Бош саҳифа / Жамият / Суд – адолат тарозиси

Суд – адолат тарозиси

Жорий йилнинг биринчи ярмида вилоятдаги судлар томонидан бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот йиғилиши бўлиб ўтди.

Суд ҳокимияти одил судловни амалга оширишда фуқаролик жамиятининг муҳим бўғини ҳисобланади. Инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясининг таъминланишида ҳам бу тузилманинг аҳамияти беқиёс. Президентимизнинг соҳага доир қабул қилинган қарор ва фармонлари орқали одамларнинг судларга бўлган ишончини янада ошириш ва мустақиллигини таъминлаш борасида талай ишлар қилинмоқда.

Йиғилишда дастлаб жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси Ҳамидулла Қудратов сўзга чиқиб, жорий йилнинг 6 ойида 1030 шахсга нисбатан 771 та жиноят иши кўрилганлигини маълум қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,5 фоизга кам. Суд мажлисларининг 44,5 фоизи сайёр суд шаклида ўтказилиб, жиноятларнинг олдини олиш бўйича хусусий ажримлар ҳам чиқарилган. Судларнинг инсонпарварлик тамойилларига амал қилиши юзасидан 17 нафар шахс биринчи бос қич судида оқланган. 25 нафар шахс апелляция ва кассация босқичида оқланган. 66 нафар шахс қамоқдан озод қилинган. Шунингдек, қонунда назарда тутилган жазодан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш ўтган йилга қараганда 19,9 фоизга ошган бўлса, шартли равишда ҳукм қилинганлар 54 фоизга камайган. Тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан 164 шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ўтган йилга қиёсланганда, 22,1 фоизга камайган.

Вилоят маъмурий суди судьяси Баҳодир Эргашев маъмурий судлар фаолиятига тўхталиб, жорий йилнинг 6 ойида 15 минг 563 нафар шахсга нисбатан 12531 та иш кўрилганлигини айтди. Жумладан, 6864 нафар шахсга нисбатан 5869 та маъмурий иш бўйича жами 56 миллион 141 минг 682 сўм миқдорида жарима қўлланилиб, 69 нафар шахсга махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 850 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 7 нафарига эса Ўзбекистон ҳудудидан маъмурий тартибда чиқариб юбориш жазолари қўлланилган. Маъмурий жазо қўлланилган шахслардан 2481 нафари 30 ёшгача бўлганлар, 3013 нафари аёллар, 790 нафари 60 ёшдан ошганлар, 549 нафари тадбиркорлик субъектлари, 487 нафари чет эл фуқаролари, 217 нафари фуқаролиги бўлмаганлар, 16 нафари вояга етмаган фуқаролар саналади. Ҳуқуқбузарликларнинг кўпроқ қисми Термиз шаҳри, Жарқўрғон, Сариосиё, Денов ҳамда Шеробод туманларига тўғри келмоқда. Маъмурий ишларнинг 77,4 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.

Фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди раиси вазифасини бажарувчиси Дилором Алмуратова фуқаролик ишлари бўйича вилоят ва туманлараро, туман судларида кўрилган ишлар ҳақида маълумот берди. Хусусан, шу вақтгача ҳаракатдаги 8449 та ишдан 6470 таси кўриб, тамомланганлиги қайд этилди. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1622 тага кам. Биринчи инстацияда кўрилган ишларнинг аксариятини оилавий низолар ташкил этади. Қолаверса, юридик аҳамиятга эга фактларни белгилаш, битимлар билан боғлиқ фуқаролик ишлари ҳам сон жиҳатдан кўп. Таҳлилларга кўра, кейинги йилларда мазкур турдаги фуқароларик ишлари кўрилаётган ишларнинг 78,5 фоизини ташкил этмоқда. Кўрилган ишларнинг 2163 таси сайёр суд мажлисларига тўғри келади. Аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғиботни кучайтириш мақсадида 94 маротаба халқ билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди.

Йиғилишда вилоят иқтисодий суди судьяси Жамшид Ҳамидов айтган маълумотларга қараганда, иқтисодий судларда йилнинг 6 ойида 10618 та иш кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинган. Кўрилган ишларнинг 71,6 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган. Қиёсланганда ўтган йилга нисбатан ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси билан боғлиқ низолар 49 тага, лизинг шартномасига оид низолар 35 тага, коммунал хизмат кўрсатиш бўйича 198 тага, атроф-муҳит муҳофазаси билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолати 7 тага кўпайган. Судлар томонидан хусусий тадбиркорлик, кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида 392 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 33 миллион сўм ундириш қарорлари қабул қилинган.

Ҳисобот йиғилишида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди.

Баҳром НОРМУРОДОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Конференция бўлиб ўтди

Қизил ярим ой жамияти узоқ йиллик тарихга эга. Ушбу ташкилот табиий ва техноген тусдаги фавқулодда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE