Сохтакорликнинг ортида ким турибди?

0
68

ёхуд Олтинсой туман Тўхтамиш қишлоғидаги зўравон фермерларнинг қилмиши ҳамда талон-торож бўлаётган захира ерлар хусусида

Халқимизда “Бу дунё икки кишига камлик қилибди”, деган гап бор. Ахир одамнинг қорни бир бурда нонга тўйса, сўнгги борадиган манзили ҳам бир энлик бўлса, мол-дунё тўплаш, кўнгил хираликка на ҳожат.

Киши бу ҳаётда доим ошиғим олчи, пичоғим мой устида бўлади, деб ўйласа, янглишади. Билингки, агар молу дунёнгиз кўп экан, демак, Яратган сизни қаттиқ имтиҳон қилмоқда. Атрофдагиларга нисбатан беписандлик, зўравонлик охир-оқибат инсонларда ғазаб ва нафрат туйғуларини зоҳир қилади. Руснинг улуғ ёзувчиси Лев Толстой: “Зўравонлик қарама-қарши зўравонликни келтириб чиқаради”, деган эди.

Олтинсой туманидаги Тўхтамиш қишлоғида яшовчи фуқаролар Алишер Абдуллаев, Карим Бобораҳматов, Бобохон Туркменов, Мамадали Зияев, Ўрол Турк-менов ва Каниярхўжа Назаровлар томонидан келиб тушган шикоят-ариза бизни тоғ қишлоғи сари чорлади.

Ариза муаллифлари 2006 йилда аукцион савдолари орқали ҳақли равишда токзорларни ютиб олишган. 2009-2011 йилларда оптималлаштиришда кичик ер майдонлари қўшилиши натижасида йириклаштирилган. Ушбу йириклаштириш натижасида, шу ҳудудда фаолият юритадиган Оқи Жумаев раҳбарлик қиладиган “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигининг ер майдони 20 гектардан ошиб кетади. Катта ернинг ташвишлари ҳам катта бўлади. “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, дейишади.

2016 йилги мақбуллаштиришларда “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалиги раҳбарининг аризасига биноан, 26,55 гектар ер майдони туман ҳокимлигининг захирасига қайтарилган ва шу куннинг  ўзида 9,64 гектар, жумладан, 4,41 гектар узумзор “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигига ҳоким томонидан қайта қарорлаштириб берилган. Ва шу аснода, захирага қайтарилган қолган ерларнинг тақдири нима бўлган, деган савол пайдо бўлиши табиий. Қолган ер майдонлари туман ҳокимининг 2016 йил июль ойидаги 918-сонли қарорига кўра, Оқи Жумаевнинг ўғиллари Жумаев Саидали бошлиқ “Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалигига 3,30 гектар узумзор, яна бир ўғли Жумаев Сирожиддин раҳбарлигидаги “Жумаев Сирожиддин” фермер хўжалигига 919-сонли қарор асосида 3,40 гектар узумзор 30 йил муддатга ижарага берилган. Энг ажабланарли ҳолат шуки, Тўхтамишда 3 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аммо ер майдони нега айнан Оқи Жумаевнинг ўғилларига берилган?  Ёки  бошқа ҳеч ким “танлов”да қатнашмаганми? (Албатта, агар танлов ўтказилган бўлса). Ёки ҳокимнинг қарорида “ўтказилган танлов натижалари бўйича” ажратилган ер майдонига эгалик қилишга фақат          О. Жумаевнинг ўғиллари ҳақлироқми?

Туман статистика бўлимидан олинган маълумотни кўриб ёқа ушлайсиз. Унга кўра, “Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалиги туман ҳокимининг 2016 йил 9 июлдаги 918-қарорига асосан тузилган. Аммо статистика бўлими маълумотида, 2016 йил  21 октябрда 3570-рақами билан рўйхатдан ўтган бўлиб, 3,6 гектар узумзор майдони кўрсатилган. “Жумаев Сирожиддин” фермер хўжалиги туман ҳокимлигининг 2016 йил 9 июлдаги 919-қарори бўйича рўйхатдан ўтказилган бўлса, туман статистика бўлими маълумотида 2016 йил 21 октябрда тузилганлиги қайд этилган. Орадан 4-5 ой ўтгандан ке- йингина рўйхатдан ўтилганлиги сизда шубҳа уйғотмаяптими? Ваҳоланки, ҳокимнинг қарорида 10 кун муддатда тегишли тартибда рўйхатдан ўтказилсин, дейилган. Ўзингизга маълум, октябрь ойида узум пишиб, ҳосил йиғиб олинади. Захира ерларидан “оқилона” фойдаланишнинг ҳадисини олган “Жумаев Сирожиддин” ҳамда “Олтинсойлик Саидали”фермер хўжалиги раҳбарлари вақтинчалик туман ҳокимлиги захирасида турган оз эмас, кўп эмас, нақд 7 гектар токзорнинг ҳосили йиғиб олиниб, даромад буромадга айлангачгина рўйхатдан ўтишган. 7 гектар узумзорнинг фойдаси кимнингдир чўнтагига кириб кетган. Бу ҳисоб-китоблар бир неча юз миллионлар билан ўлчанишини эътиборга олсак, “таваккал қилишга” арзийди. Буниси ҳали ҳолва. Ушбу шоввоз фермерлар йиллар мобайнида ҳокимликнинг захира ерларидан яширинча фойдаланиб келишган.

Жорий йилнинг июнь ойи- да вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси томонидан Олтинсой туман ҳокими номига йўлланган тақдимнома кўп масалаларга ойдинлик киритади:

“Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалигига 3,3 гектар узум боғ ажратилган бўлса-да, туман ҳокимининг захирасидаги 0,16 гектар узумзордан ортиқча фойдаланаётганлиги, “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалиги балансидаги 4,10 гектар узумзордан ташқари, 2,17 гектар узумзордан, 1,44 гектар боғдан ортиқча фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, “Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалигига берилган 3,3 гектар боғ майдони дастлаб, 2008 йилгача собиқ “Зияев Алишер” фермер хўжалигига тегишли бўлиб, 2006 йилда кимошди савдосида сотиб олинганлиги, кейинчалик боғ майдони “Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалигига берилишида собиқ “Зияев Алишер” фермер хўжалигига боғ қиймати тўлаб берилмаганлиги аниқланди”, дейилади.

Оддий арифметикада бу захира ерлар 3,61 гектарни ташкил этади. Ўша ерлик боғбонлар билан 2,17 гектар узум майдонидаги ҳосилни пулга чақиб кўрдик. Улар “Бу ердан ўрта ҳисобда 40 тоннага яқин узум ва 3-4 тонна атрофида майиз олиш мумкин. Йилига 200 миллион сўмдан зиёд пул бўлади”, дейишди. Энди ўзингиз туман миқёсида неча гектар яширинча экин майдонлари борлиги-ю улардан келадиган яширин даромад неча миллиардларни ташкил этишини бир тасаввур қилиб кўринг-а. Захирадаги ер майдонларини ижарага олиш учун ҳокимликка фуқаролар томонидан кўплаб мурожаатлар бўлган, аммо бу мурожаатлар раҳбарият тарафидан рад этилаверган. Захирада тургани яхши-да. Ахир мутасаддилар ҳам нон ейиши керак-ку!

Туман миқёсидаги идоралардан олинган маълумотларда ҳам айрим жузъий камчиликлар мавжуд. Мисол учун, туман ҳокимининг 2016 йил 14 май 392-қарорида “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигининг захирага олинаётган ер майдони 26,55 гектар, шунинг 23,78 гектари узумзор сифатида қайд этилади. Аммо 2011 йил 16 февралдаги ҳокимнинг 100-сонли қарорида эса умумий ер майдони 31,86, шундан 27,69 гектари узумзорлиги айтилади. Ўртадаги фарқ (узумзор) 3,91 гектарни ташкил этмоқда. Айтингчи, бу ерлар қаёққа ғойиб бўлган? Умуман, бу ҳужжатлардан бир ҳақиқатни англаш мушкул. Бир-бирига зид. Бири иккинчисини рад этади. Айнан, бир кунда захирага қайтарилиб, шу куннинг ўзида 392-қарор билан “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигига ажратилган 9,64 гектар ер майдони, шунинг 4,41 гектарида узумзор кўрсатилса-да, бу кўрсаткич туман статистика бўлимида 4,10 гектар деб қайд этилган. Орадаги фарқ 0,31 гектарни ташкил этади. Бу кўрсаткич “Олтинсойлик Саидали” фермер хўжалиги узумзори бўйича ҳокимнинг 918-қарорида 3,30 гектар, статистика бўлими маълумотида эса 3,60 гектар. Орадаги фарқ 0,30 гектар.

Барибир, “Олтинсойлик Саидали” ҳамда “Жумаев Сирожиддин” фермер хўжаликлари ҳокимнинг қарори чиққач, 4-5 ойдан кейин рўйхатдан ўтганлиги ажабланарли.

— 2006 йилда 553-контурни аукцион орқали ютиб олганмиз. Ер майдони 2,10 гектар эди. 2009 йилда йириклаштириш натижасида ушбу ер майдони “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигига ўтган. Аммо бугунги кунда  ушбу ер майдони ҳокимликнинг захирасида турибди. Ушбу контурдаги 50 сотих узумзордан олинадиган ҳосилнинг 50 фоизини оғзаки келишув асосида Жумаев Сирожиддинга бераман, ернинг қолган қисмида ҳам ижарачилар ишлашади, —дейди Тоир Бобораҳматов.

“Атамурод Туркменов” фермер хўжалигининг 521-контурдаги 2,0 гектар ер майдони аукцион орқали олинган. Йириклаштириш натижасида ер “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалигига қўшилган. Аммо фермер хўжалиги раҳбари Бобохон Туркменовнинг айтишича, захирага қайтариш ҳақидаги ариза унинг номидан сохталаштирилган. Бундан ке- йинчалик хабар топган. Ке- йинги мақбуллаштириш даврида ер эски эгаларига қайтарилганда негадир 1,09 гектарга айланиб қолган. Худди шундай ҳолатни “Назир Назаров” фермер хўжалигида ҳам кузатиш мумкин. 2006 йилда узумзор 3,28 гектар бўлган. Кейинги мақбуллаштиришда 2,18 гектарга айланиб қолган. Фарқ 1,10 гектарни ташкил қилади. Контурлардаги ҳудудий яхлитлик собиқ “Алишер Зияев” нинг ер майдонида ҳам қўпол тарзда бузилган.

— Ер майдонимиз оптималлаштиришгача 2,73 гектар бўлган. Кейинги мақбуллаштиришда ер майдони 1.13 гектарга тушиб қолган, — дейди Мамадали Зияевнинг турмуш ўртоғи, “Исломбек Мардонов узумзори” фермер хўжалиги бошлиғи  М. Хўжамқулова.

2016 йилги тендер танловида иштирок этиш учун Алишер Абдуллаев, Бобохон Туркменов, Мамадали Зияев, Ўрол Туркменов, Каниярхўжа Назаровлар тендер комиссиясига ҳужжат топширишган. Аммо ҳужжатлар йўқотилганлиги  сабабли улар тендер танловига қўйилмаган. Ваҳоланки, уларнинг ҳар бири аввал аукцион савдолари ор- қали ер майдонларини ютиб олишган.

— “Сирожиддин Бойбўри” фермер хўжалиги аъзолари бизнинг номимиздан сохта ариза ёзиб, ер майдонини ҳокимликнинг захирасига қайтаришга эришишган. Биз бундан кейин хабар топиб қолганмиз, — дейди Бобохон Туркменов.

О. Жумаевнинг ўғиллари фақат боғдорчилик соҳасидагина “устомон” десак, зўравонликда бундан-да ошиб тушар экан. Карим Бобораҳматовнинг айтишича, “Сирожиддин  Бойбўри”  фермер  хўжалиги раҳбари О. Жумаев  2006-2014 йиллар мобайнида унга иш ҳақи бермаган. 9 йил мобайнида ушбу фермер хўжалигида 0,40 гектар ерда ижарачи сифатида ишлаб келган. Шу йиллар мобайнида фермер хўжалиги раҳбариятига 3295 яшик узум топширган.

— Ойлик маошимни сўраб фермер хўжалиги раҳбарига мурожаат қилдим, аммо Оқи Жумаевнинг ўғли Саидали пул бериш ўрнига юз-кўзимга уриб, тан жароҳати етказди, — дейди К. Бобораҳматов.

К. Бобораҳматовнинг онаси Ойиша Бобораҳматова ўзи ишлайдиган ижара майдонига борганда Саидали Жумаев, “Кетсанг, кет, бўлмаса ҳозир майдалаб ташлайман”, дея қўлида арра билан пўписа қилганлигини айтса”, яна бир жабрдийда Муқаддас Бердиева яшаб турган уйига келадиган йўлни О. Жумаевнинг ўғиллари бекитмоқчи бўлганлигини ва охир натижада ўғли Жасурбек Жумаевга жиддий тан жароҳати етказганлигини таъкидлайди. Қолганини унинг ўзидан эшитайлик:

— 2016 йил 26 сентябрь кечки 21:30 лар чамаси кўчада қўшнимиз Мамадали Зияевнинг қонга беланиб ётганини кўриб қолдим. Воқеа жойида ака-укалар Саидали ва Сирожиддин Жумаевлар бор экан. Биринчи ёрдам кўрсатдим. Тегишли жойларга хабар қилдим. Бу ишимдан ғазабланган ака-укалар хусумат қилишиб, мени ҳам дўппослашди. Оғир тан жароҳати олганим учун ҳозирги кунда бир кўзим кўрмай қолди, — дейди Жасурбек Жумаев.

Асқар Зияев, Майрам Султонова ҳамда Насиба Абдуллаевалар ҳам ака-ука фермерлардан жабр кўришганлигини айтишади.

Шу маҳалла фуқароси Ойимхол  Эронова эса 5 сотих ер майдони О. Жумаев томонидан  ўзлаштириб олингани, ўғли Ўрол Жумаевга ҳашаматли уй қуриб берганлигини айтади. “Ҳақимни талаб қилиб борсам, сенга фермернинг ҳудудидан 10 сотих ер бераман, деб ҳалигача алдайди”, дейди.

Олтинсой туманидаги мутасадди ташкилот раҳбарларининг оммавий ахборот воситаларига нисбатан муносабати аянчли аҳволда. Учала фермер хўжалигининг ер майдонларини кўздан кечириш учун икки кун мобайнида туман ер ресурслари ва давлат кадастри ходимлари билан қувлашмачоқ ўйнадик, десак адашмаймиз. Кадастр бошлиғи Х. Мамараимов билан учрашишнинг эса асло имкони бўлмади. У ҳар гал ниманидир рўкач қилар, хуллас, ҳеч кўриниш берай демасди. 18 июнь куни соат  13:30 ларда туман  ер ресурслари ва давлат кадастрида бўлдик. Тушлик вақти аллақачон тугаб бўлганига қарамасдан идорада ҳеч ким йўқ эди. Залда мутасаддиларни 2-3 чоғли киши кутиб ўтирган экан. Эшиклар ланг очиқ, ҳужжатлар, папкалар полда чангга қоришиб сочилиб ётарди. Компьютерлар ҳам қаровсиз қолдирилган, давлат ва жамият аҳамиятига молик маълумотларни ўзида жамлаган корхона гўёки эгасиз эди. Бу ҳам майли, кадастр биноси қандайдир бир фермерга қарашли намунавий, қурилиши чала битган уйда жойлашган экан. Бирон жойда кадастр биноси жойлашганлигини билдирувчи пештахта йўқ. Билмаган одам кун узоқ айланиб излаб юраверади. Бироз ўтиб, ўзини ҳудудий ер тузувчи деб таништирган Баҳром Боболов келиб қолди. У шикоят-ариза билан боғлиқ саволларимизга жавоб бериш ўрнига аксинча, биздан буйруқ сўради.

“Тўхтамиш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдуваси Қодировнинг муомаласи ўзига яраша. Маҳалла оқсоқолидан 3 кун мобайнида ҳам айрим фуқаролар ҳақида тавсифнома ололмадик. “Маҳаллангиз ҳудудида нечта жиноятчилик содир бўлган”, деган саволимизга муҳтарам оқсоқол, “Бу ишларни ички ишлар билади, шулардан сўранг”, дея лўнда жавоб берди. Маҳалланинг айрим фуқаролари “Маиший газ баллонлари маҳалла маъмурияти томонидан 65-70 минг сўмдан тарқатилаяпти”, деган эътирозларига жавоб топиш мақсадида муҳтарам оқсоқолга савол ташлаганимизда, у киши виқор билан, “42 минг сўмдан тарқатяпмиз, ҳа, энди, йўл харажатлари ҳам ҳисобланади-да”, дея ўзини оқлади. Ташрифимизнинг сўнгги кунида маҳалла участка профилактика нозири Акбар Худойқуловдан маҳалладаги айрим фуқароларнинг ҳулқи ҳақида тавсифнома беришини сўрадик, аммо саволларимизга жавоб ололмадик.

Дарвоқе, тўхтамишликлардан “Нега, бу ерни Тўхтамиш, дейишади”, дея сўрадик. Улар “Айтишларича, Сўфи Оллоҳёр ҳазратлари Вахшиворга ўтишда шу ерга бир тўхтаб ўтган, деган гаплар бор”, дея изоҳлашди. Бу ерда ҳам аслида муборак қадамжолар бор. Ҳар сиқим тупроғи тилло билан тенг. Ерга чўп суқсангиз, униб чиқади. Бепоён  қир-адирлар бағрида турнақатор бўлиб тизилган узумзорларни кўриб кўз қувнайди. Одамлари меҳнаткаш. Қўйиб берсангиз, бутун воҳани боғзорга айлантиришга шай боғбонлар бор. Аммо айрим ғирромликлар сабаб, қишлоқда юзага келаётган келишмовчиликлар ана шу гўзалликларга бироз соя ташлаётгандек, назаримизда. Тўхтамишдаги бу можаролар ҳали бери тўхтамайдиганга ўхшайди. Негаки, қишлоқ аҳли раҳбариятдан адолат истаб турли томонга шикоят-аризалар йўлламоқда. Аммо бундан бирон-бир натижа чиқмаяпти. Бунга нима тўсиқ бўлаётгани бизга қоронғу. Адолатнинг юзага чиқишидан умидини узган ариза муаллифлари эса “Ҳақиқат йўқ экан, буларнинг пишагини “пишт”, дейдиган одам йўқ”, дейишмоқда.

Биз кўрган-билганларимиз ҳақида холис ёздик. Қолганлари мутасаддиларга ҳавола.

Холмуҳаммад
ТОҒАЙМУРОДОВ,
“Сурхон тонги”
Мухбири

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг