Бош саҳифа / Жамият / Сохтакорлик қачонгача давом этади?

Сохтакорлик қачонгача давом этади?

Мен мусиқа ва қўшиқчилик санъатимиз билан фахрланаман. Самарқанддаги “Шарқ таронаси”, Шаҳрисабздаги “Мақом санъати” Халқаро фестивали орқали мамлакатимиз дунёда янада машҳур бўлди.

Лекин тўйларимиздаги сохта санъаткорлар, сохта хонандаларни кўрсам, зардам қайнайди. Бир танишим, ўғлимни уйлантимоқчиман, деб қолди. Яхши-ку, уйингнинг ёнида тўйхона, ташвиш қилмайсан, транспорт харажати бўлмайди, дедим. Шунда дўстим: йўқ, бу тўйхонада тўй қилмайман, бу жойга келган “артист”ларнинг қўшиғини ёдлаб олганман, қайси қўшиқдан кейин қайси қўшиқ айтилишигача.

Хуллас, уйидан 20 километр узоқда жойлашган тўйхонага буюртма бериб, тўйни ўтказди. Бир гал учрашиб қолганимизда, таъби хира бўлиб, деди:

— Ҳамма жойда бир хил қўшиқ. Булар нима бало, келишиб олганми, флешкани темир қутига тиқиб, оғзини қимирлатиб тураверишади.

Дарҳақиқат, илгарилари тўйларга 4-5 нафар хонанда-ю созандалар келиб, фақат жонли ижро этишарди. Ҳозир тўйхонада бўладими, ҳовлидами фарқи йўқ, “артист” — бир киши. Ҳофиз ҳам ўзи, овоз оператори ҳам ўзи, шофёр ҳам ўзи. Диск ёки флешкани темир қутига тиқиб, сиз хоҳлаган хонанданинг қўшиғини фонограмма орқали ижро этиб беради. Энг ёмони, 4 киловватлик 2 метрли оғир колонка-карнайларни бақиртириб қўйиб, етти маҳалланинг тинчини бузади, уйга асабий ҳолда қайтасиз. Ёшларимиз эса сакраб ўйнайверишади ва буни “санъат” деб билишади. Бу энг фожеали томони.

Тўйларимиздаги сохта хонандалар бирор миллий мусиқа асбобини эплаб чалиша олмайдию, фонограмма орқали “қўшиқ” куйлайди. Бугун санъат бизнес, пул топиш манбаига айланди. Хўш буни вилоят маданият бошқармаси, туман маданият бўлимлари назоратга олсалар бўлмайдими?

Тан олиш керак, халқ хизматида юрган, санъатимизни жонли ижрода халққа етказаётган хонандаларимиз бор. Нима эмиш, ёшларимиз мумтоз мусиқа ва қўшиқни хоҳламасмиш. Сиз олдин уларга қойилмақом қилиб куйлаб беринг-чи…

Наҳотки, мумтоз куй-қўшиқлар фақат телевидение ёки радиода ижро этилса? Қани эди, тўйларда хонандаларимиз ушбу қўшиқларни жонли ижро этиб, элимизнинг олқишига сазовор бўлишса. Демоқчиманки, “Сохта санъаткорлар” фаолиятига чек қўйиш вақти аллақачон етиб келган. Гап бир соатлик тўй ёки тадбир ҳақида эмас, келажак авлод маънавияти, болаларимиз, набираларимиз, қолаверса, бебаҳо миллий санъатимиз ҳақида бормоқда.

Бахтиёр ШЕРАЛИЕВ,

Қумқўрғон тумани

19-мактаб ўқитувчиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сариосиёдаги олис тоғли ҳудуд — “Чош”ликлар ҳаётидан ҳикоя

Сариосиё туманининг олис тоғли ҳудудида жойлашган “Чош” маҳалласида 399 та хўжаликда 1610 нафар фуқаро истиқомат …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan