Бош саҳифа / Жамият / Спорт одам танламайди

Спорт одам танламайди

Термиз туманидаги “Чегара“ маҳалласи раиси Парда Фармонов ҳудудда маҳалла ёшларининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, айниқса, спорт билан шуғулланишлари учун ҳамма шароитлар муҳайё эканлигини айтиб қолди. Оқсоқолнинг таъкидлашича, маҳалланинг уч жойида спорт тўгараклари фаолият кўрсатиб турибди ва юзга яқин ёшлар бу тўгаракларда ўзлари қизиққан спорт турлари билан машғул.

Аҳрор Бозоров ҳам қишлоқдаги тўгаракларда тенгдошлари қатори гоҳ футбол ўйнаб, гоҳ курашга тушиб, гоҳ бокс билан шуғулланиб абжирликда, илдамликда, довюракликда қишлоқда анча танилганди. У улғайса, номдор спортчи бўлишни орзу қиларди ва шунга яраша мусобақаларда фаол қатнашарди. Афсуски, ўн ёшга етганида фалокатга йўлиқди. Ғўр бола Термиз темир йўл станциясига яқинлашиб келаётган пассажир поездига осилиб, вагонга чиқиб олишга уринадию эҳтиётсизлик оқибатида вагон тутқичидан қўли узилади ва тезлиги секинлаша бошлаган вагон остига тушиб кетади. Икки оёғини ҳам вагон ғилдираклари эзғилаб ўтади. Врачлар ҳар қанча урунишмасин эзғиланган оёқларни тиззадан пастини кесиб ташлашдан бошқа чора топиша олмайди. Энг муҳими, ўсмирнинг юраги бақувват эди, машаққатларни мардоновар енгди.

Кесилган оёқлар жароҳати битди, фақат энди у протез оёқларда юришга мажбур эди. Инсон иродаси…
У гарчанд протез оёқларда юрса-да, соппа-соғ тенгдошларидан илдамроқ ҳаракат қилар, умидсизланмас, зўр спортчи бўламан, деган умидда мақсадига эришиш учун тинимсиз шуғулланарди. Энди, унинг бор умиди икки қўлида эди. Соатлаб тош кўтарар, қўл мушаклари эса тобора кучга тўлиб борарди. Ҳаётда ўз ўрнини топиш учун ҳар хил режалар тузарди. Охир-оқибат Тошкентга боришга қарор қилди.

Яхшилар кўп экан, уни ногирон спортчиларни шуғуллантирадиган клублардан бирига етаклаб боришди. Мураббийлар Аҳрордаги интилиш, қизиқишни кўриб у билан жиддий шуғулландилар. Аҳрор мурабийларнинг кўрсатмаларини кутганларидан ҳам зиёда бажарарди. Устозлар унинг иродасини синаб кўриш учун қийин машқларга ҳам жалб қилдилар ва… тарбияласа келажакда ишончни оқлашига ишондилар. Жисмоний имкониятлари чекланганлар ўртасидаги мусобақаларда кўп бор синаб кўрдилар. Аҳрор мусобақаларда ҳамиша юқори ўринларга даъвогар бўлди. Охирги уч йилда асосан оғир атлетиканинг ётиб тош кўтариш машқлари билан астойдил шуғулланди.

Дастлабки пайт оғирлиги 50 килограммгача бўлган тошларни кўтаришга ўзида куч топа билган Аҳрор тинимсиз машқлар эвазига юқори натижаларга эриша бошлади. Шундан сўнг у билан клубнинг тажрибали мураббийи Фазлиддин Умрзоқов якка машғулотлар ўтказишга киришди. Оқибат шу бўлдики, у 2015 йилга келиб ётиб тош кўтаришда 150 килограмм оғирликдаги тошларни қийналмай кўтара оладиган даражага етди. Шунинг учун ҳам Аҳрор Бозоровни 2016 йил Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида иштирок этадиган спортчилар сафига жалб қилиб, янада жиддийроқ шуғуллантира бошладилар.

Ўзбекистон жисмоний тарбия институти спорт залларида кунора ташкил этилган босимли машқлар Аҳрорнинг иродасини синовдан ўтказди, кучига-куч қўшди, маҳоратини оширди, нуфузли мусобақаларда юқори ўринларга эришишига умид уйғотди. Оғир атлетиканинг пауэрлифтинг усули бўйича ўтказилган республика кубоги ва чемпионати баҳсларида ғолиб чиқди. Шундан кейин устозлари унинг иродаси ва кучига қатъий ишонишди. Имконияти чекланган спортчилар терма жамоаси аъзолигига қабул қилишиб, Паралимпия ўйинларида иштирок этиш ҳуқуқини берувчи рейтинг очколарни тўплаш учун Осиё чемпионати ва кубоги баҳсларида қатнаштириб, йигитнинг нимага қодирлигини яна бир карра синадилар. 2016 йилнинг 13-17 февралида Дубай шаҳрида бўлиб ўтган баҳсларда Аҳрор ётиб тош кўтаришда 185 килограммлик маррани забт этди. 2016 йилнинг 24-28 февраль кунлари Малайзия давлатида ташкиллаштирилган Осиё кубоги беллашувларида ётиб тош кўтаришда 196 килограммлик натижа қайд этиб, хоразмлик Роза Қозиева, қашқадарёлик Нуриддин Давлатовлар билан бирга Рио де Жанейро шаҳрида имконияти чекланган спортчилар ўртасида ўтказиладиган Паралимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Аммо Аҳрор Бозоров бу ютуқдан ҳаволанмади, бепарво бўлмади. Ҳар бир спортчи орзуси бўлган нуфузли мусобақада яхши натижага эришиш учун пухта ҳозирланди. Беш ой фикру хаёли машғулотда бўлди.
Машаққатларга чидади, мураббийлари кўрсатмасини бажариш учун ўзида ирода, куч топа билди. Ниҳоят, “Чегара“ маҳалласида ўсиб-улғайган қишлоқ йигити Аҳрор Бозоровга океан ортидаги давлат- Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида ўтказилган (2016 йилнинг 7-18 сентябрь кунлари) Паралимпия ўйинларида оғир атлетиканинг пауэрлифтинг, яъни ётган жойида икки қўллаб тош кўтариш баҳсида иштирок этиш насиб этди. У нуфузли баҳсда ётган жойида 207 килограмм оғирликдаги тошни кўтаришга муваффақ бўлди ва мусобақанинг бронза медали соҳибига айланди. Мамлакатимиз паралимпиячилари Рио де Жанейро шаҳридан юртимизга шода-шода медаллар билан қайтаркан, 32 нафар иштирокчи- спортчи орасида “Чегара“ маҳалласида ўсиб-улғайган оддий қишлоқ йигити Аҳрор Бозоров ҳам борлигидан ҳар бир сурхондарёлик фахрлангани рост.

Иродаси пўлатдек метин, гарчанд имконияти чекланган бўлса-да, сира тушкунликка тушмай, фақат умид билан олға интиладиган жасур спортчимизнинг ютуғи юрт раҳбарлари томонидан муносиб рағбатлантирилди. Аҳрор Бозоров бронза медалини қўлга киритгани учун Президентимиз фармонига кўра, “Жасорат“ медали билан мукофотланди ва унга 75 минг АҚШ доллари миқдоридаги чек топширилди ҳамда мамлакатимизда ишлаб чиқарилган “Малибу“ русумли автомашинаси мукофот тариқасида берилди.

-Бир ўғил, бир қизим бор. Тўнғич фарзандим Аҳроржон, ўн ёшида мени поездда кутиб оламан, деб фалокатга учраганда унинг ногирон бўлиб қолганига ўзимни айбдордек ҳис этардим. Лекин ўғлим “энди мен ҳеч нарсага ярамайман“, деб ётиб қолмади, тушкунликка тушмади, бетиним ҳаракат, машаққатли машқлар туфайли кучга тўлди. Гарчи оёқлари протез бўлса-да, айрим соғлом тенгдошларидан эпчил, дадил,-дейди спортчининг онаси Муқаддас Жўраева. –Ҳукуматимиз бошида турган раҳбарларга раҳмат, боламнинг ютуғини муносиб рағбатлантиришди. Гап мукофотда эмас, ўғлимнинг нуфузли мусобақада қатнашиши, юрт байроғини кўтариши, ўзбек ўғлонларининг қанчалик иродали эканини намойиш этганининг ўзи она учун катта бахт…

—Мукофот кишини янги марралар сари ундайди,— дейди Аҳрор Бозоров. –Камторона ғалабамни шу қадар қадрлашганидан кўнглим тоғдек ўсди. Спорт билан шуғулланганим туфайли ётиб қолмадим, ўзимни қўлга олдим, одамлар орасида юрганимдан бахтиёрман. Спорт, машаққатли меҳнат ва машқлар эвазига тўрт мучаси соғ тенгдошларим эришолмаган ютуқларга эришдим, дунёнинг бошқа бир олис бурчагидаги Дубай, Малайзия, Бразилия каби шаҳару давлатларда бўлиш насиб этди. 2016 йилги муваффақиятим менга ҳали чегара эмас. 2020 йил Токио шаҳрида ўтказиладиган навбатдаги Паралимпия ўйинларида ҳам қатнашиш, олтин медалга сазовор бўлишни ният қилган ҳолда ҳозирдан пухта тайёргарлик кўраяпман. Ёшларга тилагим шуки, мақсад сари интилинг, машаққатлардан чўчимаган инсон, албатта орзу-амалларига эришади…

Ҳа, шоир айтганидек, иродадан яралган инсон. Иродаси бутун, машаққатларга чидамли кишига ҳамиша зафарлар ёр бўлгувчи. Спорт эса одам, Ватан танламайди.

Усмонали НОРМАТОВ

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Матбуот конференцияси

Шуни мамнуният билан айтиш керакки, мамлакатимизда сайлов жараёнлари кундан-кун авж олиб бормоқда. Бу йил республикамизда …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE