Бош саҳифа / Жамият / “Стоянка” масаласини ким ҳал қилади?

“Стоянка” масаласини ким ҳал қилади?

ТЕРМИЗ ШАҲАР ҲАМДА РЕСПУБЛИКА “АВТОМОБИЛЬ ВА ДАРЁ ТРАНСПОРТИ АГЕНТЛИГИ”НИНГ  ВИЛОЯТ БОШҚАРМАСИ РАҲБАРЛАРИ ДИҚҚАТИГА!

Шаҳардаги “Термиз деҳқон бозори” (Юбилейный) ҳудуди аҳоли энг гавжум бўладиган жойлардан бири. Бозор расталарини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш учун ҳар куни эрталаб Термиз ва Жарқўрғон туманлари қишлоқлари аҳолиси юзлаб “Дамас” ва бошқа русумдаги автоуловларда юк олиб келишади.

Бундан ташқари, аҳоли бозор-ўчарга келиш учун ҳам “Дамас”лар бозор атрофида тўхташга мажбур. Бозордан рўзғорига зарур маҳсулотлар харид қилгандан сўнг одамлар яна автомашиналарга миниб, яшаш манзилларига жўнайди. Афсуски, бозор атрофида автомашиналар тўхтайдиган махсус жой (“стоянка”) йўқ.  Натижада “Дамас” ҳайдовчилари йўлнинг кунчиқар томонида турнақатор бўлиб туриб, бошқа автотранспортлар ҳаракатига халақит қилаяпти. Бу жойдан “Термиз — Намуна”, “Термиз — Аэропорт”, “Термиз — Сабзипоя”, “Термиз — Янгиариқ”, “Термиз — Жайронхона” йўналишларида қатновчи 222, 244, 246, 263, 264 рақамли “Дамас”лар Термиз туманидан шаҳарга келувчи йўловчиларни олиб келади ва олиб кетади. Охирги ҳафтада “Термиз деҳқон бозори” савдо маркети ёнбошидан йўл тушгани боис шу пайтгача вақтинча тўхтаб турадиган жойдан ҳам “Дамас”лар маҳрум бўлди. Бу “стоянка”да турган “Дамас” ҳайдовчиларини йўл патруль хизмати ходимлари “бу ерда туриш мумкин эмас”, деб “қувиб” юборишаяпти. “Дамас” ҳайдовчиларининг айтишича, ЙПХ ходимлари Термиз туманининг “Намуна”, “Дўстлик”, “Янгиариқ” СИУ ва “Жайронхона” массивидан қатнайдиган “Дамас” ва бошқа автоуловлар эгаларига темир йўл вокзалидаги тўхташ жойига бориб туриш талабини қўйишмоқда.

Ёш болага ҳам аёнки, “Термиз деҳқон бозори”   билан темир йўл вокзали ораси қарийб 2 километр. Бозордан маҳсулот  харид қилиб чиққан кишига (улар орасида кексалар, ёши бир жойга бориб қолган онахонлар, ҳомиладор аёллар ва ёш болалар ҳам бўлади) дейлик қўлида оғир тўрхалтасини кўтариб, 2 километр олисдаги темир йўл вокзалига бориш малол келади. Ёки бўлмаса, шаҳар ичида қатновчи “Дамас”ларга ўтириб, вокзалга бориши учун яна бир бор пул тўлаб, ўзининг манзилига борувчи машинага миниши керак. Бу тартибдан нафақат йўловчилар, “Дамас” ҳайдовчилари ҳам норози.

“Дамас” ҳайдовчиларининг эътирозига сабаб бўлаётган муаммо шуки, улар элга хизмат кўрсатиш учун автотранспорт хизмати кўрсатишни бош қариб турган уюшмаларга кунлик тўловни тўлашаяпти. Аммо уюшмадагилар эса машиналар тўхтайдиган “стоянка” масаласини ҳал қилишга ожиз. Термиз шаҳар  ва республика “Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги”нинг вилоятдаги бошқармаси раҳбарлари ушбу масалада жўяли чора кўрмаса, “Дамас”лар катта йўлни тирбанд қилиб тураверади. Топшириқ олган ЙПХ ходимлари эса “Дамас” ҳайдовчиларини “қувиш”дан чарчамайди ва охир-оқибатда йўловчилар сарсон бўлаверади. Халқ нинг эътирозига сабаб бўлаётган масала зудлик билан ечимини топмоғи керак, назаримизда.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Тийин сўмни тежайди

“Пулни ҳеч ким ердан супуриб олмайди”. Халқ орасида тез-тез тилга олинадиган бу иборада жон бор. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE