Бош саҳифа / Спорт / “Сурхон” жамоаси янги таркибда

“Сурхон” жамоаси янги таркибда

Миллионлар ўйини деб таърифланадиган футболни ривожлантириш борасида мамлакатимизда  кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Куни-кеча Президентимиз томонидан қабул қилинган “Футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам соҳа фаолиятини тубдан ислоҳ қилишга, профессионал футбол клублари учун сифатли спорт захирасини шакллантириш, футбол жамоаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ўзининг ярим асрлик тарихига эга бўлган “Сурхон” футбол клуби ҳаётида  бугун янги саҳифалар очилмоқдаки, бу ҳақда янги жамоанинг тақдимот маросимида ҳам сўз борди.

Сир эмаски, вилоят жамоасининг сўнгги йиллардаги ўйин натижалари мухлисларни қониқтирмаётганди. Ўтган мавсумда жамоа биринчи лига баҳсларини тўртинчи ўрин билан якунлади. Бу узоқ йиллик танаффусдан сўнг, ишқибозларнинг кўнглида умид уйғотган, жамоа имкониятлари бундан юқори бўлишига эришиш мумкинлигини англатиб турарди. Президентимизнинг жорий йил январида воҳага қилган ташрифлари чоғида мутасаддиларга “Сурхон” футбол жамоаси таркибини кучайтириш, тажрибали ўйинчи ва мураббийларни жалб этиш ва истиқболда клубни олий лигага олиб чиқиш вазифаси қўйилди ва ҳомий сифатида “Ўзбекгидроэнерго” жамияти бириктирилди.  Вилоят ҳокимлиги  ва ҳомий ташкилот томонидан қисқа вақт ичида олиб борилган саъй-ҳаракатлар туфайли мамлакатимиз ва вилоятимизнинг истеъдодли ёшларидан иборат жамоа таркиби шакллантирилиб, клуб бош мураббийлигига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт мураббийси Дилшод Нуралиев тайинланди. Эндиликда Баҳриддин Ваҳобов, Исломжон Иномов, Фарҳод Тожиев каби истеъдодли футболчилар “Сурхон” жамоаси шарафини ҳимоя қилиш учун майдонга тушади. Тақдимот маросимида клуб олдидаги вазифалар, жамоанинг жисмоний тайёргарлиги, яратилган шарт-шароитлар, ўқув йиғинлари ва ўртоқлик учрашувларининг ташкил этилиши борасида оммавий ахборот воситалари ходимлари ва иштирокчиларнинг саволларига жавоб берилди.

Тақдимот маросимида иштирок этган вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов, жамоа ҳомийси “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов янги жамоада устоз-шогирдлик анъаналарини давом эттириш, ёш истеъдодларни кашф этиш борасида амалий ҳамкорлик ва кўмакка доимо тайёрлигини билдирдилар.

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE