бугунги кунгача 2 километру 216 метр масофада қазиш ишлари бажарилди. Яна 1,5 километрдан сўнг 33 миллион тонналик асосий кўмир захирасига етиб борилади.

Давлатимиз раҳбарига вилоятда тошкўмир қазиб чиқаришни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари ҳақида маълумот берилди.

“Шарғункўмир” АЖни модернизация қилиш инвестиция лойиҳаси, Бойсун тошкўмир ва Шеробод туманидаги Кўҳитанг конларида кўмир қазиб чиқаришни ташкил этиш, Сариосиё тумани ва Шарғун шаҳарчасини 2019-2020 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди.

– Бундай сифатли кўмир ҳеч қаерда йўқ. Ана шундай лойиҳалар бизга жуда керак. Ер ости бойликларимизни халқимиз манфаати йўлида ишлатишимиз зарур, – деди давлатимиз раҳбари.

Мазкур лойиҳани қисқа муддатда ва сифатли амалга ошириш, кончиликни янада ривожлантириш, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш зарурлиги, Шарғун шаҳарчасининг ижтимоий инфратузилмасини тубдан ўзгартириш, замонавий таълим, тиббиёт муассасалари, меҳмонхоналар ва янги турар жой бинолари барпо этиш, сув омбори қуриш, чорвачиликни ривожлантириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил апрель ойида Россия Федерациясига ташрифи асносида россиялик инвесторлар билан Бойсун туманидаги «Мустақилликнинг 25 йиллиги» газ конида дастлабки қидирув, уни ишлатиш ва газ-кимё мажмуаси қуриш бўйича маҳсулот тақсимотига оид битим имзоланган эди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,2 миллиард АҚШ доллари бўлиб, икки босқичда амалга оширилади.

2018-2022 йилларга мўлжалланган биринчи босқичда йилига 5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш қувватига эга завод қурилади. Жумладан, “Эрта газ” дастури доирасида 2020 йилдан бошлаб 2 минг 800 метр чуқурликдаги газ қатламидан йилига 1 миллиард куб метргача табиий газ қазиб олинади. 2023 йилда яна 15 та қудуқ фойдаланишга топширилиб, газни қайта ишлаш заводининг иккинчи линияси ишга туширилади, натижада газ қазиб олиш йилига 5 миллиард куб метрга етказилади.

2023-2025 йилларга мўлжалланган иккинчи босқичда 1,5 миллиард куб метр газни қайта ишлаш ҳисобидан йилига 500 минг тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган газ-кимё мажмуаси барпо этилади. Лойиҳа амалга оширилгандан сўнг жами 2 минг 200 та иш ўрни яратилади.

Ҳозирги кунда газ конининг 160 квадрат километр майдонида Хитойнинг “BJP” компанияси томонидан 3Д сейсмик қидирув ишлари ўтказилди, “Эриелл” компанияси томонидан 7 та баҳолаш қудуғи бурғуланмоқда. Объектда жами 1 минг 125 ишчи, жумладан, “Бейкер Хюз”, “Халибёртон” ва “Шлюмберже” хорижий компаниялари мутахассислари меҳнат қилмоқда.

Давлатимиз раҳбари вилоятга ташрифи чоғида ушбу битим доирасидаги ишларнинг бориши билан танишди. Лойиҳа ҳамкори, “Altmax Holding LTD” компанияси таъсисчиси, россиялик инвестор Андрей Филатов билан дастлабки геология-қидирув ишлари натижалари, газни қайта ишлаш мажмуасини лойиҳалаштириш ва қуриш ҳақида суҳбатлашди.

Ушбу инвестор Бойсун туманидаги 10-мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилишда ҳам қатнашган.

Кейинги йилларда ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилган йирик лойиҳалар натижасида Устюрт газ-кимё, Қандим газни қайта ишлаш мажмуалари барпо этилиб, рақобатбардош маҳсулотлар номенклатураси ва ишлаб чиқариш ҳажми кенгайди. Бойсун туманида бошланган навбатдаги лойиҳа мамлакатимизнинг жанубий вилоятини комплекс ривожлантириш, ёқилғи-энергетика, кимё, қурилиш саноати ва транспорт инфратузилмаси корхоналари қувватларини ошириш имконини беради.

Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда газ-кимё мажмуалари қуриш бўйича катта тажриба тўплангани, ушбу лойиҳа Сурхондарё заминидаги углеводород захираларини ўзлаштириш ва қайта ишлашда оламшумул воқеа бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Лойиҳанинг энергия самарадорлигини ошириш ва уни амалга жорий этишни жадаллаштириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.

Термиз туманида 900 мегаваттли иссиқлик электр станцияси барпо этиш, вилоятда саноатни ривожлантириш, муҳандислик тармоқларини модернизация қилиш, Бойсун туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, Сариосиё туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга ошириладиган ишлар тақдимотлари ўтказилди.

Президентимиз Сариосиё ва Бойсун туманларида мева-сабзавот етиштиришни кўпайтириш, хонадонларда чорва боқишни кенг йўлга қўйиб, оилаларнинг ўзини ўзи таъминлашга ўтиши лозимлигини таъкидлади.

– Туман ҳокимлари кичик-кичик инвестиция лойиҳаларини жалб қилиб, экспорт ва солиқ тушумини кўпайтириши керак. Шунда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича марраларимиз ва эришадиган натижаларимиз бугунгидан ўн карра баланд бўлади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари шу ерда вилоят оқсоқоллари билан суҳбатлашди. Мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, халқимиз манфаатини ҳимоя қилиш, ёшлар маънавиятини юксалтириш, бахшичилик санъатини янада кенг тарғиб этиш масалалари ҳақида сўз борди.

Сурхондарё вилоятида газни қайта ишлаш янги мажмуаси қурилиши сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтириш, одамлар турмуш даражасини ўзгартиришга кенг йўл очиши қайд этилди.

– Олдимизда қийин, мураккаб, аммо яккаю ягона тўғри йўл турибди, бу халқимиз манфаати учун сидқидилдан хизмат қилишдир. Бунинг учун барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши, одамларнинг ўзлари ҳам бугунгидан яхши яшашга интилиши керак. Энди халқимиз ана шундай ўй-фикр билан яшаши, ўзгариши зарур. Сурхондарё халқининг ўзига хос феъл-атвори бор. Энг муҳими, ҳалол, виждони пок, юртимизнинг келажагини ўйлайдиган одамлари бор. Ана шундай инсонларнинг имкониятидан самарали фойдаланиш, белни маҳкам боғлаб, элга хизмат қилишимиз зарур, – деди Президентимиз.

Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорга сифатли ва арзон маҳсулотлар етказиб беришга доимий эътибор берилмоқда. Бунда жойларда ташкил этилаётган паррандачилик корхоналарининг ҳам алоҳида ўрни бор. Музработ туманидаги “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонаси шулардан бири.

Президентимиз вилоятга ташрифи доирасида ушбу корхона фаолияти билан танишди.

Яқинда фойдаланишга топширилган корхонанинг лойиҳа қиймати 53,127 миллиард сўм. Корхонага паст рентабелли жойдан 230 гектар ер майдони ажратилган. Унинг 220 гектарига парранда учун озуқа маҳсулотлари экилиб, 10 гектарида бинолар жойлашган. Хусусан, еттита товуқхона, иккита жўжа кўпайтирадиган бинолар қурилган. Хусусий корхонада 500 минг товуқ боқиш имконияти мавжуд. Шунингдек, 1 миллион 735 минг дона жўжа парваришлашга мўлжалланган инкубатор ҳам бор. Бу ерда йилига 168 миллион дона тухум олинади. Жорий йилнинг июнь ойида парранда учун замонавий озуқа ишлаб чиқариш линияси ўрнатилади ва корхона тўлиқ ем билан таъминланади. Айни пайтда 1000 тонна сиғимга эга музлаткичли омборхона қурилмоқда.

Давлатимиз раҳбарига “Янгиобод инвест сервис” хусусий корхонасида келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, корхонада етиштирилаётган товуқ гўштидан сосиска, товуқ патидан кўрпа-ёстиқ, суягидан озуқа маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилган.

Яна бир истиқболли лойиҳа биогаз ва биоўғит маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасидир. Хитойлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда амалга оширилиши кутилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллион 700 минг АҚШ долларига тенг. Унинг 500 минг доллари корхонанинг ўз маблағи, 1 миллион 200 минг доллари хорижий инвесторлар ҳиссасига тўғри келади. Лойиҳа амалга оширилгач, 50 та иш ўрни яратилади.

Шу ерда Сурхондарё вилоятида эртачи қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш ва экспортга чиқариш, аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш, агросаноат кластери ташкил этиш ва бошқа қатор лойиҳалар тақдимоти ҳам ўтказилди.

Президентимиз томорқачилик бўйича олиб борилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Сурхондарё вилоятида 400 минг хонадоннинг 48 минг гектар ери бор. Жорий йилда биринчи экинлардан 644 минг тонна ҳосил олинди. Вилоят иқлим шароитида кичик иссиқхоналар ташкил этиш орқали бемалол уч марта ҳосил олиш, экспорт қилиш мумкин. Бу қарийб 150 минг гектар ердан фойдаланиш билан баробар. Масалан, бу йил мамлакатимиз тарихида биринчи марта картошка экспорт қилиш йўлга қўйилди. Вилоятда 270 минг тоннадан зиёд картошка етиштирилди. Унинг 100 минг тоннасини экспорт қилиш режалаштирилган.

– Томорқачилик озиқ-овқат маҳсулотларини арзон қилиш, инфляция даражасини пасайтиришда таянч нуқталардан биридир. Бу орқали қанча одам ишли бўлади, оилаларга даромад, барака киради. Томорқадан самарали фойдаланган одам боқиманда бўлмайди, бой бўлади. Бунинг учун барча шароит яратилган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан тақдим этилган арпа, буғдой, сули ва маккажўхори донидан ем ишлаб чиқарадиган мобиль заводни ҳам кўздан кечирди.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги хўжаликларда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, омихта ем ишлаб чиқарувчи мобиль завод, Қумқўрғон туманидаги “Қорабайир” фермер хўжалиги фаолияти, туяқуш, туячилик, қуёнчилик, зотдор эчки боқиш ҳақида ҳам маълумот берилди.

Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан тақдим этилган омихта ем ишлаб чиқарувчи мобиль заводнинг лойиҳа қиймати 280 минг евро. «МАЗ» машинасига ўрнатилган ушбу мобиль завод Беларусь-Австрия давлатлари ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган. Арпа, буғдой, сули, маккажўхори, шрот, минерал қўшимчалар ва ўсимлик ёғидан омихта ем ишлаб чиқарилади. Соатига 16 тоннадан ортиқ омихта ем тайёрлаш қувватига эга. Иш жараёни тўлиқ компьютер тизимида амалга оширилади. Агар маҳсулотлар бозордан сотиб олинса, мобиль завод бир йилда ўз таннархини қоплайди. “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизими корхоналаридан олинган маҳсулотлардан фойдаланилса, беш ойда ўз таннархини қоплайди.

Мамлакатимиз жанубидаги ер ости ва ер усти бойликларидан, ҳали ишга солинмаган имкониятлардан оқилона фойдаланиш учун вилоятнинг меҳнаткаш, изланувчан, фидойи одамларига барча қулайлик яратилмоқда. Бу борада давлат даражасида кўрсатилаётган эътибор уларни руҳлантириб, янги ғоялар билан дадил одимлашга ундаётир. Жойларда янгидан тақдим этилаётган истиқболли лойиҳалар бунинг ёрқин далилидир.

Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташрифи давом этмоқда.

Умар Асроров,
Матназар Элмуродов,
 Зиёдулла Жонибеков,
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсундаги М25 конида янги объект очилди

Хабарингиз бор, Президентимиз яқинда вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE