Бош саҳифа / Жамият / Спортчилар оиласига эътибор

Спортчилар оиласига эътибор

Вилоят ҳокими Тўра Боболов 2020 йил Япониянинг Токио шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXII олимпия ўйинларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга пухта ҳозирлик кўраётган спортчилар оилаларида бўлиб, улардан ҳол-аҳвол сўради. Мустақиллик байрами билан табриклаб, совға-саломлар улашди.

Спортнинг енгил атлетика тури бўйича Бразилиянинг Рио-де Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI олимпия ўйинлари иштирокчиси Ситора Ҳамидова ана шундай умидли спортчилардан бири. Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси енгил атлетика бўйича ўтган йилларда бир неча марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. 2016 йил Рио-де Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI олимпия ўйинларида ўн минг метрга югуришда 31.57.77 натижа кўрсатиб, Ўзбекистон рекордини янгилади. 2017 йил Англиянинг Лондон шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида 10 минг метрга югуришда 31.57.47 натижага эришди. Ўтган йили Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро ярим марафон мусобақасида 1.13.47 натижа билан олтин медални қўлга киритди. Жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган Халқаро ярим марафон мусобақасида 1.13.11 натижага эришиб, кумуш медалга сазовор бўлди.

— Опамнинг шашти қатъий, — дейди Ситоранинг синглиси Сумбула Ҳамидова. — Айни пайтда у келгуси йил Токио шаҳрида ўтказиладиган Олимпия ўйинларида мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ғолиб бўлиш учун хорижда катта тайёргарлик кўраётир. Қўнғироқ қилиб турибмиз. Кайфияти зўр. Бугун гаплашганимизда, сизларнинг ҳол-аҳвол сўраб келганларингизни унга, албатта, айтиб, яна руҳини кўтарамиз. Ситоранинг шарофати билан шаҳарнинг марказида замонавий уйли бўлдик. Опамни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаётганларингиз учун чексиз миннатдормиз.

Шеробод туманида камолга етган Садриддин Сайматов спортнинг каратэ WKF тури бўйича халқаро тоифадаги спорт устаси. У 2009-2016 йилларда бир неча марта Ўзбекистон чемпиони, деган шарафли номга сазовор бўлди. Бу йил 22 ёшни қарши олган етук спортчи ўтган уч йилда Осиё, халқаро ва жаҳон мусобақаларида 17 марта иштирок этиб, уларнинг ўнтасида фахрли биринчи ўринни эгаллади. Икки марта иккинчи, тўрт марта учинчи ўринларни қўлга киритди. 2017 йил декабрь ойида Германияда бўлиб ўтган каратэ WKF конгрессида 60 килограмм тоифасида “Дунёнинг энг кучли спортчиси”, дея эътироф этилган.

— Садриддиннинг болаликдан спорт билан шуғулланиб, хорижда Ўзбекистон байроғини баланд кўтараётганидан ҳақли равишда фахрланамиз, — дейди отаси Сирожиддин Сайматов. — У эришаётган ютуқлари ортидан кам бўлмади. Мана, шаҳар ҳокими вилоят марказидан кенг, шинам уй совға қилди. Ўғлимнинг шарофати билан биз ҳам термизлик бўлиб қолдик. Садриддин билдирилаётган катта ишончни оқлаш учун келгуси йил Токио шаҳрида ўтказиладиган олимпия ўйинларига қизғин ҳозирлик кўрмоқда. Куни кеча унга омад тилаб, Японияда бўлиб ўтадиган навбатдаги мусобақага кузатиб қўйдик. Кун чиқар мамлакатда ҳам ғолиблик шоҳсупасига кўтарилиб, ёруғ юз билан қайтишига ишонамиз.

Вилоят ҳокими мамлакатимиз шарафини дунё миқёсида муносиб ҳимоя қилаётган моҳир спортчилар оиласига қимматбаҳо совғаларни топшириб, уларга муваффақият тилади. Жонажон Ватанимиз довруғини дунёга кенг тараннум этаётган жисмонан соғлом, кучли ва чаққон ўғил-қизларни тарбиялаб, камолга етказаётган ота-оналарига чуқур миннатдорчилик билдирди.

Холмўмин Маматрайимов

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Улуғ инсон эди…

У пайтлар Ангор тумани маданият бўлими бошлиғи бўлиб ишлар эдим. Ташкилотчилигим, ташаббускорлигимни яхши билган туман …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE