Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сохта банкротлик

Сохта банкротлик

Бозор муносабатларига асосланган ривожланган давлатларда иқтисодий жиноятларга қарши курашиш аллақачон жиддий масалага айланган.

Юртимизда эса жамиятимизнинг тобора бозор муносабатларига боғланиб, тадбиркорлик субъектларининг кўпайиб бораётганлиги ана шу иқтисодий жиноятлар сонининг ўсиб боришига сабаб бўлаётир. Бинобарин, бу турдаги жиноятлар бошқа жиноятлардан ўзининг содир этиш усули мураккаблиги ва бажарувчиларнинг профессионаллиги билан фарқ қилади ҳамда тергов қилишда ҳам юқори малака, билим талаб этади. Сохта банкротлик жинояти ҳам шу турдаги жиноятлар туркумига мансуб бўлиб, суриштирув жараёни бир мунча мураккаб кечади. Шу боис, бундай жиноятларни тергов қилишдан олдин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар мавжуд бўлиб, уларни батафсил ўрганиб, таҳлил қилмагунча натижага эришиб бўлмайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари иқтисодий жиноятчиликка қарши курашда, аввало, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва унинг асосида ишлаб чиқилган мавжуд қонунларни мукаммал даражада ўзлаштирган бўлишлари шарт. Чунки сохта банкротлик билан боғлиқ жиноятни аниқлашда фақат юридик маълумот билангина чекланиб қолмасдан, иқтисодий-молиявий билим ҳам зарур ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2013 йил
14 августда “Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидалари тўғрисида”ги қарор қабул қилинган. Ушбу қоидаларга асосан сохта банкротлик жинояти аломатлари борлигини аниқлаш мақсадида терговчи текширувлар олиб боради ва юридик ташкилотни банкрот деб топиш хўжалик суди томонидан амалга оширилади. Шу масалада тайинланган суд бошқарувчиси мазкур қоидаларда назарда тутилган сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаши ҳамда чоралар кўриши шарт. Суд бошқарувчиси томонидан банкротлик тўғрисида иш қўзғатишда олдинги 2 йилгача бўлган даврдаги фаолият таҳлил қилинади.

Банкротликнинг соддалаштирилган тартиботини амалга оширишда эса суд бошқарувчиси томонидан экспертиза тайинланган тақдирда харажатлар давлат бюджети маблағларидан қопланади.

Қарздорнинг аризасига кўра, банкротлик тўғрисида хўжалик суди томонидан иш қўзғатишнинг барча ҳолатларида сохта банкротлик аломатларини аниқлаш суд бошқарувчиси томонидан амалга оширилади ҳамда кузатув тартиботи жараёнида рўёбга чиқарилади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, сохта банкротлик жинояти бўйича аниқланиши лозим бўлган ҳолатлар фақат битта ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган томонидан эмас, балки шу соҳага дахл дор бўлган бошқа органлар, жумладан, банк, солиқ, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти каби органлар билан биргаликда амалга оширилади. Чунки сохта банкротликни аниқлаш асосан, иқтисодий муносабатлар доирасида вужудга келиб, мураккаб жараённи қамраб олади.

Аҳмадхон Юсупов,
Ўзбекистон Республикаси
Бош прокуратураси
13-бошқарма катта прокурори

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Мен тадбиркор бўлмоқчиман

Тадбиркорлик қилиш учун яратилган шарт-шароит халқимизга берилган катта имтиёз бўлди. Тадбиркорликнинг қайси соҳасига қўл урманг, …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan