Бош саҳифа / Жамият / Суд шаффофлиги ва жазо муқаррарлиги

Суд шаффофлиги ва жазо муқаррарлиги

Асосий фаолиятимиз мамлакатимиз ва чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг давлат ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан, шунингдек, ҳаёти ва соғлиги, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқини таъминлашга қаратилган.

Ўтган йилда Термиз шаҳар маъмурий судига келиб тушган 3210 нафар шахсга нисбатан 2422 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари кўриб чиқилди. Уларнинг 1576 таси ички ишлар, 394 таси солиқ, 297 таси бошқа органлардан, 147 таси прокуратурадан юборилган маъмурий материалларни ташкил қилди.

Ишни судда кўриш жараёнида ҳуқуқбузарликнинг келиб чиқиш сабаблари, ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ёки кам аҳамиятлилиги каби мезонлар инобатга олиниб,762 та иш бўйича 1641 нафар шахс маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 21-моддасига асосан жавобгарликдан озод этилиб, маъмурий ишлар иш юритувдан тугатилди.

Судда кўрилган 1094 та иш бўйича 1313 нафар шахсга қонунда белгиланган тартибда 853 миллион 270 минг сўмлик маъмурий жарималар белгиланди ва жариманинг 607 миллион 739 минг сўми ихтиёрий равишда тўланди. Шу каби, ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволи, айбига иқрорлиги ва бошқа омиллардан келиб чиқиб, 778 та иш бўйича 919 нафар ҳуқуқбузарга МЖтКнинг 33-моддаси билан энг кам жарима жазоси қўлланилди. 181 та иш бўйича 181 нафар шахс махсус ҳуқуқдан маҳрум этилган бўлса, 54 та иш бўйича 60 нафар ҳуқуқбузар маъмурий қамоққа олинган.

Термиз шаҳар ҳудудида содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар таҳлил қилинганда, судда кўрилган ишларнинг 613 таси шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш, 363 таси қасддан енгил тан жароҳати етказиш, 264 таси транспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш, 284 таси солиқ соҳаси, 128 таси милиция ходимининг қонуний талабини бажармаслик, 261 тасини йўловчи ташиш билан лицензиясиз шуғулланиш каби ишлар ташкил қилди.

Афсуски, маъмурий жавобгарликка тортилган шахсларнинг 913 нафарини аёллар, 132 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 90 нафарини чет эл фуқаролари, 7 нафарини фуқаролиги бўлмаган шахслар ташкил қилади. Шуни таъкидлаш лозимки, кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг 1572 таси ёки 64,9 фоизи сайёр судларда кўриб ҳал этилди. Шунингдек, давлат ва бошқа органлар, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан Термиз шаҳар маъмурий судига 316 та оммавий ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ маъмурий ишлар келиб тушган. Ушбу ишларнинг барчаси судда кўриб чиқилиб, 306 та иш бўйича ҳал қилув қарор чиқарилди. 261 та иш бўйича жисмоний ёки юридик шахснинг шикоят ва аризадаги талаблари қаноатлантирилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланди. 45 та иш бўйича талаблар асоссизлиги сабабли рад этилди.

Юқоридаги натижалар билан бирга, Термиз шаҳар маъмурий суди фаолиятида айрим камчиликлар ҳам мавжудлиги аниқланиб, ушбу камчиликларга жорий йилда йўл қўймаслик чоралари белгилаб олинди.

Жорий йилда жиноят ва ҳуқуқбузарликлар кўп содир этилган шаҳарнинг “Дўстлик”, “Жўйижангал”, “Маърифат”, “Жайхун” ва бошқа маҳалла фуқаролар йиғинларида кўпроқ сайёр суд ўтказишга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва ўқув муассасаларида очиқ мулоқотлар ташкил этишга жиддий эътибор қаратмоқдамиз.

А. АБДУЛАКИМОВ,
Термиз шаҳар маъмурий суди раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Битирувчилар МИБда ишлаши мумкинми?

Бу саволга талабалар Термиз давлат университетида Маж-бурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси вакиллари билан ўтказилган …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan