Бош саҳифа / Жамият / Судъялар халқ билан учрашди

Судъялар халқ билан учрашди

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари бугуннинг энг долзарб ва устувор вазифаларидан бирига айланган, десак асло муболаға бўлмайди. Тасаввур қилинг, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, вазир ёки катта бир мансабдор шахс остонангизни ҳатлаб, сизни мулоқотга чорлаб “Нима муаммоинг бор?“ деб келиб турса, бундан ортиқ саодат борми?

Жорий йилга берилган ном ўз-ўзидан режали равишда турли вазирликлар, корхона ва ташкилотларнинг мутасадди раҳбарларини халқ билан бевосита мулоқотга чорлади. Бундан аҳоли беҳад миннатдор бўлмоқда.

Хусусан, мамлакатимиз қонунчилигига киритилаётган айрим ўзгартиш ва қўшимчалар фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларига хизмат қилаётгани айни ҳақиқат. Пойтахтдан келаётган мутахассислар ҳам халқ билан бўлаётган мулоқотлар чоғида уларнинг қонунчиликдан хабардорлиги ва фикру мулоҳазаларини тингламоқда. Жамоатчилик томонидан тушаётган талаб ва таклифлар асосида тегишли давлат органларида лозим бўлса, айрим қонун ва қонун ости ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўтган ҳафтада икки кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг раиси Козимжон Камилов жойларда бўлиб, аҳоли билан учрашувлар ўтказди. Учрашувнинг биринчи кунида Қумқўрғон қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи ўқитувчи ва талабалари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Мулоқотнинг иккинчи кунида Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Олий хўжалик суди раиси К. Камилов суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ўзгаришлар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. У ўз сўзида: “Инсон манфаатларини таъминлаш учун аввало, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти ҳимоя қилинмоғи, жамиятдаги адолат пойдевори янада мустаҳкамланиши керак,“деди.

Эътироф этиш керак, хўжалик судларидаги ислоҳотлар сабаб тадбиркорлик субъектлари кўплаб қулайликларга эга бўлмоқда. Биргина мисол, 2016 йилда хўжалик судларида 336 мингдан зиёд иш кўрилган бўлса, шунинг бевосита 14141 таси жорий этилган янги видеоконференцалоқа тизими асосида амалга оширилган. 24620 нафар фуқаро суд мажлисида видеоалоқа тартибида қатнашиб, ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилган. Бу орқали тахминан, 7,2 миллиард сўм маблағ тежаб қолинган. Бир тарафдан маблағ тежалган бўлса, иккинчи тарафдан ортиқча сарсон-саргардончиликларнинг олди олинган. Албатта, бу суд тизимида амалга оширилган янгиликлардан биттаси, холос. Яқин келажакда суд қонунчилигида амалга ошириладиган ўзгаришлар сабаб, яна бир қатор қулайликлар яратилади. Зеро, бу ислоҳотлар Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган муҳим омиллардан биридир, деса ҳам бўлади.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan