Бош саҳифа / Жамият / Судлар такомиллашуви

Судлар такомиллашуви

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан вилоят ҳокмилигида Ўзбекистон Республикасининг янги қабул қилинган Иқтисодий процессуал кодекси, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси ва янги таҳрирдаги Фуқаролик процессуал кодекси, шунингдек, Жиноят процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган охирги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳияти юзасидан семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда Олий суд судьялари Н. Раҳмонов, И. Ибрагимов, Ш. Саидов, Т. Мелибоев, БМТ Тараққиёт дастурининг «Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси вакили С. Холбоев ҳамда вилоят прокуратураси, адлия, ички ишлар, солиқ бошқармалари, савдо-саноат палатаси, адвокатлар палатаси ҳамда мутасадди идора ва ташкилотлар вакиллари, судьялар, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Семинарда Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш, одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, жамиятда қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Юқорида қайд этилган қонун ҳужжатларида низоларни самарали ҳал қилинишини таъминлаш, тарафлар ўртасидаги муносабатларни сақлаб қолишга шарт-шароит яратиш мақсадида уларни ўзаро келиштириш билан боглиқ ҳуқуқий механизм такомиллаштирилиб, келишув битимига оид янги боб киритилгани  алоҳида таъкидлаб ўтилди.

Яна бир муҳим янгилик: назорат инстанциясида иш юритиш тартибини белгиловчи нормалар тубдан қайта кўриб чиқилди. Эндиликда назорат инстанциясида ишлар нафақат Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарларининг протести асосида, балки тарафларнинг назорат шикояти асосида ҳам кўриб чиқилади. Таъкидлаш керакки, юқорида қайд этилган барча янги кодекслар 2018 йил 1 апрелдан кучга кириши белгиланган.

Тадбирда кодексларни амалиётга татбиқ этиш юзасидан мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди, иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.

Абдусалим ЖАББОРОВ,
“Камелот Фемида”
адвокатлик бюроси адвокати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

“Аёл ва замон” марказида янги лойиҳа

Воҳамиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотларининг ҳам ўз ўрни бор. Бу борада “Аёл ва замон” …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan