Бош саҳифа / Сиёсат / Соҳибқирон дипломатияси

Соҳибқирон дипломатияси

Қадимда кўплаб дипломатик вазифалар ҳукмдорлар ва сулолалар ўртасидаги ниқоблар воситасида ҳал этилган бўлса, баъзилари қарама-қарши томоннинг ташқи ва ички сиёсий манфаатларини ҳимоя қилиш йўли билан ечилган. Бунга мисол тариқасида Амир Темур империясини келтириш мумкин. Қисқа вақт давомида Темур Босфордан Тянь-Шангача ҳамда Уралнинг шимолидан Ҳинд океанигача бўлган турли мамлакатлар ва халқларни бирлаштирган қудратли ҳукмдорга айланади.

Амир Темур дипломатиясининг асосий тамойиллари халқаро муносабатлар ва халқаро ҳуқуқ нормаларига тўла мос тушишини далил ва тадқиқотлар исботламоқда. Соҳибқирон элчи ва элчилик дахлсизлиги тамойилига қаттиқ амал қилган ва ўз мулоқотдошларидан ҳам шуни талаб этган ҳамда “Элчига ўлим йўқ” шиори унинг асосий матлаби бўлган.
Темур тасарруфига олинган мулкларда нафақат элчилар ҳаёти, балки уларнинг моли, от-улови, анжом-ашёлари ҳам дахлсиз ҳисобланган. “Элчларнинг бирор нарсаси йўқолса, ўша жой маъмурлари товон тўлашлари лозим эди” деб ёзади Испания элчиси Клавихо ва давом этади: “Шоҳ ҳузурига борувчиларнинг сафарда кеча-кундуз ёки кун бўйи минишлари учун тегишли жойларда салтанат отлари тайёрлаб қўйилган эди. Бир жойда юзта, бошқа жойда элликта, учинчи бир жойда икки юзта, то Самарқандгача ана шундай отлар шай турар эди…”

Соҳибқирон элчилар харажати учун махсус маблағ ажратишни буюрганди. Темур дипломатиясининг бошқа бир тамойили бу—тузилган битимга ва аҳдга вафо қилиш, унинг шартларига риоя этишдир. Темур қайси бир ҳукмдор билан битим тузса ёки сулҳ-сафога борса, унга матонат билан содиқ қолган.

Темур дипломатиясининг кейинги энг муҳим тамойили — хушмуомалилик, мулоқотдошига назокат ва лутф ойинида бўлишдир. Соҳибқирон дунёнинг турли тарафларига мактублар йўллаб, катта-кичик султонлар, ҳукмдорлар ва ноибларни ўз мулоқотига чорладики, уларнинг қамрови Хуросон, Эрон, Кавказ сарҳадларию бутун Кичик Осиё, Европадан Чин-Мочинга қадар бўлган ўлкаларни ўз ичига олади. Бу мактублардан яна шу нарса аёнки, Амир Темур қайси ҳукмдорга мактуб йўлласа, ўша мамлакат ҳукмдорлари кайфиятига мос сўзлар, шаънига хос бўлган унвонлар танлай билган. Унинг саройидаги мирзолар, жуғрофия, тарих, этнография ва бошқа соҳаларда чуқур билимга эга бўлиб, кенг маълумотлар хазинасини бунёд этганлар.

Хулоса шуки, рақибларига лутф ойинида бўлиш билан ўз душманлари сафини камайтира олган. Марказий Осиё ҳудудида турли хил тарихий даврларда ривожланган давлатлар дипломатиясини, ташқи сиёсий фаолиятнинг услуби ва анъаналарини ўрганиш Шарқ дипломатиясининг чуқур маънавий илдизларини тушуниш учун ўта муҳимдир.

С. ЭРГАШЕВ,
ТерДУ жаҳон тарихи кафедраси ўқитувчиси,
Ў. ОЛИМОВ,
3-босқич талабаси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Сайловлар бош мавзу

Бу йил сайловлар йили. Президентимиз ташаббуси билан 2019 йилнинг 25 июнида 18 боб, 103 моддадан …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE