Бош саҳифа / Жамият / Сўнгсиз изтироб

Сўнгсиз изтироб

Донишманд халқимиз қаноатда гап кўп, дейди. Зотан, инсон сабр-қаноатли, ҳар ишда тадбирли бўлсагина, рўзғорида барака бўлади. Афсуски, нафсини фарзандининг минг бир орзу- истакларидан устун қўйган айрим ота-оналар бу ҳаётий ҳақиқатнинг моҳиятига жуда кеч етишмоқда.

— Туппа-тузук, ишим бор эди, — дея ҳикоя қилади таниш бир йигит суд залида қилмишлари жабрини тортиб чиққач. — Қўлимда яхшигина касбим бор эди. Бировдан кам, бировдан кўп деганларидек, умргузаронлик қилиб келардим. Аммо онамнинг “Кўпроқ пул топ”, деган қистови менга қимматга тушди. Нетай, волидамнинг”, сен тенги йигитлар аллақачон ҳаётда ўз ўрнини топиб, мулк қилишди. Машиналарни елдириб, оналарини эъзоз қилиб юрибди. Сенинг қўлинг қисқалиги боис, кўпнинг ичига киролмай қолдим. Укаларингни уйлантиришимиз керак. Отанг ногирон. Унинг ногиронлик нафақасига ҳеч қандай тўй ҳам, орзу-ҳавас ҳам кўриб бўлмайди. Хорижга бориб ишла, пул топ”, деган сўзларига бардош беролмай, иложсиз хорижга кетишга мажбур бўлдим.

Дастлаб адашганим, кимларнингдир маслаҳатига алданиб, ноқонуний йўл билан иш излаб чиқиб кетганим бўлди. Амаллаб иш топдим. Иш берувчи ҳам художўй одам экан. Ҳатто, “корхонамизда спиртли ичимликлар ичилмайди. Намоз ўқимаган одамнинг топганида барака бўлмайди”, — деб мени ҳам тақвога чақирди. Ҳар куни ишдан сўнг бизга ўзлари амру маъруф қилар, ҳаммани диёнатли бўлишга чорларди. Кунларнинг бирида интернетдан юклаб олинган видео роликларни кўрсата бошлади. У ерда жиҳод қилиш, шаҳид бўлиш ва кофирлар билан жанг қилиш хусусида сўз борарди. Бундан кўнглимни қўрқув ва ҳадик босди. Жамоат аъзолари менинг ҳолатимни пайқаган, шекилли, иш вақтим тугагач, алоҳида суҳбатлар олиб боришди. Ёшларни оғдиришга устаси фаранглар мени аста-секинлик билан ўз домига тортганини англамай ҳам қолдим. Кейин эса Сурия каби уруш ўчоғига айланган жойларга боришга, у ерда тинч яшаётган одамларга қирғин солишга менда рағбат уйғотишди. Энг ачинарлиси, ўз ҳамқишлоқларимни Москвада излаб топиб, уларни ҳам сафимизга қўшишга ҳаракат қила бошладим.

Яхшиямки, корхонамизнинг норасмий фаолияти ошкор бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келиб, корхонамизни ёпиб қўйишди ва ишчилар ҳам сўроқ қилина бошланди. Мен ҳам Ватанимга “депортация“ қилиндим. Афсуски, ҳеч бир сир сирлигича қолиб кетмас экан. Аэропортда мен жамаот бошлиғидан юклаб олган диний мазмундаги маърузалар ва видео роликларни пайқаб қолишди. Шундан сўнг, нобакор инсонларнинг ҳамтовоғига айланганим, ҳатто, уруш бўлаётган жойларга бориб, ўзимни жангларга чоғламоқчи бўлганим ҳам ошкор бўлиб қолди. Бугун эса суднинг қора курсисида ўтирибман. Бўйи етиб қолган сингилларимнинг ҳам бахтига зомин бўлдим. Остонамиздан совчилар қадами узилди.

Йигитнинг сўзларини тинглар эканман, хаёлимда сўнгсиз саволлар чарх ура бошлади. Сабабсиз оқибат бўлмагани сингари, она ҳам “ловуллаб” адашди, адашса ҳам енгилгина адашмади. “Баланд дор”га осилган она фарзандини қонуний йўл билан хорижга юборганда, ўғлининг қора курсида ўтиришига сабабчи бўлмасмиди? Мум тишлаб турган ўғлининг олдида хижолат, ич-ичидан изтироб чекаётган онанинг пушаймонлиги сезилиб турарди. Аммо, энди пушаймонликдан нима наф?

Бу навқирон йигит қилмишига яраша жазо олади. Аммо содда йигитларни ўз тузоғига илинтирадиган, манфур мақсадли кимсалар бутунлай йўқ бўлиб кетгани йўқ. Улар пайт пойлайди. Ҳавойи орзу-ҳавас билан хотиржам ҳаётингиз, ҳалол ва бут ризқингиз, ширин турмушингизга зарар етказманг. Оилангиз келажаги учун ҳамиша тўғри йўлдан адашманг.

Сардор ЭРГАШЕВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тавсиялар берилди

Саноат хавфсизлигини таъминлаш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан “Сурхондарёдонмаҳсулотлари” акционерлик жамияти тасарруфидаги корхоналарда навбатдаги …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE