Соя – сердаромад экин

0
45

Соя кўплаб хусусиятларга эга ўсимлик сифатида баҳоланади. Бу ўсимликнинг дони таркибида юқори миқдорда мой борлиги учун ҳам қимматбаҳо экинлар гуруҳига киради. Соянинг донидан бугунги кунда халқ хўжалиги учун зарур бўлган 400 дан ортиқ турли хил маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Аҳоли сони кўп ва ривожланган, экин майдонлари тақчил ҳисобланган мамлакатларда аҳолининг оқсилга бўлган эҳтиёжи асосан соя донидан олинган мой эвазига қопланади. Вилоятимизда “Ўзпахтаёғ” акциядорлик жамияти тизимидаги ёғ-мой корхоналари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан 18 минг 500 гектарга соя экилганди. Шу кунларда соядан 35 минг 375 тонна ҳосил олиш режалаштирилмоқда. “Сурхон озиқ-овқат саноати” ҳиссадорлик жамияти томонидан ҳам Денов, Сариосиё ва Шўрчи туманларидаги 108 та соя етиштирувчи фермер хўжалиги билан шартномалар тузилиб, 800 гектар майдонда соя экилганди. Айни кунларда соядан баракали хирмон кўтариш борасида бир қатор агротехник тадбирлар олиб борилмоқда.

— 10 гектар майдонда ҳам тажриба, ҳам даромад учун соя экини эккандик. Бу ўсимлик сувни кўп талаб қилгани учун ўз вақтида барча керакли тадбирларни ҳам амалга оширдик. Шунинг учун ҳам биринчи йилдаёқ юқори ҳосил етиштирдик. Кейинги йили майдонларни янада кенгайтирмоқчимиз, — дейди Денов туманидаги “Кенагас Бойқобиловлари” фермер хўжалиги раҳбари Ҳикмат Саломов.

Соя экин майдони жиҳатидан жаҳонда буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейинги ўринни эгаллайди. Шимолий ва жанубий Америка давлатлари соя донини экспорт қилишда етакчи саналади. Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп бизнинг юртимизда мазкур экинни экишга киришилаётганлиги ҳам эътиборга молик.

— Бу ўсимликнинг яна бир ўзига хос хусусияти шундаки, дуккаклилар оиласига мансуб бўлгани учун у ўзидан кейин тупроқда 50 килограммдан ортиқ соф азот қолдириб кетади. Бугун воҳамизда тупроқ унумдорлигини тиклаш ёки уни бор ҳолида сақлаб қолиш муҳим масаладир,— дейди “Сурхон” озиқ-овқат саноати ҳиссадорлик жамияти илмий техник маркази бош агрономи Лола Худойназаров.

Денов туманидаги “Барака дони сари”, “Арабов Шамсиддин Арабович” фермер хўжаликлари ер майдонларида ҳам соя ўсимлиги алоҳида эътибор билан етиштирилмоқда. Деновлик соя етиштирувчи миришкор деҳқонлар билан суҳбатлашар эканмиз, улар қисқа вақтда бу ўсимликни етиштиришнинг агротехникасини пухта ўзлаштирганликларидан қувондик.

Сарвар КЕНЖАБОЕВ

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг