Бош саҳифа / Жамият / Суюнчи чўнтак тешар

Суюнчи чўнтак тешар

Қишнинг совуқ, изғирин кунларининг бирида аёлни тўсатдан тўлғоқ тутди. Уни туғуруқхонага шошилинч олиб келишди. Келин бир аҳволда туғуруқхона эшигига суяна-суяна ичкарига кирди. Қабулхонада ўтирган ҳамшира унинг ҳансирашига ҳам қараб ўтирмай дарров ҳужжат сўрай кетди:

— Сизга “карта” очишимиз керак. Мана бу ҳужжатлардан нусха кўчириб келинг. Яхшиси, сиз билан ким бирга келган бўлса, уни чақиринг. Аввал ҳужжатларни тахтлаймиз, кейин шифокорни чақираман.

— Жон синглим, бу ҳужжатларни-ку қайинонам бир амаллаб олиб келади. Дўхтирингизни чақиринг, биринчи фарзандимни ҳам операция бўлиб туққандим. Ўзимизнинг қишлоқ врачлик пунктидаги шифокор аёл, тезроқ боринг туғуруқхонага акс ҳолда сизнинг ҳам, боланинг ҳам ҳаёти хавф остида қолади, деганди. Шу сабаб ярим тун бўлишига қарамай югургилаб келдик, — дея ҳомиладор аёл ялина кетди. 

— Бугун туғишга келган аёллар кўпайгандан кўпайган. Гинекологимиз чарчаган, сабр қилиб туринг, — дея жаҳл билан шифокор томон кетди (Яратганнинг инояти билан туғиладиган болани туғмасдан сабр қилиб кутиб туриш мумкинми? Қизиқ.)

Шифокор ҳам ана-мана деганда келавермади. Жон оғриғидан чинқирган келиннинг овози бутун шифохонани тутди. Ҳаллослаб келган лўппи юзли доя: “Нега бақирасан, туғаётган бир сенми, қулоқни қоматга келтирдинг”, дея зардали оҳангда сўз қотди.     Бояқиш аёлнинг аҳволи эса оғирлашгандан оғирлашди. Аёлни кўздан кечирган шифокорнинг ҳам кўзлари бежо бўлиб кетди.

— Ие, хола, бироз кечикибсизлар-да, бола қуруқликда қолиб кетган, келинингизни операция қилишимизга тўғри келади. Шунда болага ҳам, онага ҳам ҳеч нарса бўлмайди. Фақат бир муаммо бор. Операция залига бошқа аёллар   навбат кутиб туришибди. Агар атаганингиз бўлса, биринчи бўлиб келинингизни қулунлатардик.

Эсанкираб қолган қайинона эса дарҳол пенсиясидан келинининг кўзи ёришига ишлатарман, деб асраб қўйганини унга тутқазди. Юзига қон югурган гинеколог бир варақ қоғозда керакли дори-дармонлар рўйхатини қайинонага узата туриб: “Тағин бошқа дорихонадан олиб юрманг“, дея унга “манзил”ни кўрсатиб қўйди. Дориларнинг нархи эса осмон. Қайинона шунда ҳам оғринмади. Ахир, келинимнинг, неварамнинг жони омон бўлса пул ҳам топилар, сирға ҳам олинар, дея онасидан қолган ёдгорлиги, бисотидаги биттагина тилла сирғасини гаровга бериб, дориларни қўлтиқлаганча келини томон ошиқди…

Давомини «Сурхон тонги» газетасининг 2021 йил 2-сонида ўқинг

Адолат Мўминова

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Ёмон гумон омад йўлимизни боғлайди

Толҳа ибн Абдурроҳман ибн Авф ўз замонасида Қурайшнинг энг саховатли кишиси эди. Бир куни унга …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan