Бош саҳифа / Иқтисодиёт / Сизга сабр тилайман, ёхуд дабдабалар кимга керак?

Сизга сабр тилайман, ёхуд дабдабалар кимга керак?

Халқимиз азал-азалдан бетакрор миллий анъана, урф-одатларга эга, маънавияти бой халқ. Айниқса, никоҳ, суннат ва бешик, ҳовли тўйларининг ўрни ўзгача. Муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев тўйларимиз ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, —“Биз олдин куёв навкарларни тўйларда кўрар эдик, ҳозир келин навкарлар чиқибди. Бу қандай ҳолат?” дея куюнчаклик билан билдирган асосли фикрларини эшитиб, чуқур ўйга толдим.

Тўғри, яхши ният билан халққа дастурхон ёзмоқ, фарзандларимизнинг камолу бахтини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси. Аммо, тўйлардаги исрофгарчилик, дабдабабозлик, ўзини кўрсатишлар кимларга керак? Никоҳ тўйларида 30 тадан ортиқ бир русумдаги автомашиналар йўлларни тирбанд қилиши, бир-бирларини қувиб ўтишлари йўлда кетаётган йўловчилар ва бош- қа ҳайдовчиларга хавф туғдириши табиий.

Тўйларимизда минг ва ундан ортиқ меҳмон чақиришларни вилоят ҳокими Э. Турдимов ўз маърузаларида кескин танқид қилиб, тўйга ташриф буюрувчилар сони 200 кишидан ортиқ бўлмаслиги мақсадга мувофиқ эканлигини таъкидладилар. Энг ачинарлиси, келин-куёв кенг даврада вальс тушиши, келинларимизнинг очиқ-сочиқ оқ либос кийишлари қайси ота-онага хуш ёқаяпти. Тўйлардаги шовқин-суронларнинг кечгача давом этиши ҳам ҳеч кимга мақбул бўлмаса керак. Бунинг ҳам вақтини чегаралаш фурсати келмадимикан? Ёш йигит-қизларнинг кечгача тўйларда иштирок этиши, отарчи опалар бачкана қилиқлари билан йигитларни ўзига жалб этиши ёшларга ибрат бўлармикин?

Ёшларнинг ота-она олдида, маҳалла-куй олдида озгина бўлсада, ўз қилиқларидан ҳижолат чекишлари, уялишларини охирги пайтларда ҳеч ҳам сезмаяпмиз, бу фожеа эмасми? Ярим йил, нари борса бир-икки йилда келин-куёвларнинг ажрашиб кетишлари, ёш оталарнинг бир-икки фарзанди бўла туриб ёш онани боласи билан ташлаб, бошқа жувонларга қайтадан уйланишларини қандай изоҳлаш мумкин? Наҳотки, оила деган буюк бир иллоҳий неъмат ҳозирги ёш оилаларга ўйинчоқ бўлиб қолган бўлса? Мен ҳамиша қизларимизни Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романидаги Кумушбибига, нафис туйғулар соҳиби, бетакрор шоира Зулфияхонимга ўхшатгим келади.

Биз ўзлигимизни, гўзал ва чиройли либосларимизни қайсидир, ярим-ёрти кийимларга, бой маънавий турмушимизни сабрсизлик, беҳаёлик, оқибатсизлик ва беандишалик ботқоғига кўмишимиз керакми? Миллатимизга, ор-номусимизга хос бўлмаган иллатларга жой бўшатиб беришга ҳаққимиз борми? Йўқ, албатта! Шундай тўйларга бориб қолсангиз, сизга сабр тилайман.

Ш. МАВЛОНОВ,
ЎзМТДП Узун туман Кенгаши раиси

Бошқа маълумотни қидириб кўринг

Бойсундаги М25 конида янги объект очилди

Хабарингиз бор, Президентимиз яқинда вилоятимизга амалга оширган ташрифи чоғида Бойсундаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида …

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

Optimization WordPress Plugins & Solutions by W3 EDGE