Бош саҳифа / Қишлоқ хўжалиги / СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

СОТИХИДАН БИР ТОННАГАЧА

Уй-жойи, томорқаси бор, тоғни урса толқон қиладиган йигитларнинг оиламни  боқаман, деган баҳона билан  хорижий мамлакатларда сарсон-саргардон  бўлиб юрганлари  қанчадан қанча.  Нега  хорижда қилган  меҳнатни  ўзининг туғилиб ўсган қишлоғида,  туманида қилмайди.  Оила,  болалар тарбияси  ўз- ўзидан  очиқ қолади.  Ахир бу  болалар  нафақат ота-онанинг, балки мамлакатнинг,  миллатнинг келажаги-ку?  Кўриниб турибдики, бундайлар ўзбеча айтганда,  ҳам роздан,  ҳам  раззоқдан маҳрум бўлишаётганини  сезишмайди.   

          Доно  халқимизда  бўлар  ўғил  ўн бешида бош  бўлар, бўлмас  бола  ўттизда  ҳам  ёш бўлар, деган мақол бежиз айтилмаган.  Биргина  томорқаси ҳисобига  миллион- миллион сўмлаб даромад олиш билан бирга,  эл фаравонлиги, юрт ободлиги,  бозорларимиз тўкин- сочинлигига   муносиб  ҳисса  қўшаётган  юзлаб инсонларни мисол келтириш мумкин.

         Музработ  туман марказига туташ  бўлган  Чорвадор  қишлоғида   деҳқончилик ва чорвачилик  ҳадисини олган  кўплаб  меҳнаткаш  инсонлар  истиқомат  қилишади.  Биз  ҳалол меҳнати билан  элига  эш   бўлиб келаётган  Беккелди  Тўраназаров,  Ражаб  Жўрақулов,  Исмойил  Амонтурдиевлар  каби  томорқадорлар фаолияти билан  обдон  танишдик.   

           Улар  кузнинг  изғирини, қишнинг чилласи, баҳорнинг инжиқлиги,  саратоннинг  жазирамасида  ҳам  оила  аъзолари билан тиним билишмайди.  Томорқаларида  эртачи  пиёз, картошка экиб  баҳорнинг биринчи  ойи  охиридаёқ  эл дастурхонига тортиқ қилишади.  Бу ишларнинг шунчаки ўзи бўлмайди. Сувлаш, ўтоқ қилиш, чопиқ  қилиш,  зараркунанда  ҳашоратларга қарши  курашиш,  бир неча марта  маҳаллий ва минерал  ўғитлар бериш озмунча  меҳнат талаб қилмайди  дейсизми.  Улар  биргина   деҳкончилик билан эмас,  балки йил ўн икки ой чорвачилик  билан ҳам жиддий  шуғулланишар  экан.  Ҳар бир хонадонда  ўндан ортиқ  қорамол боқиларкан. Хуллас, бу оилалар  аъзоларининг   бош қашишга ҳам вақтлари   йўқ.

          Беккелди  Тўраназаров томорқасида  етиштирилган ҳосилни йиғиштириб халталаётган экан. Кимдир пиёзни қазаяпти, кимдир баргларини кесиш, махсус халталарга  жойлаш билан машғул.

           —Бу йил  деҳқончилигимиз  яхши бўлди. Сотихидан  бир тоннагача ҳосил  олаямиз. Агар ёғингарчилик халақит бермаганда, пиёзни йиғиштириб,  ерни  иккинчи ҳосилга тайёрлаб қўйган бўлардик,-  дейди Беккелди  Тўраназаров.-  Учала қўшни биргалашиб илк  ҳосилдан Тошкент шаҳрига 20 тонна пиёз юбордик. Ҳозир халталанаётган маҳсулотимиз ҳам  40 тоннадан ортиқроқ тарози босиб қолар-ов. Биз чорак асрдан буён қўшниларимиз билан келишган ҳолда бамаслаҳат чорвачилик ва деҳқончилик  қиламиз.

         —Бизнинг деҳқончилик маҳсулотларимиз мамлакатимиз бўйича биринчи бўлиб бозор  пештахталаарига чиқади. Сабаби Сурхондарё жанубидаги иқлим шароити ва ерга чин меҳр бериб меҳнат қилишда. Иккинчидан, уруғ  танлаш, экиш, парваришлаш, йиғиштириш, ташиш ва сотишда  ҳам  уч қўшни  доимо ҳамкорлик қиламиз, – дейди  Исмойил Амонтурдиев. – Сурхондарёнинг эртачи қишлоқ хўжалиги  маҳсулотлари чиқиши билан Тошкент бозорларидаги  нарх-наво пасаяади. Бу ҳам коронавирус эпидемияси даврида халқимиз учун  яна бир енгиллик. Энг муҳими, бугун маҳсулотни ички ва ташқи бозорга чиқариш учун чекловлар йўқ. Насиб  бўлса,   бугун яна икки машина  юкни  Тошкент бозорларига  жўнатишни ният қилиб турибмиз.

        —Маҳсулотимизни туманимиз ва вилоятимиз бозорларига ҳам чиқараяпмиз. Юрт  ободлиги, эл  фаравонлиги,  дастурхонимиз тўкинлигига  ҳисса қўшаётганлигимиздан масрурмиз, – дейди биз билан суҳбатда Ражаб  Жўрақулов. — Меҳнат қилсангиз, томорқанинг файзи-баракаси  бўлакча. Ўртача ҳар бир оила қорамол боқиш ва томорқадан 100 миллионга яқин даромад қиламиз. Чорвамиз борлиги учун маҳаллий ўғит ҳам ўзимиздан чиқади. Шу сабабли  ер унумдорлиги  йиллар давомида  пасаймайди. Меҳат қилиш,  даромад олишнинг ўзи бўлмайди. Томорқанинг шарофати билан ўй қурдик, тўй қилдик, машина олдик, рўзғоримизнинг ками–кўстини  тикладик. Бундан ҳам муҳими, фарзандларимизни фойдали меҳнатга ўргатдик. Болалар меҳнатнинг нони  ширин эканлигини чин дилдан ҳис қилишадиган бўлди.

       Биз юқорида оиламизда, қишлоқларимизда, туманимизда фойдали  ишлар тиқилиб ётганда, пул  топаман,  деб  хорижга кетиб саргардон бўлаётганлар ҳақидаги кесатиқни бекорга  келдирмадик. Бугун Музработ   туманидаги томорқасидан унумли  фойдаланаётган учта ёш оиланинг ибратли  фаолияти билан танишиб шунга амин бўлдикки, меҳнат қилаганга фойда ва  хазина  оёғи тагида экан. Афсуски, ана шу қишлоқдаги  айрим хонадонлар томорқасида йил бўйи ажириқ, ёнтоқ кўкариб ётибди. Бу томорқалар қачон ҳайдалганини ва қачон нима экилганини эгалари ҳам эслашолмайди…  Яна бундайлар турмушидан,  ҳаётидан норози бўлиб  юришади…

Сафар Омон,
«Сурхон тонги» мухбири

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

ПАРИҚИШЛОҚЛИК АНГУБИН

Бежизга қариялар умринг узун, ризқинг бутун бўлсин, деб дуо қилишмайди. Яна шу нарса айни ҳақиқатки, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan