Бош саҳифа / Жамият / “СУРХОН ТОНГИ” МАКТАБИГАЧА…

“СУРХОН ТОНГИ” МАКТАБИГАЧА…

Сурхондарёнинг олис тоғли бир қишлоғида шундай мактаб борки, ўзбек матбуотига олтита, “Сурхон тонги” мактабига икки нафар журналист етиштириб берган. Яна юзлаб йигит-қиз шу соҳага иштиёқ ва ҳавас билан улғаймоқда… Боботоғдан Қоракамаргача, Паттакесардан Мачайгача бўлган кенгликдаги воҳанинг бошқа мактабларидан ҳам  “Сурхон тонги”га кенг, равон йўл бор. У ижод йўли. У маърифат йўли. Ана шу йўлдан юрган киши  албатта,  “Сурхон тонги” мактабига келади…

1932 йилнинг 15 апрелидан  “Қизил чегара” номи остида чиқа бошлаган газета бугун ўқувчилари ҳузурига   “Сурхон тонги” бўлиб қириб бормоқда. Ўзининг тўқсон йилга яқин умри давомида не-не кунларни, алғов-далғов замонларни кўрмаган дейсиз. Қанчалаб муҳарриру мухбирлар келиб-кетмаган бу даргоҳга. Шаклу шамойили, ранги, адади ўзгарган бўлиши мумкин. Аммо, газетанинг халқ минбари, халқ мулки экани, эл-юрт хизматига камарбасталиги ўзгарган эмас.

Қишлоғимиздаги почта алоқа бўлими уйимизга яқин бўлгани учунми ёки мендан ёши улуғроқ бир-икки қариндошимиз журналист касбининг этагидан тутгани сабабми ҳарфларни таниганимдан буён  “Сурхон тонги” мен учун қадрли. Маҳмуд Абулфайзнинг “Баян”, Муҳаммад Азимовнинг “Ҳаёт қўшиғи”, Алимардон Бўроновнинг   “Тоға” каби юзлаб, қалбга яқин публицистик мақолаларни айнан ушбу газета саҳифаларида ўқиганман. Илк журналистик тасаввурларим айнан шу мутолаа ортида шаклланган. Саҳифалардаги юки залворли сўзлару юксак маҳорат билан битилган  ҳаёт ҳақиқатлари аллақачон қалбимга кўчган. 

Бугун ҳам ушбу муқаддас даргоҳда ижодий муҳит бардавом. Устозларнинг ишини фидойилик билан давом эттираётган Усмонали Норматов, Феруза Раҳмонқулова, Адолат Мўминова, Холмуҳаммад Тоғаймуродов, Хуршид Қаршиев, Сайёра Аллаева сингари қаламкашларнинг заҳматли фаолиятини фахр билан тилга олиш мумкин.  Улар ҳам инсонларнинг дарду ташвишлари, ҳаётнинг турли жабҳаларида кечаётган қизғин умр манзараларини ўз публицистик мақолаларида баён этаётир. Ўз йўналиши, ёзиш услуби билан муштарийлар кўнглига йўл топмоқда.

Таҳририятдагиаҳил ва ҳамжиҳат жамоанинг шаклланиши, ижодкорларининг бир мақсад сари дадил одимлашида ушбу газетага бош муҳаррирлик қилган Саидмурод Жўрақулов, Гелдимурод Саидмаликов, Муҳаммад Азимов, Рамазон Ашуров, Гулбаҳор Тангирова, Алиёр Ражабов, Райҳон Раҳимова сингари тажрибали раҳбарларнинг хизматлари катта деб ўйлайман. Бош муҳаррирнинг салоҳияти газетанинг савиясини белгилаб беради, деган ғоя шунда кўринади. Ўз ўрнини, мавқеини йўқотмаган газета бугун ҳам дадил иш жараёнида. Таҳририят ижодкорлари бир зум ҳам изланишдан тўхтагани йўқ.

“Сурхон тонги”нинг эшиги доимо очиқ. Вилоятнинг турли гўшаларида бўлаётган янгиланишлар, воҳадошларимизнинг турмуш тарзи, ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар, муаммо ва камчиликлар сабаб қўлига қалам олган ҳар бир ижодкорнинг сўзи биз учун қадрли. Бу борада Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тоштемир Турдиев, матбуот фахрийлари Омон Шукуров, Жўра Қодиров, ёш журналист Нигина Шоеваларнинг таҳририятимиз билан ҳамкорлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.      

Газетачиликнинг меҳнат-машаққати билан бирга завқ-шавққа тўла дамлари ҳам кўп. Новвойнинг тандирга ёпган нонни узгунча бўладиган бесаранжомлиги ижодкорда ҳам кузатиладиган ҳолат. Нашрнинг янги сони ўқувчилар қўлига етиб боргунча ўтадиган жараённи айнан новвойга қиёслаш мумкин. 

Бу соҳада касбини севган, меҳрини берган инсонгина ҳис этадиган жиҳатлар кўплигини фидойи, жонкуяр устозларимиз яхши билади. Журналистлик фаолиятнинг эътирофга арзирли заҳмати-ю ҳузурини кўрган устозларга ҳамнафас шогирдларнинг соҳага бўлган меҳри ҳам юксалиб бораверади. Ўқиб, кузатиб, улги олиб, қалами сайқалланади, журналист сифатида шаклланади. Ўзлигини топади.

Яхшими-ёмонми йўли газетачилик томон бурилган инсон борки, соҳада бир из қолдиради. Фақатгина қандай из қолдириши ҳар кимнинг ўзигагина боғлиқ. Умрни аёвсиз емириб бораётган вақт қаршисида мардона туриш, теран сўз айтиш, фурсатни эзгу амалларга алмашиш ҳар бир ижодкор учун муҳим. Бу майдон ичра ҳаёт бардавом. Кунлар ойга, йиллар асрга айланиши муқаррар. Куни келиб устоз Сафар Омоннинг ўша машҳур очеркида ёзилгани каби: “Бир бор эсласалар бизни бўлгани…”

Салоҳиддин Норқобилов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Газетанинг янги сонини ўқинг!

“Сурхон тонги” газетасининг 2020 йил 5 августдаги сонида сиз кутган мақолалар нашр этилган: — “Тез …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan