Бош саҳифа / Жамият / Суд ишлари саёз кўрилса…

Суд ишлари саёз кўрилса…

Юртимизда суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлаш, маъмурий, жиноий, фуқаролик ва хўжалик қонунчилигида, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, асосий мезон қилиб олинган.

Вилоят жиноий ва маъмурий судлари томонидан кўрилган ишларнинг таҳлилидан бундай хулоса қилиш қийин кўринади. 2016 йил 12 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан фуқаро Ҳабибуллаев Ҳасанга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддасида кўрсатилган майда безорилик ҳуқуқбузарлигини содир қилгани учун 10 сутка қамоқ жазоси белгиланади. Суднинг бундай хулосага келишига шу туманда яшовчи фуқаро З.Г. (исми шарифи ўзгартирилди)ни Ҳ. Ҳабибуллаев ҳақорат қилгани ҳақидаги аризаси ва унга асосан тўпланган ҳужжатлар асос бўлган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 294-моддасида жавобгарликка тортилаётган шахс иш материаллари билан танишиб чиқишга, изоҳлар беришга, далиллар келтиришга, ўз илтимосини баён этишга, ишни кўриб чиқиш вақтида адвокатнинг юридик ёрдамидан фойдаланишга, ўз она тилида сўзлашга ва таржимоннинг хизматларидан фойдаланишга, иш юзасидан чиқарилган қарор устидан шикоят беришга ҳақлилиги кафолатланган. Бироқ Музработ туман ИИБ профилактика инспектори ва туман суди раиси Х.Хабибуллаевга бу ҳуқуқлардан фойдаланиш учун тўлиқ шароит яратиб бермайди. Жабрланувчини нима деб, қандай сўзлар ишлатиб, ҳақорат қилганлигини исботловчи далилларни келтирмасдан ва ҳимоячидан фойдаланиш ҳуқуқини тушунтирмасдан 10 сутка қамоқ жазоси тайинлаган. Аммо жабрланувчи З.Г. ўз кўрсатмасида уни Ҳасан ҳақорат қилмаганлигини, профилактика инспектори унга шундай деб ариза ёзиб берсанг, яхши бўлади, деб айтгани учун ариза ёзиб берганлиги ҳақида кўрсатма берган.

Биз ушбу далилларни келтириб, ЖИБ Музработ туман судининг маъмурий қарори устидан қонунда белгиланган тартибда кассация шикояти бердик. Бироқ, ЖИБ вилоят суди суд ҳукмини ўз кучида қолдирди. Биз яна Олий судга мурожаат қилдик. Ахийри, 2017 йил 30 октябрда Олий суд томонидан ЖИБ Музработ туман судининг 2016 йил 12 октябрдаги ва ЖИБ вилоят судининг 2016 йил 20 декабрдаги қарорлари бекор қилиниб, иш қайта кўриб чиқиш учун вилоят маъмурий судига юборилди.

 Мазкур ишни 2018 йил 25 январь куни Сурхондарё вилоят маъмурий суди кўриб чиқиб, Олий суд талабларини бажармасдан, муддати ўтган деган қонунни қўллаб, ишни ҳаракатдан тўхтатди. 2018 йил 22 июнда республика Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати назорат шикоятларимизни атрофлича ва чуқур текшириб, вилоят судининг қарорини бекор қилиб, қарорда “биринчи инстанция суди ишни янгитдан кўришда Олий суд қарори кўрсатмаларидаги талаблардан биронтасини бажармасдан, иш учун аҳамиятли ҳолатларни етарлича аниқламасдан процессуал хатоликка йўл қўйган, кассация инстанцияси ҳам худди шундай хатоликка йўл қўйган”, деган хулоса билан ишни қайта кўриш учун юборди. Олий суднинг бу қароридан Ҳасаннинг кўкрагига адолат шамоли теккандай бўлди. 2018 йил 25 июлда вилоят маъмурий суди биносида адолат қарор топди. Ҳасаннинг ҳаракатларида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломатлари йўқлиги тасдиқланиб, оқланди. Энг ачинарлиси эса, юқорида тафсилотлари келтирилган бу арзимаган ишнинг якуний қарор топиши 1 йилу 9 ойга чўзилди.

Узун тумани Ж.Пирназаров номли СИУ ҳудудида “Ҳақиқат Умед Натижа” фермер хўжалиги бошлиғи А. Тошмирзаев ҳам 77,2 гектар ер майдонида боғдорчилик, ғаллачилик, пахтачилик йўналишида фаолият кўрсатиб келар эди. Фермер 2014 йил октябрь-ноябрь ойлари давомида фермер хўжалиги ер майдони ичидан ўтган ички зовур ёқасига ўзи экиб келган 1001 туп манзарали тол-терак дарахтларини фермер хўжалиги эҳтиёжи учун кесиб олади. 2015 йил март ойида Узун ва вилоят табиатни муҳофаза қилиш инспекцияси мутахассислари ички зовурни кўздан кечириб, фермер томонидан 1001 туп дарахтнинг кесилиши натижасида ўсимлик дунёсига ва табиатга 144 424 320 сўмлик зарар етказилгани ҳақида хулоса тузиб, чора кўриш учун туман прокурорига беради. Туман прокурори ушбу ҳолат юзасидан Абдулла Тошмирзаевдан тушунтириш хати олганида, у бу ер майдони фермер хўжалиги балансида бўлганини, дарахтларни ўз маблағидан экиб, парвариш қилиб келганлигини ва бу дарахтлар фермер хўжалиги ва ўзининг шахсий мулки эканлигини асослаб берган бўлсада, туман прокуратураси ва туман ИИБ терговчилари бу мулк давлатники, кесиш натижасида ўсимлик дунёсига ва она табиатга зарар етказилган деб, унинг устидан жиноят иши қўзғатишади. Бу асоссиз талаб рўкач қилинганидан ташқари А.Тошмирзаевга ҳукумат қарори билан музлатилган фермер хўжалигининг қарздорликларини тўлашдан қасддан бўйин товлаганликдаги материаллар ҳам ишга қўшилиб, жами А.Тошмирзаев зиммасига жиноят кодексининг 198-моддаси 3 қисми, 232-моддаси, 206-моддаси 2 қисми “а” бандлари билан қўшимча айб қўйилиб, жиноят иши судга оширилди. Мазкур жиноят иши Музработ туман судида кўрилиб, фермерга нисбатан ЖКнинг 198-моддаси 3қисми билан айблов ҳукми чиқарилиб, 144 242 320 сўмлик зарарни тўлаш мажбурияти юкланди.

Терговчининг айблов қарорида, суд ҳукмида тажрибали ҳуқуқшуносларни ўйлантириб қўядиган бир жумла киритилган. Яъни “…Тошмирзаев моддий манфаат кўриш мақсадида фермер хўжалиги ер майдонида экилган дарахтларни кесган”, деб айб қўйилган.

Аслида ҳам фермер хўжалиги бошлиғи билан Узун туман ҳокими ўртасида 2010 йил 1 март куни имзоланган ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасида жами 77,2 гектар ер майдони ижарага берилгани, шундан 66,4 гектар ҳайдаладиган, 6,0 гектар боғ, 4,8 гектар қишлоқ хўжалигида фойдаланмайдиган бошқа ерлар ижарага берилгани қайд этилиб, харита тузилган.

Тошмирзаев зиммасига қўйилган жиноят кодексининг 206-моддаси 2 қисми “а” банди бирор бир далилга асосланмаган айблов бўлиб, юқорида айтганимиздек жамиятимизда турғунлик йилларидан қолиб кетган услуб, яъни қилинган терговнинг обрўсини кўтариш учун қилинган сохтакорлик бўлгани сабабли ўз-ўзидан айбловдан чиқариб ташланди-ю, лекин айбсиз шахснинг қарийб 4 йиллик азоб-уқубат чекишига сабаб бўлди, холос.

П.Маҳманазаров,
Термиз шаҳридаги “Сурхон Баркамол
Имкон” адвокатлар ҳайъати адвокати

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Вилоят ҳокими аҳоли билан юзма-юз учрашмоқда

Вилоят ҳокими Тўра Боболов Қумқўрғон туманида бўлиб, тумандаги «Наврўз», «Сурхон соҳили», «Янги шаҳар» маҳаллалари аҳолиси …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan