Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / “Сурхон-14” навининг афзаллиги нимада?

“Сурхон-14” навининг афзаллиги нимада?

Кейинги йилларда ингичка толали пахтага нисбатан эътибор яна кучайди. Чунки мамлакатимизга хориждан келтирилган технологиялар ёрдамида ингичка толали пахтадан ҳам сифатли ва хилма-хил маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Бундан чорак аср муқаддам вилоятимизда ингичка толали ғўзанинг “Термиз-14”, “Термиз-16” каби бир неча нави яратилиб, мўл ҳосил олинганди. Орада ингичка толага нисбатан эътибор сусайганлиги туфайли бу нав ларга талаб ўз-ўзидан камайди. Ҳатто, бу навнинг экишга ҳам уруғлиги йўқ. Шу боис ўтган йили далаларимизга Туркманистондан “Иолатан” нав ғўзанинг чигити келтирилиб, экилди. Деҳқонларимизга яхши аёнки, бу нав ғўза авваллари ҳам Сурхондарё далаларида экилган, бироқ ҳосили кечроқ пишади. Шу боис ингичка толали ғўзанинг эртапишар навларини яратиш ва уруғини кўпайтириб, кенг майдонларда экиш талаби қўйилмоқда. Бундан ташқари, четдан уруғлик келтириш вилоят иқтисодига анча қимматга тушади.

Жорий йилда вилоятимиз фермер хўжаликларида “Сурхон-14” нави чигитини экиш режалаштирилган. Албатта, ингичка толали ғўза майдонларини кенгайтириш учун биринчи навбатда уруғлик керак. Афсуски, “Сурхон-14” навининг ҳам мавжуд уруғи атиги 350-400 гектар майдонга етиши мумкин. Айтиш керакки, ушбу нав 2007-2009 йилларда Ангор, Шеробод, Термиз туманларида 7 минг  гектардан кўпроқ далага экилган, жумладан, 2 минг гектар ерга чигити қўшқаторлаб экилиб, ҳар гектар ҳисобига 35-40 центнердан ҳосил олинганди.

Бугун “Сурхон-14” нави уруғини кўпайтириш талаби қўйилаяпти. Шу боис ўтган йили ушбу нав уруғини кўпайтириш ва тажрибада синаш мақсадида Термиз туманидаги “Сурхон — Дўстлик” СИУда элита уруғчилиги хўжалиги иш бошлади. Қуйида бу йил ушбу нав чигитини далаларига экадиган фермер хўжаликларига айрим тавсияларимизни баён этмоқчимиз:

Биринчи тип тола берадиган ингичка толали “Сурхон-14” нави селекционерлар М.Иксанов, Б.Жўраев томонидан яратилган. Ғўза поясининг баланд лиги 125-135 сантиметрга етади. Ҳосилининг пишиш даври 118-122 кун. Пояси ётиб қолишга мойил эмас. Кўсаклари ўртача 3-4 чаноқли, тўрт  чаноқлисидан  4 граммга яқин пахта чиқади. Пахтаси чаноқларда узоқ вақт турганда ҳам тўкилиб кетмайди. Уч йиллик тажриба натижаларига кўра, “Сурхон-14” нави тола чиқими бўйича 1.7 фоиз кўп тола беришини кўрсатди.

Ер етилиши билан пуштага сув олинади.  Бунда намлик пушта юқорисига чиқиши керак. Чигитни  10 сантиметр чуқурликда, тупроқ ҳарорати ўртача 14 даражадан кам бўлмаганда экиш мақсадга мувофиқ. Ҳар гектар ерга сарфланадиган чигит миқдори, туксиз чигит ишлатилганда 25-30, тукли бўлса 50-55 килограммдан дан ошмаслиги  керак.

Экиш учун қулай муддат  20 мартдан 10 апрелгача. Экиш чуқурлиги барча тупроқларда 3,5-4 сантиметр бўлиб, кун қизиб кетса, намлик камайиб бораверса,  4,5-5  сантиметр чуқурликда экиш керак.

Уруғлик қўшқатор  экилса, қўшқатор ораси 30 сантиметр, қаторлар ораси 60 сантиметр бўлишини таъминлаш керак. Бунда бир погон метрда  бир қаторда 25 дона, 2 қаторда жами 50 дона чигит тушади, бу эса гектарига 55 килограмм чигит сарфланади, демакдир. Унумдор тупроқларда 60 сантиметр схемада экилганда бу навда бир погон метрда  8-9 та, 90 сантиметр схемада экилганда эса 12-13 тадан кўчат қолдириш лозим. Ушбу нав- ни кўпроқ 60 ва 70,75 сантиметр- ли схемада экиш самаралидир.

Бу нав экилган ғўза  майдонларида биринчи культивацияни эрта муддатда  ўтказиш мақсадга мувофиқ. Айтиш лозимки, чигит экилгандан сўнг намгарчилик кўп бўлган йилларда намни қочириш чораларини кўриш зарур, бу гаммоздан сақлашнинг муҳим омили.  Шундан келиб чиқиб, кўчатлар 60-70 фоиз униб чиққандан сўнг биринчи ишлов беришни бошлаш лозим.

Азотнинг йиллик меъёри бу нав учун 300-350 килограмм, фосфор 190-200 килограмм, калий 125-140 килограмм меъёрда берилиши мақсадга мувофиқ.

Азотли ўғитларни биринчи культивацияда 70-80 килограмм, шоналаш даврида 120 килограмм, гуллаш ва ҳосил тўплаш даврида 130-150 килограммдан тақсимлаб беришни тавсия қиламиз.

Минерал ўғитларнинг самарасини янада ошириш  учун, уларни маҳаллий ўғитлар билан биргаликда солиш муҳим. Ўғит бериш муддати кечиктирилса, чигит вазни пасаяди. Фосфорли ўғитлар ўсимлик ривожини тезлаштиради. Калий эса тола сифатини, айниқса, унинг пишиқлигини, иссиқликка чидамлилигини оширади.

“Сурхон -14” навини суғориш тупроқ-иқлим шароити, сизот сувлар сатҳининг жойлашиш чуқурлигига боғлиқ. Сизот сувлар чуқур жойлашган, бўз, тақир тупроқларда 1:3:2, сизот суви яқин, ўтлоқи  ботқоқ тупроқларда  1:2:1 нисбатда, қумоқ, енгил тупроқли шароитда 6-7 марта енгил-енгил  суғорилади. Биринчи ва охирги сувни эгат оралатиб суғориш мақсадга мувофиқ.

Б.ЖЎРАЕВ,
қишлоқ хўжалик
фанлари номзоди,
Ж. ЖЎРАЕВ,
Тошкент давлат аграр
университети Термиз
филиали талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Маҳаллий навни ҳам экайлик!

Бугун вилоятимиз деҳқонларининг вақти зиқ. Етиштирилган пахтани йиғиштириб олиш катта ташвиш бўлса, кузги ғалла экиш …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE