Соҳа фидойиси

0
48

Вилоят ҳокимлигининг А.Эшмуродов раҳбарлигидаги 2-жамоатчилик назорати гуруҳи аъзоси сифатида воҳамизнинг кўпгина туманларида бўлиб, аҳолининг муаммоларини ўрганишда қатнашаяпман.

Шўрчи туманида хонадонларга уйма-уй кириб, одамларнинг яшаш тарзи билан қизиққанимда, ёлғиз яшовчи кексалар, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда турли офатлар туфайли зарар кўрган хонадонларга меҳр-мурувват кўрсатиб келаётган Қизил ярим ой жамияти туман бўлимининг ҳам қатор хайрли ишларига гувоҳ бўлдик.

Қизил ярим ой жамияти Шўрчи туман бўлими раҳбари Абдуқосим Болтаевга гап йўқ, — дейди Ўзбекистон Қизил ярим ой жамияти вилоят бўлими раҳбари Раҳимқул Акбаров. — 32 йилдан буён шу соҳада фаолият юритиб келаётган Абдуқосим акани соҳанинг академиги, де- йиш мумкин. Ўзининг фидойилиги, касбига бўлган меҳри, одамларнинг оғирини енгил қилишдаги жонбозлиги сабаб ҳам бугун халқ орасида ҳурмати баланд. Шунинг учун ҳам қайсики ташкилотга ёрдам сўраб мурожаат қилмасин, у кишига лаббай деб жавоб бериб, ҳомийликка киришишади. Ташкилот ҳар йили тегишли режаларни ортиғи билан бажаради.

Ташкилотнинг маблағлари асосан, кўнгилли аъзоларнинг бадаллари ва ихтиёрий эҳсонлар ҳисобига шаклланади. Агар ташкилотнинг олиб бораётган иши кўзга кўринмаса, касаллик ёки бошқа тасодифий воқеалар сабаб муҳтожликка дучор бўлган инсонларга кўмак, меҳр-мурувват кўрсатилмаса, бундай идорага “келинг, аъзолик бадали берамиз”, деб кўзи учиб турганлар кам назаримизда. Абдуқосим ака буни яхши билади. Шунинг учун ҳам тумандаги ҳар бир корхона, муассаса ва ташкилотга эринмасдан кириб, уларга орамизда тинч-тотув, бахтиёр турмуш кечираётганлар билан бир қаторда ижтимоий кўмакка муҳтож, оз бўлса-да меҳр-мурувватга эҳтиёж сезадиган оилалар, инсонлар борлиги, уларга ташкилот ажратаётган арзимас маблағ ҳам катта бир суянчиқ бўлиши, ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиши мумкинлигини оқиллик билан тушунтиради.

Бу каби тарғибот ишлари туман Қизил ярим ой жамиятида кўнгилли аъзолар сафининг кенгайишида қўл келаяпти. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, А.Болтаевнинг саъй-ҳаракатлари билан 2002 йилда Испания Қизил хоч жамияти гранти ҳисобидан республикада биринчи бўлиб туманда ягона ижтимоий-ўқув маркази ташкил этилган. Бу марказ замонавий ўқув жиҳозлари, тиббий анжомлар билан таъминланган. Кейинги уч йилда ўқув марказида, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида, ташкилотларнинг 1843 нафар фаол аъзоларига биринчи ёрдам кўрсатиш кўникмалари ўргатилди. Бундан уч йил олдин эса Олий Мажлис ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг “Соғлом фарзанд — юрт таянчи” лойиҳаси асосида 14 миллион сўмлик давлат грантини қўлга киритган. Ўтган икки йил ичида ташкилот томонидан ногирон, эҳтиёжманд кексалар, кўп болали оилаларга 18 миллион сўмлик моддий ёрдам ажратилган, 10 миллион сўмдан ортиқ маблағга кийим-кечак берилган.

Ушбу ташкилот фаоллари доимий равишда тумандаги ижтимоий ҳимояга эҳтиёжи бўлган фуқаролар ҳолидан хабар олиб, уларга тегишлича кўмаклашаяпти. Абдуқосим Болтаев Қизил ярим ой жамияти соҳасидаги хизматлари учун халқаро Н.Пирогов номидаги медаль билан тақдирланган. Ўзгаларга меҳр-мурувват, эҳсон кўрсатишдек хайрли ишларга бош бўлиб келаётган фидойилар элимиз фахридир.

Дўстмурод НОРМУРОДОВ, 
Ўзбекистон Журналистлари ижодий 
уюшмаси аъзоси

ЖАВОБ ҚОЛДИРИНГ:

Илтимос изоҳингизни киритинг
Илтимос исмингизни шуерга киритинг