Бош саҳифа / Спорт / “Сурхон”ни қўллаб-қувватлайлик

“Сурхон”ни қўллаб-қувватлайлик

Футболга қизиқмайдиган одам бўлмаса керак. Бу ўйинга ҳеч ким бефарқ эмас. Месси, Роналду каби “чарм тўп” усталари номини ёш бола ҳам билади. Чиндан ҳам яхши футбол ўйини кишини ўзига ром қилади. Яшил майдон узра елаётган тўпдан кўз узолмай қоласиз.

Вилоятимизнинг “Сурхон” футбол клуби мамлакат суперлигасида ўйнаётганидан хурсандмиз, албатта. Айниқса йигитларимиз мусобақаларда моҳирлик билан тўп суришаётгани, донгдор жамоалар устидан ғалаба қозонишаётгани мухлисларни жуда қувонтираяпти. Юртимизнинг энг тажрибали ва кучли клуби —“Пахтакор” билан тенгма-тенг ўйнаш ҳар қандай жамоага ҳам насиб қилавермайди. “Бухоро” ва “Қизилқум” футбол жамоаларини доғда қолдиришганини айтмайсизми! Яқинда ҳамюртларимизнинг “Қизилқум” билан ўйинини катта қизиқиш билан томоша қилдим. Йигитларимиз рақиб майдонида ўйнаётганига қарамасдан эркин тўп суришди. 3 та гол урганларидан кейин ҳам ҳужумни сусайтиришмади. Хусусан, Абдулазиз Юсупов рақибларни довдиратиб қўйди ва дарвозани икки марта ишғол этди. Шавкат Саломов ва Асилбек Омонов ҳам фидойилик кўрсатишди. Бошқа футболчиларимиз маҳоратидан ҳам қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Бу ўйиндан кўнглим завқ-шавққа тўлди. Бундай кезларда беихтиёр “Отангга раҳмат-е! Қойил!!” деб юборасан киши. Тўғри-да, футболчиларимиз билан фахрлансак арзийди.

Ҳозирги пайтда “Сурхон” суперлига турнир жадвалининг юқори поғоналаридан бирини эгаллаб турибди. Биз мухлислар ҳам бунга жавобан қўлдан келганича йигитларимизни қўллаб-қувватлашимиш лозим. Ахир, қарс икки қўлдан чиқади, деган гап бор. Айтайлик, биз, журналистлар ҳозиргидек қисқа хабарлар бериб бориш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Севимли клубимиз ўйинларини кенгроқ ёритиб боришимиз ҳам зарурдир. Нафақат ўзимизда, балки рақиб майдонида ўтказилаётган ўйинларни ҳам бевосита стадионда кузатиб, газеталарда суратли репортажлар бериб борсак, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, “Сурхон” футболчилари ҳақида (Биз уларнинг исми-шарифини биламиз, холос. Бошқа ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз) мақолалар эълон қилиб борилишини истардик. Бундай материалларни ким ўқимайди? Севимли жамоамиз беллашадиган куни стадион ишқибозлар билан тўлса, бу ҳар қандай ўйинчига куч-ғайрат бағишлайди. Мухлисларнинг гулдурос қарсаклари футбочиларга руҳий қувват бағишлаши шубҳасиз. Улар учун бундан ортиқ мукофот бўлмаса керак. Келинг, азиз воҳадошлар “Сурхон” стадионига шошилайлик. Мусобақаларни ўз кўзимиз билан кўрганимизга нима етсин. Умид қиламизки, ўшанда футболчиларимиз ҳам шунга яраша муносиб ўйин кўрсатишади.

Ушбу мақолани қоғозга туширганим 25 май куни севимли жамоамиз “Сурхон” спорт мажмуасида ўйин ўтказишидан хабар топиб, стадионга бордим. Кўркам ўйингоҳга минглаб футбол ишқибозлари ташриф буюрганини кўриб хурсанд бўлдим. Улар орасида хотин-қизлар ва болалар ҳам бор эди. Беллашув кескин ва шиддатли тарзда ўтди. Дастлаб “Сурхон” жамоаси гол урди. Рақиблар ҳам бўш келишмади. Тезда ҳисобни тенглаштиришди. Ўйин қизигандан қизирди. Ҳаяжонли дақиқалар кўп бўлди. Ниҳоят, йигитларимиз яна меҳмонлар дарвозасига тўп киритишга муваффақ бўлишди .

Томошабинлар гурр этиб, ўрнидан туриб кетишди. Барча бараварига “гол” деб ҳайқирарди. Анча вақт қарсак садолари янграб турди. Камина ҳам қувончимни ичимга сиғдира олмасдим. “Сурхон” ушбу ғалабадан ке-йин турнир жадвалидаги ўз ўрнида 3-ўринда мустаҳкам ўрнашиб қолди.

“Сурхон”, олға! Сизларга ҳамиша зафар ёр бўлсин, азаматлар!

Қурбон ЖЎРАНАЗАРОВ,
Ўзбекистон Журналистлари
уюшмаси аъзоси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мусобақалар олдидан

Жорий йилнинг 15-17 август кунлари Термиз шаҳрида “Ёшлик спорт жамоалари” Республика мусобақасининг ҳудудий саралаш босқичи …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE