Бош саҳифа / Сиёсат / Судда одиллик муҳим

Судда одиллик муҳим

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бири суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш ҳисобланади.

Бу, ўз навбатида, мустақилликнинг илк йилларидан мазкур соҳани демократик ва умуминсоний тамойилларга мувофиқ ислоҳ этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг сифат жиҳатидан янги поғонага чиқишидан далолат беради.

Бу борада Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони соҳада янги саҳифа очди.

Мазкур ҳужжат ижроси доирасида Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунларига, шунингдек, Жиноят кодекси, Жиноят-процессуал, Фуқаролик процессуал ва Жиноят-ижроия кодексларига инсон ҳуқуқлари устуворлиги, суд муҳокамасининг адолатли ва ўз вақтида ўтиши, жазонинг одиллиги ва инсонийлиги кафолатларини кучайтириш ҳамда одил судлов самарадорлигини оширишга қаратилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, прокурорларнинг почта-телеграф жўнатмаларини хатлаб қўйиш, мурдани эксгумация қилишга санкция бериш бўйича ваколатлари судларга ўтказилиши, назорат инстанциясининг вазифалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва Раёсатига юклатилганлиги сабабли Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда улар раёсатининг ишларни назорат тартибида кўриш ваколатлари чиқариб ташланиши, тегишли суд раислари ва прокурорларининг назорат тартибида протест келтириш бўйича ваколатлари бекор қилиниши мақсадга мувофиқ, албатта. Бу ўзгартиш ва қўшимчалар “Хабеас корпус” институти қўлланилишини янада кенгайтиришга, тергов устидан суд назоратини кучайтиришга, суд қарорларининг қонунийлиги, шунингдек, суд процесси муддатлари ва сифатига салбий таъсир кўрсатувчи ортиқча оралиқ инстанцияларни бартараф этишга асос яратади.

Бундан ташқари, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган кечиримлилик, бағрикенглик, йиқилганни суяш каби эзгу хислатларига ҳамоҳанг равишда Жиноят кодексида белгиланган жазо тизимидан “қамоқ” жазоси чиқариб ташланиб, “мажбурий жамоат ишлари” жазо тури киритилгани эътиборга молик жиҳатдир. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, республикамизда 2014 — 2016 йилларда 3 минг 315 та жиноят иши бўйича 3 минг 464 нафар шахс- га нисбатан “қамоқ” жазоси тайинланган. Аммо ушбу жазонинг қўлланилиши етарли даражадаги профилактик таъсирга эга эмаслиги амалиётда қайта-қайта ўз исботини топган. Шу маънода, маҳкумнинг қамоқ ўрнига мажбурий жамоат ишларига жалб қилиниши шахснинг қайта тарбияланишига имкон беради. Бошқача айтганда, жиноий жазолар тизимидан нисбатан қаттиқ таъсир чораларидан бири чиқарилгани суд-ҳуқуқ ислоҳотларини либераллаштириш, соҳада адолатлилик ва инсонпарварликни қарор топтириш йўлида олиб борилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Х. ТУРСУНОВ,
Шеробод туманлараро
иқтисодий суди раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловлар бош мавзу

Бу йил сайловлар йили. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 25 июнида 18 боб, 103 моддадан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE