Бош саҳифа / Сиёсат / Соддалаштирилган тартиб

Соддалаштирилган тартиб

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган 531-сон қонунига асосан Иқтисодий процессуал кодекси соддалаштирилган тартибда иш юритиш тўғрисидаги боб билан тўлдирилди.

Суд амалиёти таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, даъво суммаси нисбатан кам бўлган ишлар бўйича тарафларда бир-бирларига нисбатан эътирозлари мавжуд бўлмайди, жавобгарлар суд мажлисларида даъво талабини тан олишади, фақатгина молиявий ёки бошқа узрли сабабларга кўра қарздорлик суммаларини тўлай олишмаётганлигини таъкидлашади.

Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаслиги даъво аризалари бўйича ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишнинг энг муҳим омили бўлиб ҳисобланади. ИПКда кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги, шунингдек, корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмаслиги ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шунингдек, даъво аризаси юзасидан ёзма фикр тақдим этилиши мумкинлиги, мазкур ишлар даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда кўриб чиқилиши, ишни кўриб чиқиш муддати узайтирилмаслиги, суд ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқиши, иш бўйича ҳал қилув қарори ихтиёрий тартибда ижро этилиши, иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга кириши, иш бўйича қайси ҳал қилув қарори қонуний кучга киргунига қадар ихтиёрий тартибда ижро этилмаган бўлса, ўша ҳал қилув қарори тарафларнинг илтимосномаси бўйича суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ИПКнинг қоидаларига биноан, суд харажатларини ундиришга тааллуқли қисми эса суднинг ташаббуси билан мажбурий ижро этилиши лозимлиги ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган ишларнинг ўзига хос жиҳатлари бўлиб ҳисобланади. Шу сабабли мазкур ўзгаришлар ишда иштирок этувчи шахсларнинг манфаатлари учун хизмат қилмоқда, десак янгилишмаган бўламиз.

Шу билан бирга таъкидлаш ўринлики, ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш учун даъво аризасини судга тақдим қилишдан олдин унинг нусхаси даъвогар томонидан жавобгарга, албатта, топширилган бўлиши лозим. Бироқ, айрим ҳолатларда жавобгарнинг узоқ масофада жойлашганлиги ёки даъво аризаси нусхасини олишдан бош тортаётганлиги ҳолатлари ҳам учраб турибди. Бу эса даъвогарнинг жавобгарга нисбатан даъво аризасини соддалаштирилган тартибда судга топшириш имкониятидан маҳрум қилади. Айнан мазкур ҳолатларнинг ҳуқуқий асослари ва ечимларини ИПКга киритиш зарурати ҳам айни вақтда пайдо бўлмоқда.

Энг асосийси, соддалаштирилган иш юритиш тартиби ишда иштирок этувчи шахслар ҳуқуқ ва манфаатларининг ишончли таъминланишига, уларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорлиги давом этишига, шартнома интизомининг ўз вақтида таъминланишига, тарафларнинг турли кўринишдаги оворагарчилиги олдини олишга ҳамда одил судловдан рози бўлишига замин яратади.

А.Махаммадиев,
Термиз туманлараро
иқтисодий суди раиси в.в.б

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловга тайёргарлик

Маълумки, сайловга 2 ойдан сал кўпроқ вақт қолди. Мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партиялар ўз электорати ва …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE