Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сунъий кўллар хазинаси

Сунъий кўллар хазинаси

Мустақиллик одамларни меҳнатга бўлган қизиқишини янада оширди. Тадбиркорлик, ишбилармонлик хислатларини намоён этаётган шахсларнинг самарали меҳнатлари туфайли маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми тобора ортиб бораяпти. Буни биргина балиқчилик мисолида кўриш мумкин.

Авваллари Россиянинг олис ўлкаларидан келтирилган музлатилган ва консерваланган балиқ тановвул қилишга одатланган кишилар балиқ етиштириш ҳақида ўйламасдилар. Бугун тадбиркор кишилар вилоятимиз ҳудудидаги дарёларга яқин бўш жойларни ўзлаштириб, сунъий кўллар барпо этишмоқда ва бу ҳовузларда  “луқмаи ҳалол”ни кўпайтириб, элимизнинг балиқ гўштига бўлган талабини қондириш учун кечаю кундуз меҳнат қилишаётир.

Вазирлар Маҳкамасининг тармоқни ривожлантиришга оид қарорларидан сўнг вилоятимизда ҳам тадбиркор шахс лар томонидан балиқ етиштириладиган сунъий кўллар ҳажми кенгайди. Балиқчилик хўжаликларини сифатли озуқабоп емишлар билан таъминлашга ихтисослашган кичик-кичик корхоналар фаолият кўрсатаяпти. Соҳа ходимлари аввалгидек “Шўрчидонмаҳсулотлари” корхонасида тайёрланаётган омухта ем олиш учун навбатга туришмайди. Шунингдек, балиқ овлаш анжомлари ҳам кўпайган.

Маълумотларга қараганда, бугун воҳада соҳага ихтисослашган 229 та фермер хўжалиги мавжуд бўлиб, тадбиркорлар қарийб минг гектар сунъий ҳовузларда “Дўнгпешона”, “Зоғора”, “Оқ Амур” сингари балиқ чавақларини  зооветеринария талаблари асосида парваришлашаяпти. Эндигина фаолиятини бошлаган хўжаликлар балиқ чавақларини ҳам излашмайди. Чунки вилоятнинг ўзида шу соҳага ихтисослашган хўжаликлар иш бошлаган.

Жорий йилда тармоқ ходимлари элимиз дастурхонига 2900 тонна  балиқ етказиб бериш учун сунъий кўлларда фидойилик билан меҳнат қилишаётир. Узун туманидаги тажрибали балиқчи Т. Қоржовов бошлиқ “Абуҳурайро”, Жарқўрғон туманидаги А. Аҳмедов етакчилигидаги “Оқтепа олтин балиғи”, Қумқўрғон туманидаги тадбиркор Камолиддин Чориев раҳбарлигидаги “Комрон Чори”, Термиз туманидаги Ж. Шойназаров раҳбар бўлган “Намуна олтин балиғи”, Н. Мажиджонов раҳбарлигидаги “Сурхон балиқ Намуна”, Б. Хўжамуродов етакчилигидаги “Бактрия барака балиғи” сингари ўнлаб фермер хўжаликлари аъзолари сунъий кўлларда етиштирилган балиқларни овлашга киришдилар ва эл дастурхонига тортиқ этишаяпти.

Шуни айтиш керакки, вилоятда фаолият кўрсатаётган бозорлар қошида балиқ ва балиқ маҳсулотлари билан савдо қиладиган нуқталар сони ҳам кўпаймоқда.

Н.УСМОНОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сохта чипталар…

Мажбурий ижро бюросининг Сурхондарё вилоят бошқармаси ва Олтинсой туман бўлими тумандаги электр таъминоти корхонаси ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE