Бош саҳифа / Таълим / Спорт зали нега ёпиқ?

Спорт зали нега ёпиқ?

Сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим тизимида амалга оширилган туб ислоҳотлар, давлат дастурлари юртимиз ёшларининг муносиб таълим олишлари, спорт билан мунтазам шуғулланиб соғлом турмуш тарзига эга бўлишлари учун муносиб шароит яратиш борасидаги муҳим қадамлардан бири бўлди, дейиш мумкин.

Ўтган давр мобайнида воҳамизда республика болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 205 та спорт залида қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Жумладан, 17 та БЎСМ, 157 та ўрта таълим ҳамда 14 та болалар мусиқа ва санъат мактабларида амалга оширилган ишлар учун қарийб, 134 миллиард 900 миллион сўм маблағ сарфланди. Шунга қарамасдан, ҳали бу борада юз фоизлик натижага эришдик, деб айтиш мушкул. Боиси, вилоятдаги 852 та умумий ўрта таълим мактабининг 548 тасида замонавий спорт зали мавжуд бўлиб, 33 таси таъмирга муҳтож. Хусусан, Ангор туманида 42 мактабдан 24 тасида спорт зали бор. Жумладан, 11, 25, 28, 32-умумтаълим мактабларида Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан бунёд этилаётган спорт заллари қурилиши молиявий сабабларга кўра, тўхтаб турибди.

Хўш, спорт зали бор мактабларда аҳвол қандай?

Ушбу саволга жавоб топиш умидида Ангор туманида бўлиб, спорт залларининг ҳолати, тўгараклар фаолияти, таълим-тарбия жараёнлари билан танишдик.

“Зартепа” маҳалласида жойлашган 33-умумтаълим мактабида замонавий спорт зали бор. Бу ерда волейбол, футбол, қўл тўпи, шахмат, шашка каби спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилган. 10-синф ўқувчиси Суҳроб Мамасоатов стол тенниси бўйича туманда  биринчи ўринни олиб, вилоят босқичига чиққан. Мактабнинг ўғил болалардан иборат волейбол ва футбол жамоалари туманда биринчи ўринни олишган.

36-умумтаълим мактабининг 180 ўринли янги биносида қишнинг изғиринли кунларида иситиш тизимида таъмирлаш ишлари давом этаётганлиги боис, дарс жараёнлари бошланғич синфлари корпусида олиб борилмоқда. Бошланғич синф ўқитувчиси  Г. Амонованинг айтишича, январь ойи ҳисобидан ўзи раҳбарлик қилаётган 2- “А” синфининг печкаси ёқилмаётган экан.

Аммо мактаб ўқувчилари томонидан эришилаётган муваффақиятларни кўриб, рости, қувондик. Куннинг иккинчи ярмида мактаб спорт залида миллий кураш тўгараги машғулотлари ўтказилаётганига гувоҳ бўлдик. Тўгарак раҳбари Холбой Нормуродовнинг мураббийлик маҳоратига тан бермай илож йўқ. Унинг шогирдлари нафақат вилоят балки, республика ва жаҳон миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритишмоқда. Миллий кураш тўгарагида 44 нафар мактаб ўқувчиси кураш сирларини ўрганмоқда. Уларнинг 16 нафари қизлардир. Ўтган йили декабрь ойида Туркия давлатининг Истанбул шаҳрида ўтказилган миллий кураш бўйича жаҳон чемпионатида 42 килограмм вазн тоифасида чемпион бўлган Моҳинур Мўминова гарчи бугунги кунда Термиз давлат университетида таҳсил олаётган бўлса-да, асли шу тўгаракда кураш сирларини ўрганган. Санжар Дониёров, Қундуз Хўшбоқова сингари собиқ ўқувчилар ҳам вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритишган. Шунингдек, Манзура Эргашева, Баҳром Рўзибоев, Ҳулкар Ашуроваларнинг қўлга киритган ютуқлари ҳам жуда салмоқли.

Бироқ Баҳодир Алламуродов раҳбарлик қилаётган  2-умумтаълим мактабидаги аҳвол мақтагулик эмас. Мактаб спорт зали  деворларининг сувоғи кўчиб, анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Дераза ойналари тўкилиб синиб қолганига кўп йиллар бўлган. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси З.Ғаффоров гарчи 7-“А” синфига дарс тури назарий бўлишига қарамай, очиқ ҳовлида амалий тарзда ўтмоқда. Жисмоний тарбия фанидан ўқувчиларнинг аксарияти дафтар тутишмаган. Фан ўқитувчисининг дарс жараёнида синф журналидан фойдаланмаганлиги ажабланарли, албатта.

— Ёғин-сочинли кунларда ошхона ва спорт залининг томидан чакки ўтади, — дейди мактаб директори Б.Алламуродов.   Натижада, залнинг пол қисми ва деворларига шикаст етмоқда. Эшик ва ромлар анча эскириб қолган. 2018 йилда мактабимиз жорий таъмирга тушиши керак эди. Сметалар ҳам тузилганди. Аммо нима сабаб бўлди, маблағ ажратилмади. Натижада, таъмир ишлари орқага сурилиб   кетаяпти. Шунингдек, ичимлик сувининг йўқлиги мактабимизда кўплаб қийинчиликларга сабаб бўлмоқда,

13-умумтаълим мактабига келган пайтимизда, раҳбар Норбой Мамадиев билан учрашиш учун қилган саъй-ҳаракатларимиз бесамар кетди. Раҳбар биз билан учрашишни истамади, шекилли, қаёққадир ғойиб бўлди.  Хўжалик мудири  Сирожиддин Қаранов 2 соат мобайнида спорт залнинг калитини излаб топа олмади. Спорт залининг ойналари йўқ. Ҳатто, айрим синфхоналарда лампалар тўлиқ ёнмайди. Дарс уч навбатда олиб борилади. Мактабда ободонлаштириш ишлари ўлда-жўлда. Чиқиндилар тўпланиб қолган.  Мактабда 3 нафар жисмоний тарбия фани ўқитувчиси бор. Куннинг иккинчи ярми бўлгани сабаблими, уларни учрата олмадик. Спорт тўгараклари ташкил этилмаган.

Хулоса Ўрнида: ёдингизда бўлса, газетамизнинг 2017 йил 18 май, 21-сонида Ангор туманидаги умумтаълим мактабларидаги ачинарли аҳвол хусусида “Таълимга хиёнат” номли мақола чоп қилган эдик. Мана, ундан буён ҳам орадан сал кам бир йилга яқин фурсат ўтди; раҳбарлар алмашди, аммо нима ўзгарди? Кўрганларимизга таяниб хулоса қиладиган бўлсак, бугун тумандаги мактабларда таълим-тарбия ишлари ачинарли аҳволда қолмоқда. Соҳа мутасаддилари томонидан ҳали тумандаги таълим масканларида анча-мунча ишлар қилиниши керак. Бунинг учун муҳтарам устозларда озгина иштиёқ ва ҳафсала бўлса, шунинг ўзи кифоя.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги”
мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Унутилмас учрашув

Анъанага айланиб келаётган “Устоз ва шогирдлар учрашуви” бу йил ҳар қачонгидан ҳам ўзгача руҳда ўтди. …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan