Бош саҳифа / Маданият / Сурхондарё – дунё нигоҳида

Сурхондарё – дунё нигоҳида

Жонажон Ватанимиз фуқаролари улуғ ота-боболаридан қолган маданий, маънавий, тарихий мероси билан ҳар қанча фахрланса арзийди. Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 12 июндаги фармойишига биноан юртимизда маданий-тарихий меросни ўрганиш, асраб-авайлаш ва уни тарғиб қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар билан жаҳон ҳамжамиятини таништириш, бу борадаги муҳим вазифаларни муҳокама қилиш, жаҳон тажрибаларни ўрганиш мақсадида халқаро анжуман ўтказишга қарор қилинганди.

Ана шу тарихий анжуман бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Маълумки, жорий йилнинг 22-27 август кунлари Тошкент, Термиз ва Самарқанд шаҳарларида “Ўзбекистон — буюк йўллар ва цивилизациялар чорраҳаси: империя, дин, маданият” мерос ҳафталиги ўтказилади.

Ушбу ҳафталик доирасида бир қатор кўргазмалар, конференциялар ва танловлар бўлиб ўтади. Жумладан, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон маданий меросини асраш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича бутунжаҳон жамиятининг III халқаро конгресси иш бошлайди. Самарқандда ЮНЕСКО билан ҳамкорликда “Моддий ва номоддий маънавий меросни асраш: долзарб муаммолар ва уларни ҳал қилиш стратегияси” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтади.

Яна бир янгилик. Мамлакат тарихида биринчи марта Ўзбекистон тасвирий санъат галериясида “Далварзин олтини: Кушон империяси ва унинг жаҳон цивилизацияси ривожида ҳиссаси” деб номланган кўргазма бўлади. Унда 1972 йилда академик Э. Ртвеладзе раҳбарлигидаги археологлар гуруҳи томонидан Далварзинтепадан топилган 36 килограммга яқин Кушон империяси даврига оид тақинчоқлар, тилла буюмлар, олтин тангалар намойиш этилади. Айниқса, бу ердан 2015 йилда Кушон императорларидан бири бўлган Вима Кадфиз танга муҳрининг топилиши Шўрчи туманидаги Далварзинтепа кушонлар давлатининг илк пойтахти эканлигини исботловчи ашёвий далилдир. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Сурхондарё тарихи ва маданий ёдгорликлари нафақат мамлакатимиз, Ўрта Осиё, балки бутун дунё тарихий меросини ўрганишда жуда муҳим илмий аҳамият касб этади.

Мамлакат фанлар академиясининг Беруний номидаги Шарқшунослик институтида Ўзбекистоннинг ёзма мероси дурдоналари кўргазмаси меҳмонлар ва томошабинларга тақдим этилади. Самарқандда эса дунё халқлари либосларини кўз-кўз қилувчи “Энг яхши миллий либослар” танлови ўтказилади. Шунингдек, “Ўзбекистон маданий мероси ҳақидаги энг яхши илмий-маърифий мақолалар” танлови эълон қилинади. Шарқшунос олимлар хизматини рағбатлантириш мақсадида ўтказилаётган бу танловнинг соврини 25 минг АҚШ долларини ташкил этади. Яна бир муҳим воқеа, халқаро анжуманнинг хорижлик иштирокчилари “Шарқ тароналари” ХII халқаро мусиқий фестивалнинг очилиши тантаналарида иштирок этишади.

Қадим ва навқирон Термиз шаҳри 24 августда МДҲ давлатлари ва бошқа хорижий мамлакатлардан келган меҳмонларга мезбонлик қилади. Сурхон воҳасида “Ўзбекистон — цивилизациялар чорраҳаси” номли халқаро археология туризми анжумани ўтказилади. 300 нафарга яқин хорижий олимлар ва мутахассислар халқаро археология туризми конференциясида турли мавзуларда маърузалар қилишади. Шундан сўнг Термиз археология музейи, Фаёзтепа, Музработ туманидаги Кампиртепа тарихий ёдгорликлари билан танишишади.

Бу халқаро анжуман нафақат Тошкент, Самарқанд, Термиздаги маданий-тарихий меросимизни ўрганиш, шунингдек, жаҳон тарихи ва археологиясида муаммоли масалаларни ҳал этиш, илмий фаразлар ва тадқиқотларни исботлаш, Ўзбекистоннинг жаҳон тарихидаги ўрнини яна бир карра дунё ҳамжамиятига кўрсатиш имкониятини беради. Бундан ташқари, бу халқаро анжуман мамлакатимиз туризм салоҳиятини юксалтириш, халқаро ҳамжамиятни жалб этиш ва сайёҳлар оқимини янада кўпайтиришда муҳим омил бўлади, деган фикрдамиз. Бу халқаро анжуман дунёдаги энг нуфузли ташкилотларнинг мамлакатимиз тарихи, маданий-маънавий, моддий, тарихий меросига нисбатан эҳтироми ва эътирофи ифодасидир.

Сафар ОМОН,

“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Халқаро хунармандчилик фестивали

Сурхон воҳаси делегацияси Қўқондаги халқаро фестивалда фаол иштирок этмоқда. Қўқон шаҳрида илк бор Халқаро ҳунармандчилик …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE