Бош саҳифа / Спорт / “Сурхон олиши” спорт тури сифатида эътироф этилса…

“Сурхон олиши” спорт тури сифатида эътироф этилса…

Анъанавий ўзбек миллий курашининг тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади.  Ушбу ноёб миллий кураш тури бизга аждодлардан мерос сифатида авлоддан авлодга ўтиб келмоқда. “Алпомиш” достонида ҳам “Сурхон олиши” тасвирланган сюжетлар кўп учрайди. Ушбу кураш турида ўрама чил, чил чалиш, туя чил, қоқма ёки қоқиб улоқтир, чўнқайма, бел чил, қўл чил, илмоқи, кўтариб улоқтириб ташлаш каби кураш усулларидан фойдаланилади.

“Сурхон олиши” замонавий миллий курашнинг бухороча усулида кўзда тутилган техник ҳаракатларига ўхшаб кетади. Аммо, унда қўлланиладиган атамалар ва кийимлари бир-биридан фарқ қилади.

Айтиш керакки, вилоятимизда анъанавий “Сурхон олиши” таъсирида камол топаётган лаёқатли, истеъдодли полвонлар бор. Чунки, воҳамизда курашнинг ушбу тури бўйича катта мактаб яратилган. Ана шу мактабни давом эттириш, уни янада кенгроқ ёйиш мақсадида “Олиш” миллий якка кураши спорт клуби (МЧЖ) ҳам ташкил этилган. Мустақиллик йилларида курашнинг бухороча, фарғонача турлари ўзбек миллий спорти турлари сифатида эътироф этилди. Бироқ, бизнинг “Сурхон олиши” якка курашимиз ҳанузгача миллий спорт тури сифатида ҳуқуқий мақомга эга эмас. Шу боис, ҳозирда “Сурхон олиши”нинг мақомини тиклаш, унинг спорт тури сифатида эътироф этилиши учун “Олиш” миллий яккакураши федерациясини ташкил этиш лозим. Федерацияни ташкил этиш, шунингдек, Термиз туманидаги замонавий “Отчопар” спорт комплексида икки йилда бир марта хориждан келган сайёҳлар учун “Улоқ-кўпкари” ва “Сурхон олиши” бўйича спорт фестивалини ўтказиш лойиҳаси устида иш олиб боряпмиз. Ўйлайманки, бу нафақат бизнинг миллий сурхонча олишимиз, улоқ-кўпкари ўйинимизни хорижликларга танитади, балки, воҳамизда спорт туризмини ҳам ривожлантиради.

Гафур ЮЛДАШЕВ,
“Сурқаш-Кураш” МЧЖ директори  

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бир кунда неча қадам юрасиз?

Термиз шаҳар ҳокимлиги, туризм ва спорт бўлими ҳамкорлигида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan