Бош саҳифа / Спорт / Сурхон воҳаси – Мамлакат нигоҳида

Сурхон воҳаси – Мамлакат нигоҳида

Мустақиллик йилларида Юртбошимиз ва ҳукуматимизнинг саъй-ҳаракатлари билан спортнинг барча турлари  ривожланди. Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Ўзбек йигит-қизлари Осиё, жаҳон, олимпиада мусобақаларида иштирок этиб, мамлакатимиз байроғини баланд кўтаришаяпти. Бугун юртимизнинг бу соҳада эришган ютуқларини бутун дунё тан олмоқда.

Собиқ иттифоқ даврида мамлакатимиз вакиллари Осиё ва жаҳон чемпионатларида иштирок этишлари жуда мушкул эди. Қарамликнинг ўтган етмиш йиллиги давомида бокс бўйича биргина  Руфат Рисқиев жаҳон чемпиони деган  шарафли унвонни қўлга киритганди. Бугун эса юртимизнинг энг чекка қишлоқларидан ҳам Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқмоқда.

Сурхон воҳасида 2000 йилда бокс федерацияси ташкил этилган бўлса, ўтган қисқа вақт ичида жуда катта ишлар амалга оширилди. Айни пайтда вилоятнинг Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Шўрчи, Денов, Узун, Ангор, Шеробод, Қизириқ туманларида ўнлаб ёшлар бокс тўгаракларида машғулот олиб боришмоқда. Бошқача қилиб айтганда, воҳада 1205 нафар киши бокс билан шуғулланади. Шулардан 106 нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Боксга қизиқувчи спортчиларга эса 45 нафар мураббий таълим бериб, “чарм қўлқоп” усул ва сирларини қунт билан ўргатиб бормоқда.

Энг муҳими, бокс билан шуғулланувчилар учун жойларда замонавий спорт анжомлари билан жиҳозланган бинолар ажратилган. Спортга бўлган эътибор ва уни ривожлантириш учун олиб борилаётган тадбирлар ўз самарасини бермоқда. Вилоятимиздан 2016 йилги жаҳон олимпиадаси иштирокчиси, Осиё ўйинлари совриндори Баҳодир Жалолов, Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатида 3-ўрин соҳиби Санжар Турсунов, Осиё чемпионати бронза медали совриндори, халқаро спорт устаси Музаффар Рашидов, халқаро турнирлар ғолиби, Ўзбекистон чемпиони Маҳмуд Гаитов, халқаро турнирлар ғолиби, ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпиони Шаҳзод Маузеров, халқаро турнирлар ғолиби, “Баркамол авлод” мусобақаси совриндори Муҳаммадали Ғафуров, халқаро турнирлар ғолиби Жўрабек Тоштемиров, спорт устаси Фазлиддин Каттақулов, Оқмурод Ғаффоров каби истеъдодли “чарм қўлқоп” усталари бугун воҳамиз шарафини ҳимоя қилишга бел боғлашган. Бокс бўйича мамлакат чемпионатида ана шундай моҳир спортчилардан 20 нафари рингга чиқиб, мухлисларни хушнуд этиш ниятида.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, қадим ва навқирон шаҳримизда илк бора катталар ўртасида ўтаётган бокс бўйича мамлакат чемпионатида 49, 52, 56, 60, 64, 69, 75,81,91 ва мутлоқ вазн тоифаси бўйича кескин курашлар бўлиб ўтаяпти. Бу чемпионат воҳамиз боксчилари учун катта бир синов ва имтиҳон вазифасини ўташлигини унутмаслигимиз лозим.

Биз вилоят бокс федерацияси ижрочи директори, икки марта Ўзбекистон, уч марта Россия чемпиони, Болгария, Ирландия, Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркияда ўтказилган бокс бўйича халқаро турнирларда фахрли ўринлар соҳиби бўлган Расулжон Жўраев билан суҳбатлашдик.

— Бугун воҳамизга мамлакат бўйича 300 нафар спортчи иштирок этаяпти.  Мусобақаларни одилона бошқариш учун 40 нафар ҳакам жалб этилган. Айтиш лозимки, Рио-де-Жанейро ва Германияда ўтказилган жаҳон чемпионатларининг 8 нафар ғолиб ва совриндори ҳам ана шу нуфузли мусобақада иштирок этишмоқда. Мана, кўриб турганингиздек, мусобақалар бошланди. Боксчиларимиз ўртасидаги кураш кескин ва муросасиз бўлмоқда. Чемпионат соврини 10 минг АҚШ долларини ташкил этади. Ғолиблар шу билан бирга диплом, кубок ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишади.

Спортчиларнинг яшаши, машғулотлар олиб бориши, тарихий жойларга саёҳатга чиқиши учун барча шароит муҳайё этилган. Кечагина бошланган мамлакат чемпионати мусобақалари 30 ноябргача давом этади.

— Айтингчи, бундай нуфузли мусобақанинг Сурхон воҳасида ўтказиш ташаббуси қандай пайдо бўлди?

— Воҳамизда бокс бўйича кўплаб чемпионлар, халқаро мусобақалар ғолиблари чиққанлиги ҳаммамизга маълум. Лекин биз бокс бўйича мамлакат чемпионатини айнан Термиз шаҳрида ўтказишни режа қилиб юрардик. Вилоят бокс федерацияси раиси мамлакат бокс федерацияси раҳбариятига ана шу таклиф ва режаларни етказганда, улар бир овоздан қўллаб-қувватлашгани сурхондарёлик боксчилар орзусининг рўёбини таъминлади. Бу мусобақада ғолибликни қўлга киритган боксчилар  Осиё чемпионатига йўлланмани нақд қилишади.

Бугун ўтаётган мусобақа шуниси билан муҳимки, Сурхон воҳаси спорти тарихида олтин ҳарфлар билан муҳрланиб қолади. Биз мусобақада иштирок этаётган воҳамиз ҳамда барча вилоятлар, Қорақалпоғистон Республикасидан келган “чарм қўлқоп” усталарига зафарлар тилаб қоламиз.

Сафар ОМОН,
“Сурхон тонги” мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Сурхон” мухлисларини шодлантираяпти

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати суперлигаси баҳсларида қатнашаётган жамоалар яна олти турдан сўнг бу йилги мавсумни …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE